МУНОСАБАТ

МУНОСАБАТ

Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси собиқ бошлиғи Асрор Алимардоновнинг видеомурожаати эълон қилинган. Мурожаатчи ишдан ноҳақ бўшатилганлиги, унга вилоят ҳокимлигидан доимий равишда босим бўлиб келганлиги билдирган.

Ушбу юзасидан шуни маълум қиламизки, Қашқадарё вилояти Мактабгача таълим бошқармасининг собиқ бошлиғи Асрор Алимардонов Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 20 сентябрдаги 483-К-сонли буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Унинг эгаллаб турган лавозимидан озод этилишига мазкур буйруқда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-маълумотлар бошқармасининг жиноят иши билан боғлиқ 2021 йил 30 августдаги маълумотномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонунининг 44-моддаси, Меҳнат кодексининг 106-моддаси 4- ва 6-бандлари асос қилиб олинган.

 Шунингдек, мурожаатдаги яна бир важ - Асрор Алимардоновнинг огоҳлантирилмасдан ўрнига бошқа кишини лавозимга тайинланганлиги тўғрисидаги гапи мутлақо асоссиз. Нега деганда, Қашқадарё вилояти Мактабгача таълим ташкилоти ҳамда шаҳар, туман мактабгача таълим бўлими мудири лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали орқали очиқ танловга эълон берилган ва бу танловда бир қанча номзодлар иштирок этган. Талабгор номзод сифатида қатнашган Асрор Алимардонов Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 31 августдаги 3-01/5-2935-сонли хатига асосан Мактабгача таълим вазирлиги ишчи комиссияси суҳбатидан четлаштирилган. Бу ҳолатдан Асрор Алимардонов ўз вақтида хабардор ва шахсан гувоҳ бўлган.

 Ушбу очиқ танловда иштирок этган Қарши шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Норматов Фурқат Пирматович Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 20-сентябрдаги 483-К-сонли буйруғига асосан муносиб номзод тайинлангунга қадар барча молиявий хўжалик ҳужжатларга биринчи имзо чекиш ҳуқуқи билан Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.

 Асрор Алимардонов ўзининг видеомурожаатида соғлиги бўлмаганлиги, тез тиббий ёрдам машинаси олиб кетганлиги ҳамда бетоб бўлиб ётган даврида огоҳлантиришсиз ўрнига раҳбар тайинланганлиги ҳақида ҳам билдирган. Ҳақиқатан ҳам А.Алимардоновга 2021 йил 8 сентябрдан 12 сентябргача, 13 сентябрдан 23 сентябргача, 23 сентябрдан 25 сентябргача Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси 2-оилавий поликлиникаси томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган.

Аммо масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Далилларга эътибор қаратадиган бўлсак, А.Алимардонов 2021 йил 10 сентябрь куни Қарши туманидаги 12-давлат мактабгача таълим ташкилотининг ошхонасида текширув ўтказган.


Бундан ташқари, 2021 йил 13 сентябрь куни вилоят Мактабгача таълим бошқармасида онлайн платформада ZOOM орқали аутсорсинг танлови ўтказилиб, ушбу танловда А.Алимардонов шахсан иштирок этган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда ёритилган.

Шунингдек, 16 сентябрь куни А.Алимардонов мактабгача таълим тизимида фаолият кўрсатаётган 6 нафар ходимларга тўлов-контракт асосида олий таълим муассасаларида ўқиши учун берилган Мактабгача таълим вазирлигининг тавсияномаларини тантанали равишда топширган.

Қолаверса, А.Алимардоновга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган даврда унинг имзоси билан бир қанча ташкилотларга хатлар чиқарилган.

Хўш, шундан кейин ҳам уни “бетоб” ёки “соғлиги ёмонлиги”га ишониш мумкинми? Бундан келиб чиқиб, А.Алимардонов меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган даврда тўлиқ ишда бўлган, деган хулосага келиш мумкин.

Видеомурожаатдаги важлардан бири - А.Алимардоновнинг ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқда Мактабгача таълим вазирининг имзоси йўқлиги хусусидаги важ. Буйруқнинг асли ходимга тақдим этилмаслиги, унга буйруқ нусхаси берилиши Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 108-моддасида келтирилган.

Видеомурожаатда шунингдек, А.Алимардонов айби бўлмасада ноҳақ ишдан бўшатилганлигини такрор ва такрор таъкидлаб ўтган. А.Алимардоновнинг иш фаолияти давомида қандай хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги, хусусан, у раҳбарлик қилган даврда тизимда кўплаб номутахассис ходимларни фаолият олиб боришига йўл қўйганлиги, яна бошқа қатор таъбир жоиз бўлса, қўпол ва тизим фаолиятига таъсир этувчи ҳаракат ва камчиликларга йўл қўйганлиги бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда ва албатта, ҳуқуқий баҳо берилади.

Шу ўринда, видеомурожаатдаги яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш керак. А.Алимардоновнинг фаолияти давомида вилоят ҳокимлиги томонидан тазйиқ ўтказилганлиги тўғрисидаги важларни келтириб ўтган. Аммо бу важлар асосга эга эмас. Ҳолбуки, унинг лавозимдан озод этилиши иш берувчи, ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилган. 

Report Page