МУНОСАБАТ
Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизматиИжтимоий тармоқларда “БОЛАЛАРДА НИМА ГУНОҲ?” сарлавҳали мақола эълон қилинган бўлиб, унда Шаҳрисабз туманидаги 21-Давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилишидаги камчиликлар хусусида сўз боради.
Ҳолат вилоят ҳамда туман мактабгача таълим бўлими масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.

Ўрганиш юзасидан шуни маълум қиламизки, Шаҳрисабз туманидаги 21-Давлат мактабгача таълим ташкилоти, Қиёмшайх маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган бўлиб, қуввати 120 ўринли. Мазкур таълим ташкилоти 2020 йил 10 январдаги “2020 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4565 сонли қарорига асосан 2 миллиард 600 миллион сўмдан ошиқроқ маблағга реконструкция қилинган.
Таъмирлаш ишлари “23-Механизациялашган кўчма колонна” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган бўлиб, қурилишдаги хатоликлар, хусусан, ҳаво алмашиш тешикларининг ёпилиб қолиши натижасида 1-қаватдаги 3 та хонадаги полларда чириш жараёни кузатилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш масаласи кўриб чиқилди.
Айни кунларда 3 та хонанинг пол қисми қурувчи – “23 механизациялашган кўчма колонна” масъулияти чекланган жамияти томонидан алмаштириб берилмоқда.











