МУАЛЛИМЛАРГА
Каримберди ТўрамуродЭнди юкингиз оғир бўлади...

Ҳар йили “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” арафасида қалбимиз муаллимларимизга, устозларимизга бўлган меҳру-муҳаббат билан тўлиб-тошади. Уларга қалбимиз тубидаги энг қайноқ ҳисларимизни изҳор этгимиз келади. Шоирлар ашъор тўқишади, хонандалар қўшиқлар куйлашади.
Бу йилги байрам арафасида эса, қалбларимизда ўзгача ҳислар, ҳадик ва хавотир ҳукмрон...
Устозлар, мураббийлар ҳақида сўз юритар эканмиз, энг аввало, кўз ўнгимизга илк бора қадам қўйган мактабимиз, биз ўқиган синфхона, ўқитувчимиз қўлимизга илк бор тутган китоблар келади. Синфдошларнинг шодон қийқириқлар қулоғимизга эшитилгандек бўлади. Устозларимиз меҳрининг тафтини қалбимизда ҳис қиламиз.
Аммо бугун истаймизми, истамаймизми, албатта, ҳамма гапнинг адоғи битта мавзуда тўхтайди: коронавирус!
Етти ойдирки, Ўзбекистонда ҳам шу ярамас вирус туфайли карантин эълон қилинган, мактаблар ёпилган. Ҳамма нарса карантин талабларига мосланди. Ҳамма шу шароитга кўникди, мослашди. Ўқитувчилар ҳам дарс беришнинг масофавий шакли – онлайн сабоқларга ўтишди. Ким ўқиди, ким ўқимади, бошқа масала.

Аммо ўтган даврда болалардан ҳам ота-оналар мактаблар очилишини кўпроқ истаб қолгани сир эмас. Яшириб нима қилдик, ота-она ўз боласининг кун бўйи уйда қолишидан чарчади, боласининг тўполонларидан безор бўлди.
– Буларнинг мактабда бўлгани яхши экан, миямнинг қатиғини чиқариб юборди, – дейди ота.
– Бирор нарсани қўйган жойимдан тополмай қолдим, қачон мактаб очила қоларкан? – дейди она.
Мана, секин-аста мактаблар ҳам очилаяпти, ота-оналар хурсанд! Чунки боласини муаллимлар ярим кун андармон қилади-да. Ўзлари эплаб бир ҳарф ўргата олмаган болаларига энди муаллимлар сабоқ беради. Ўзлари эплай олмаган болаларига устозлар тарбия беради.

Аммо кўнглимизда бир хавотир бор, у ҳам бўлса, муаллимларнинг анчагинаси коронавирус юқтириб олган, Худо кўрсатмасин, болаларга юқса, нима бўлади?
Болалар ҳеч қачон катталардек ўзини ҳам, бошқаларни ҳам эҳтиёт қилмайди, карантин қоидаларига риоя қилмайди. Бола барибир бола-да, бир-бири билан қувлашади, ўйнайди, жўраси билан, дугонаси билан ҳеч қачон масофа сақламайди.
Агар коронавиурс болаларга юқса, бу вирус туфайли шу пайтгача биз гувоҳи бўлган ҳолатлар, энг ёмони, йўқотишлар ҳеч нарса бўлмай қолади!

Самарқанднинг ўзида янги очилган 1080 ўринли госпитал (“Манеж”) тўлиб, касалга чалинганларни туманларга жўнатиб туришган таҳликали бир пайтда мактабларни очиш жуда-жуда хато иш бўлди. Хавфли иш бўлди! Эртага болалар орасида ўлим кўпайиб кетса, мактабни очишни талаб қилган “каттакон” нари борса, ишдан олинади, аммо болаларни ким ҳаётга қайтара олади?
Азиз устозлар, мураббийлар, муаллимлар! Бугунги хатарли кунларда сизнинг гарданингизга тушадиган юк ҳар қачонгидан ҳам оғир ва масъулиятлидир. Кимгадир мактабларни очиш керак бўлибди, очди! Энди сиз эҳтиёт бўлинг! Ўзингизни бошқалардан ва, энг қийини, бошқаларни ўзингиздан эҳтиёт қилинг!
Энди болалар ота-онасидан кўра, кўпроқ сизлар билан бирга бўлади, азиз муаллимлар. Шунинг учун ҳам сизларга тушадиган масъулият юки энди оғир бўлади. Шарафли жойи шундаки, кўплаб ёшлар ота-онасига, уларнинг панд насиҳатига қулоқ солмасликлари мумкин, аммо сизга қулоқ солади, азиз устозлар. Шунинг учун ҳам доно халқимиз “Устоз отангдан улуғ”, дейди.
Александр Македонскийнинг “Отам мени ерга туширди, устозим эса осмонга учирди”, деган сўзлари нақадар ўринли айтилган. Азиз устозлар, сиз ўз шогирдларингизни осмонларга учиринг! Уларнинг елкаларида Ўзбекистон байроғи бўлсин!
Ер юзида яшаётган салкам саккиз миллиард одам ичидан битта ўзбек йигити Ўзбекистон байроғини кўтариб, стадионни, кураш майдонини, бокс рингини бир айланиб чиқишини кўз олдингизга келтиринг!
Саккиз миллиард одамнинг ичидан битта ўзбек йигити шарафига Олимпиадада Ўзбекистон мадҳияси жаранглаганини бир эсланг!
Ана ўша дамларда қайсимизнинг кўзимизга икки томчи ёш келамаган?
Ана ўша йигит Сизнинг шогирдингиз! Ана ўша йигитни саккиз миллиард одамнинг ичидан энг юксак поғонага олиб чиққан мураббий, аслида, Сизсиз!
Йигит-қизларимизни фан олимпиадаларида, математика, физика, химия фанлари бўйича Халқаро мусобақаларда олтин медалларга сазовор қилган ҳам, аслида, Сизсиз!
Ўқувчи ёшида китоблари чоп бўлган қизчаларнинг кўксига Зулфия мукофотининг нишонини таққан ҳам, аслида, Сизсиз!
Дунёга овоза бўлган кашфиёт қилган ўқувчиниг ҳам устози Сизсиз!

Яна битта гап: энди ўқувчиларингиз кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган барча балларни тўплаб ҳам олий ўқув юртларига киролмаяпти. Энди мелисанинг, ҳарбийнинг, прокурорнинг, судьянинг, қарангки, солиқчининг ҳам боласи сиз заҳмат билан ўқитган ўқувчингиз ўрнида давлат ҳисобидан ўқийди. Худди олдинлари уларнинг боласи ўқиёлмай юргандек! Келаси йилдан божхоначининг, фавқулодда вазиятчининг, ҳокимларнинг, банкчиларнинг, молиячиларнинг болаларига бу имтиёз берилса, ҳайрон бўлманг! Энди сиз оддий халқнинг боласини ДТМ деган алвастиси йўқ, имтиёз деган сеҳрли таёқчаси йўқ, аммо адолат, ҳақиқат деган нарсалари бор мамлакатлардаги олийгоҳларга тайёрлашингизга тўғри келади. Энди ана шу мамлакатларнинг тилини кўпроқ ўргатишингиз лозим бўлади.

Аммо ҳаргиз болаларга ўқишга киришнинг йўли, бахтли яшашнинг бирдан-бир йўли фақат мелиса, прокурор, судья, солиқчи, божхоначи бўлиш, деб ўргатманг! Чунки халқни боқадиган улар эмас! Улар халқнинг ҳисобидан яшайдиганлар, жойи келса, халқнинг кўзини ўядиганлардир! Уларнинг кимлигини Президент айтиб қўйган! Аммо, начора, имтиёзни ҳам бериб қўйган...Ўзбекистон ёшларини етук, энг муҳими, ҳалол инсонлар қилиб тарбиялашдек заҳматли ишингизда, энг аввало, уларни соғ-саломат асраш, балолардан сақлашдек ўта оғир ишда Сизларга сабру-бардош, матонат тилайман!
Байрамингиз муборак бўлсин, Сизларга таъзимдаман, азиз устозлар!

Каримберди Тўрамурод