МУҚАННА КИМ БЎЛГАН?

МУҚАННА КИМ БЎЛГАН?

Mubashshir Ahmad

Кейинги асрларда нашр этилган деярли барча тарих китобларида Муқаннани ўзбек халқининг қаҳрамони, миллий-озодлик ҳаракати йўлбошчиси сифатида талқин этиб келинди. Муаррихлар ёзганидай, у қаҳрамонмиди? Агар бу гаплар тўғри бўлмаса, аслида бу одам ким эди?

Муқанна ҳақида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да жумладан, бундай маълумотлар келтирилган: «Муқанна (тахм. 719, Марв яқинидаги Коза қишлоғи – 783, Шаҳрисабз) Мовароуннаҳрда Араб халифалиги ҳукмронлигига қарши кўтарилган озодлик ҳаракатининг бошлиғи (8-асрнинг 70-80-йиллари)... 59 йилда Хуросон амири Абдулжабборнинг халифага қарши исёнида қатнашгани учун зиндонга ташланган. Бир неча йилдан сўнг зиндондан қочган. 69 йилда Марвга қайтиб келган, шу йилдан умрининг охиригача Мовароуннаҳрда Араб халифалигига қарши кўтарилган халқ ҳаракатига бошчилик қилган (қаранг: Муқанна қўзғолони). У маздакийлик таълимотини тарғиб қилган. Қўзғолон мағлубиятга учрагач, ўзини олов ёниб турган тандир ичига ташлаб, ҳалок бўлган...» («Ўзбекистон миллий энциклопедияси», 6-жилд, 174–175-бетлар).

Энди Муқаннанинг ким экани ҳақидаги бошқа илмий маълумотларга мурожаат қилайлик: холис тарихчиларнинг сўзига қараганда, халифа Муҳаммад Маҳдий ибн Мансур (ҳукмронлиги ҳижрий 158 – 169, милодий 774 – 785) даврида Мовароуннаҳрда Муқанна исмли бир исёнкор бош кўтариб чиқиб, ўзига эргашган кўплаб одамларни ҳақ йўлдан оздирган эди. Бу ҳақда машҳур тарихчи Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» асарида, Иброҳим ва Муҳаммад ибн Жарир Табарийлар «Ахбори Муқанна» китобларида қуйидаги маълумотларни келтиришади:

«Муқанна Марв атрофидаги Коза деган қишлоқдан бўлиб, номи Ҳошим ибн Ҳаким эди. У илгари кудунгарлик (газламага пардоз бериш) билан шуғулланарди. Кейин илм ўрганишга киришиб, кўзбўямачилик, сеҳргарлик ва тилсим илмларини ўрганди. Кўзбўямачиликни яхши эгаллаб олиб, пайғамбарлик даъвосини ҳам қилди ва уни Маҳдий ибн Мансур ҳижратнинг бир юз олтмиш еттинчи йилида (милодий 783–784) ўлдирди. Муқанна кўзбўямачиликни ўргангач, ғоят зийрак бўлгани учун қадимги олимларнинг бу мавзудаги кўплаб китобларни ўқиган ва жодугарликда бошқаларга устоз ҳам бўлган эди. Унинг отаси Ҳаким Балхдан чиққан бўлиб, Абу Жаъфар Давонақий давридаги Хуросон амирининг лашкарбошиларидан эди.

Ҳошим ибн Ҳакимни Муқанна (ниқобли) дейишларига сабаб шу эдики, у жуда хунук, боши кал ва бир кўзи кўр бўлганидан ҳамиша боши ва юзига кўк матодан ниқоб тутиб юрар эди. Муқанна Аббосийлар даъватчиси Абу Муслим замонида Хуросон лашкарбошиларидан бири эди, У Абдулжаббор Аздийга вазир бўлди ва пайғамбарлик даъвосини қилди, бир қанча вақт шу даъвосида турди. Абу Жаъфар Давонақий одам юбориб, уни Марвдан Бағдодга олдириб келди ва бир неча йил давомида зиндонда тутиб турди. Шундан кейин у зиндондан қутулиб, яна Марвга қайтиб келди ва одамларни йиғиб: «Менинг ким эканимни биласизларми?» деб сўради. Одамлар: «Сен Ҳошим ибн Ҳакимсан», дейишди. У: «Янглишдинглар, мен сизларнинг ва бутун оламнинг худосиман» (наузубиллаҳ), ўзимни қандай ном билан аташни истасам, шундай атайвераман, халққа ўзимни Одам (Ато) суратида, кейин Нуҳ суратида, кейин Иброҳим суратида, кейин Мусо суратида, сўнг Исо суратида, кейин Муҳаммад мустафо суратида, кейин Абу Муслим суратида кўрсатган зотман, энди эса мана ўзингиз кўриб турган кўринишдаман», деди. Одамлар: «Бошқалар пайғамбарлик даъвосини қилган эдилар, сен эса худолик даъвосини қиляпсан», дейишди. Муқанна: «Улар нафсоний эдилар, мен эса руҳонийман ва уларнинг таналари ичида эдим, менда шундай қудрат борки, ўзимни қандай суратда кўрсатишни истасам, шундай суратда кўрсата оламан», деди.

Муқанна ҳар бир вилоятга нома ёзиб, ўзининг даъватчиларига буларни етказишни топширди. Номада қуйидаги гапларни ёзди: «Раҳмли ва меҳрибон тангри номи билан. Саййидлар саййиди Ҳошим ибн Ҳакимдан фалончи ўғли фалончига. Ҳамд худога бўлсин, ундан бошқа худо йўқ. У Одамнинг ҳам, Нуҳ, Иброҳим, Исо, Мусо, Муҳаммад ва Абу Муслимларнинг ҳам худосидир.

Сўнгра (сўз шуки), қудрат, эгалик, иззат ва ҳужжат Муқаннаникидир; менга иймон келтиринг ва билингки, подшоҳлик менга хос (лаънаҳуллоҳ), азизлик ва худолик меники, мендан бошқа худо йўқ (наузубиллаҳ), ким менга иймон келтирса, жаннат ўшаники, ким менга иймон келтирмаса, дўзах уникидир».

У ҳали Марвда турган вақтидаёқ ҳар ерга даъватчиларини юборди ва кўп кишиларни йўлдан оздирди. Марвда араблардан Абдуллоҳ ибн Амин исмли бир киши бор эди, у Муқаннага иймон келтирди ва қизини унга хотинликка берди. Ана шу Абдуллоҳ Жайҳундан ўтиб, Нахшаб ва Кеш шаҳарларига келди ва у ерда халқни лаънати Муқаннанинг «дини»га чақириб, кўп кишини йўлдан оздирди. Бундай адашганлар Кеш шаҳри ва унинг қишлоқларида кўпроқ эди. Дастлаб Муқанна «дини»га кирган ва уни юзага чиқарган жой Кешнинг Субах қишлоғи бўлиб, бу ер аҳолисининг улуғи Умар Субахий эди. Субахликлар қўзғолон кўтаришди. Уларнинг амири араблардан покдомон бир киши эди, уни ўлдиришди. Сўғднинг кўпчилик қишлоқлари Муқанна «дини»га кирди. Бухоро қишлоқларидан ҳам кўп кишилар кофир бўлиб, кофирликларини ошкор қилишди. Охири бу фитна ниҳоятда кучайиб, мусулмонлар учун қаттиқ бало бўлди: муқанначилар карвонларнинг йўлини тўсар, қишлоқларни талар ва ҳамма ерда вайронагарчиликлар қилишар эди.

Муқаннанинг Хуросондан Мовароуннаҳрга бориши сабаби бундай эди: Муқанна воқеасининг хабари Хуросонга ёйилгач, Хуросон амири бўлган Ҳумайд ибн Қаҳтаба уни тутишга буюрди. Муқанна эса қишлоғидан қочиб кетиб, турли жойларда беркиниб юрар эди. Охири Мовароуннаҳр вилоятида кўп киши унинг «дини»га киргани ва шу «дин»нинг у ерларда кенг тарқалгани Муқаннага маълум бўлди ва у Жайҳундан ўтишга қасд қилди. Хуросон амири: «Жайҳун дарёси соҳилида уни соқчилар пойлаб туришсин», деб буюрган эди. Муқанна Жайҳун дарёсидан ўтмоқчи бўлса уни тутиб олиш учун юзта отлиқ аскар Жайҳун қирғоғини, юқори ва қуйи томонини мунтазам назорат қилиб турди. Муқанна ўттиз олти киши билан Жайҳун дарёси лабига келиб, ўзлари тайёрлаган солда Жайҳундан ўтди ва Кеш вилоятига борди. Бу вилоят Муқаннага бўйсунди ва халқ унга рағбат қилди. Шу вилоятдаги Сом тоғи тепасида ғоятда мустаҳкам бир ҳисор (қалъа, ўралган жой) бўлиб, унда оқар сув, дарахтлар ва экин ерлари бор эди. Бу ҳисор ичида ундан ҳам мустаҳкамроқ яна бир ҳисор бўлиб, Муқанна уни таъмирлашга буюрди ва уни тузатишди. Муқанна у ерга кўплаб мол-ашёлар ва беҳисоб озиқ-овқат йиғди. Ҳимоя қилишга соқчилар тайинлади. Муқаннанинг издошлари оқ кийим кийгани учун улар «оқ кийимлилар» деган ном олди. Оқ кийимлилар кўпайиб кетди ва мусулмонлар уларга қарши тадбир қўллашдан ожиз қолишди. Бунинг овозаси халифалик пойтахти Бағдодгача етиб борди. Ўша вақтда Маҳдий халифа эди. У бўлаётган фитнадан қаттиқ қайғуриб, Муқаннага қарши курашиш учун катта лашкар юборди ва охири бу фитнани даф қилиш мақсадида ўзи ҳам Найсобурга (Нишопур) келди. Маҳдий ушбу фитна сабабли Ислом дини хароб бўлиши, Муқаннанинг «дини» бутун дунёга тарқалишидан хавфда эди.

Муқанна мажусий туркларни ёрдамга чақирди ҳамда мусулмонларнинг қони ва молини улар учун ҳалол қилиб ҳукм чиқарди. Туркистондан талончилик таъмасида кўп лашкар келди. Улар вилоятларни талар, мусулмонларнинг хотин ва болаларини асир қилиб олар, ўлдиришар эди. Улар дастлаб Бухорода пайдо бўлишди. Муқаннанинг ҳаммаслаклари бўлган оқ кийимлилардан бир гуруҳи Нумижкат деган бир қишлоққа бориб, кечаси масжидга киришди ва муаззин бошлиқ ўн беш кишини ўлдиришди. Сўнгра бутун қишлоқ аҳолисини қатлиом қилишди. Бу воқеа ҳижрий бир юз эллик тўққизинчи йилда (милодий 775–776) содир бўлди. Бу пайтда Бухоро амири Ҳусайн ибн Маоз эди.

Бухоролик Ҳаким ибн Аҳмад, Фузайллик лашкарбошилардан Ҳашвий ва Боғий, Ғиждувондан Гирдаклар Муқанна тарафдорларининг етакчиларидан эди. Учала лашкарбоши ҳам урушқоқ кишилар бўлиб, айёрлик, босқинчилик ва ўғриликда ном чиқаришган эди. Уларнинг қишлоқ аҳолисини қатлиом қилгани хабари шаҳарга етгач, Бухоро аҳолиси тўпланиб амирнинг олдига бориб: «Бу оқ кийимлилар билан албатта жанг қилишимиз керак», деди.

Бир юз эллик тўққизинчи йил ражаб ойида (776 йилнинг апрель-майи) Ҳусайн ибн Маоз лашкари билан, Бухоро қозиси Омир ибн Умар ибн Имрон Бухоро аҳолиси билан бирга жангга чиқиб, Наршах (ҳозирги Наржақ) қишлоғига боришди ва оқ кийимлилар қаршисида лашкаргоҳ тузишди.

Шунда Бухоро қозиси: «Биз уларни ҳақ динга чақирамиз, улар билан урушиш биз учун муносиб эмас», деди. Кейин қози яхши тадбиркор одамлар билан бирга уларни ҳақ динга чақириш учун қишлоққа кирди. Оқ кийимлилар: «Биз сизлар айтаётган нарсаларни билмаймиз» деб, кофирликларини кун сайин кучайтиришди ва насиҳатни қабул қилишмади. Шундан кейин кескин жанг бошланиб кетди. Оқ кийимлиларга биринчи ҳамла қилган киши араблардан Наъим ибн Саҳл бўлди. У жасорат билан жанг қилиб, бир қанча одамни ўлдирди ва охири ўзи ҳам ҳалок бўлди. Жангда оқ кийимлилар енгилди, улардан етти юз киши ўлдирилди ва қолганлари қочишга улгуриб қолди.

Эртасига тонг отгач, оқ кийимлилар элчи юбориб мусулмонлардан омонлик сўрашди ва: «Биз мусулмон бўлдик», дейишди. Мусулмонлар улар билан сулҳ тузиб, сулҳнома ёзишди ва уларга бундан буён йўлтўсарлик қилмаслик, мусулмонларни ўлдирмаслик, ўз қишлоқларига тарқалиш, амирларига бўйсуниш шартларини қўйиб, худо ва пайғамбар аҳдини уларга маҳкам юклашди. Шаҳарнинг ҳамма катталари сулҳномага қўл қўйишди.

Мусулмонлар қайтиб кетгач, улар аҳдларидан қайтиб, яна йўлтўсарлик билан машғул бўлишди. Улар мусулмонларни ўлдиришар ва экинларини пайхон қилишар эди. Мусулмонларнинг иши қийинлашди. Халифа Маҳдий вазири Жаброил ибн Яҳёни Муқаннага қарши жанг қилиш учун юборди. У Бухорога келиб, Муқаннага қарши уруш бошлаш учун Дарвозаи Самарқандда лашкаргоҳ қурди. Ҳусайн ибн Маоз унинг олдига бориб: «Сен оқ кийимлиларга қарши урушда менга ёрдам бер, бу ишдан бўшагач, биз сен билан бирга Муқаннанинг ўзига қарши уруш қиламиз», деди.

Жаброил бу таклифни қабул этди-да, лашкарини оёққа турғизиб, Наршах қишлоғига борди. Қишлоқ атрофига ҳандақ қазишга буюриб, ҳандақ ичини лашкаргоҳ қилди; оқ кийимлилар кечаси ҳужум қилиб қолмасинлар деб лашкарга ҳушёр бўлиб туришни тайинлади. Худди у айтгандек бўлиб чиқди: оқ кийимлилар дастлабки кечадаёқ қишлоқдан чиқиб ҳужум қилишди ва катта талафот етказишди. Бухоро амири Ҳусайн ибн Маоз Жаброилга кўп меҳрибонлик кўрсатиб, ундан уруш тамом бўлгунича Кешга кетмай, Бухорода туришни сўради.

Жаброил урушни бошлаб юборди. Тўрт ой мобайнида эртаю кеч узлуксиз жанг бўлди, оқ кийимлилар ғалаба қозона бошлашди. Мусулмонлар чорасиз қолиб, тадбир излашга тушишди. Молик ибн Форим: «Мен бир тадбир кўрсатаман», деди-да, лашкаргоҳдан то ҳисор деворигача ариқ кавлашга буюрди ва у ерга қуролли кишиларни юбориб қанча жой кавласалар уни чўп, қамиш ва тупроқ билан мустаҳкамлаб беркитиб боришга буюрди. Шу тарзда ҳисор девори тагигача қазиб борилди ва девор остини эллик газ миқдорида кавлаб, устунлар қўйиб маҳкамланди. Эллик газ жой кавланиб бўлгач, уни ўтин билан тўлғазиб, нефть сепишди-да, устунлар ёниб, қўрғон девори йиқилиши учун ўт қўйиб юборишди. Аммо олов ёнмади, чунки олов ёниши учун унга шамол тегиши керак, ҳисор ичида эса шамол ўтадиган йўл йўқ эди. Ҳисорнинг таги кавланган минорасига палахмонларни тўғрилаб қўйиб тош отган эдилар, тешик очилиб шамол чиқишга йўл топди, олов олиб устунлар ёнди ва ҳисор деворининг эллик газча жойи йиқилди.

Мусулмонлар қиличбозликка киришиб, кўп кишини ўлдиришди. Қолганлар омонлик тилаб, илгариги аҳдномага мувофиқ мусулмонларни ранжитмаслик, қишлоқларига қайтиб кетиш, улуғларини халифа олдига юборилишига рози бўлиш ва ўзлари билан бирга қурол-яроғ олиб юрмаслик шартлари билан сулҳ тузишди ва қишлоқдан ташқари чиқиб ҳандақдан ўтишди.

Аммо уларнинг кўпи қуролларини яшириб қўйган эди. Жаброил оқ кийимлиларнинг йўлбошчиси бўлган Ҳакимни ўғли Аббосга топшириб: «Буни олиб бориб саропардага кирит ва яширин равишда ўлдир», деди. Унинг амрига мувофиқ иш қилиб, Ҳакимни саропардага олиб бордилар. Оқ кийимлилар узоқдан кўриб туришган эди. Жаброил саропардага борган эди, оқ кийимлилар Ҳакимнинг дўсти бўлган Ҳашвийни юбориб, у орқали Жаброилга: «Биз Ҳакимни олмасдан кетмаймиз», дейишди.

Ҳашвий янги этик кийган эди. У Жаброилга шу сўзларни айтиб турган эдики, Жаброилнинг ўғли Аббос келиб: «Ҳакимни ўлдирдим», деди. Жаброилнинг буйруғи билан дарҳол Ҳашвийни отдан тушириб қатл этишди. Оқ кийимлилар қичқиришганча қуролларини қўлга олишди ва жанг бошланиб кетди. Жаброил бутун лашкарини отга минишга буюрди. Илгаригидан шиддатлироқ уруш бўлди. Қаттиқ урушишди ва охири оқ кийимлилар яна енгилиб, улардан кўп киши ўлдирилди, тирик қолганлари қочди.

Наршах қишлоғининг ҳукмдори бир хотин киши эди, эрининг исми Шараф бўлиб, у Абу Муслимнинг лашкарбошиси бўлган ва марҳум Абу Муслим уни ўлдирган эди. Бу хотинни Жаброилнинг олдига олиб келишди. У билан амакисининг бир кўр ўғли бирга келди, у бағоят палид ва бадкирдор кимса эди. Жаброил хотинга: «Абу Муслимнинг гуноҳидан кеч!» деди. Хотин: «Абу Муслим деб мусулмонларнинг отасига айтилади, менинг эримни ўлдиргандан кейин у мусулмонларнинг отаси бўладими?!» деди. Жаброилнинг буйруғи билан хотин белидан икки бўлиб ташланди ва амакисининг ўғли ҳам ўлдирилди.

Ҳакимнинг лашкарбошиларидан бири Гирдак Муқаннанинг олдига кетди. Яна бир лашкарбоши Боғий эса урушда ўлдирилди. Жаброил Сўғд оқ кийимлиларининг дилига қўрқинч солиш учун ўлдирилган бошлиқларининг калласини Сўғдга олиб борди. Сўғд аҳолисига Муқаннанинг лашкар бошлиқларидан Сўғдиён исмли бир киши амир бўлган эди, Сўғд аҳолиси у билан иттифоқчи эди. Жаброил Сўғд аҳолиси билан кўп урушди ва охири Бухоро аҳолисидан бир киши Сўғдиённи ўлдирди ва бу қавм тарқалиб кетди. Жаброил у ердан Самарқандга борди ва то Маоз ибн Муслим Хуросонга амир бўлгунига қадар турклар ва оқ кийимлилар билан уруш олиб борди.

Сўғдда оқ кийимлилар кўп эди, турк лашкари ҳам кўп келган эди. Ҳирот амири юртидан ўн мингта қўй олиб келган эди, уларни ўзи билан бирга олиб юрди. Маоз ибн Муслим унга: «Душманимиз бўлган турклар бу ерда бизга яқин жойда туришибди, улар қўйни яхши кўришади, бу қўйларни Бухорода қолдир ёки менга сот, мен уларни лашкарга тақсимлаб берайин!» деган эди, у рози бўлмади. Турк аскарларидан бир тўдаси чиқиб, ҳужум қилди-да, ҳамма қўйларни Арбинжон билан Зармон ўртасидаги бир манзилга олиб кетди. Турклар кетидан лашкар борган эди, уларнинг ҳам баъзиларини ўлдиришди, баъзилари эса мағлубиятга учраб қайтиб келишди.

Маоз ибн Муслим Сўғд ва Самарқандга бориб, турклар ҳамда оқ кийимлилар билан икки йилгача уруш қилди, унда гоҳ у ва гоҳ бу томон ғалаба қозонар эди. Икки йилдан кейин у Хуросон амирлигидан истеъфо берди ва Мусайяб ибн Зуҳайр ал-Забий Марвда бир юз олтмиш учинчи йил жумодул-аввал ойида (милодий 780 йилнинг январь-феврали) Хуросон амирлигига тайин қилинди ва ўша йили ражаб ойида Бухорога келди. Бухоро амири Жунайд ибн Холид уни Хуросон амири Хоразмга юборди.

Бу пайтда Муқанна ҳисорда Сўғд, Кеш ва Нахшаб деҳқонларининг қизларидан иборат юз нафар хотин билан бирга эди. Муқаннанинг шундай одати бор эди: қаерда хушрўй хотин бўлса, бундан хабар топиб, уни дарров олдириб келар ва ўзи билан бирга сақлар эди. Ҳисорда у билан бирга шу хотинлар ва ахталанган хос қулдан бошқа ҳеч ким бўлмас эди. Ҳирот амири бўлмиш Саъид катта лашкар билан Муқанна ҳисорининг дарвозасига келиб қўнди, уйлар ва ҳаммомлар қуриб, ёзин-қишин шу ерда турди. Ҳисор ичида чашма, дарахтлар ва экинзорлар бор эди. Муқаннанинг хос кишилари ва сипоҳсолорлар кучли лашкар билан ҳисор ичида эди. Ҳисор ичкарисида, тоғ тепасида яна бошқа бир ҳисор бўлиб, у ҳисорга киришга ҳеч кимга йўл йўқ эди. Муқанна ўша хотинлар билан шу ҳисорда турар эди. У одатига кўра ҳар куни ўша хотинлар билан бирга овқатланар ва улар билан ўтириб шаробхўрлик қиларди. Шу тахлитда у ўн йил ҳаёт кечирди. Охири Ҳирот амири уни мушкул аҳволга солиб қўйди, Муқанна лашкарлари тарқалиб кетди, ҳисорда бўлган сипоҳсолор эса ҳисор дарвозасини очди ва таслим бўлиб ташқарига чиқди ҳамда Ислом динини қабул этди. Мусулмонлар ҳисорни олишди. Муқанна ички ҳисорни сақлаб қололмаслигини тушунди.

Кеш деҳқонларидан Абу Али Муҳаммад ибн Ҳорун бундай деган: «Менинг бувим Муқаннанинг ҳисорда сақлаб турган хотинларидан бўлган экан. Унинг ҳикоя қилишича: «Бир куни Муқанна хотинларни ўз одати бўйича овқат ейишга ва шароб ичишга ўтирғизиб, шароб ичига заҳар солди-да, ҳар бир хотин учун биттадан хос қадаҳ тутқазиб: «Мен қадаҳимдаги шаробни ичганим-да сизлар ҳам қадаҳларингизни бутунлай бўшатишингиз лозим», деди. Ҳамма хотинлар ичишди, мен эса ичмай шаробни кўйлагим ёқасига тўкдим, Муқанна буни пайқамади. Ҳамма хотинлар ҳушсиз йиқилиб ўлишди, мен ҳам ўзимни уларнинг орасига ташлаб, ўлганга солиб ётдим. Муқанна менинг ҳолатимдан бехабар эди. Кейин Муқанна ўрнидан туриб ҳамма хотинларнинг ўлиб ётганини кўрди-да, қулининг олдига борди ва қилич билан унинг калласини узди. Муқаннанинг фармони билан уч кундан бери тандир қизитаётган эдилар. Муқанна ўша тандир ёнига бориб кийимини ечди ва ўзини тандирга отди. Тандирдан бир тутун чиқди. Мен тандир олдига бориб, унинг танасидан ҳеч бир асар кўрмадим. Ҳисорда бирон тирик киши йўқ эди».

Унинг ўзини ўзи куйдиришига сабаб шу эдики, у ҳамиша: «Қачон бандаларим менга бўйсунишмаса, мен осмонга чиқиб, у ердан фаришталарни олиб келаман ва уларни бўйсундираман», дер эди. «Халқнинг Муқанна фаришталарни олиб келиб, бизга осмондан ёрдам бериш учун осмонга чиқиб кетди; унинг дини дунёда абадий қолади» дейиши учун Муқанна ўзини ўзи куйдирди. Кейин бувим хотин ҳисор дарвозасини очибди ва Саъид Ҳараший кириб, у ердаги хазинани олди».

Атоқли ўзбек олими Абу Райҳон Берунийнинг араб тилида ёзган биринчи йирик «Ал-Осор ал-боқия ал-қурун ал-холия» («Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар») асари Европада «Хронология», ўзбек илмий доираларида «Осорул-боқия» номи билан машҳур. «Осорул-боқия»нинг «Пайғамбарлик даъво қилган кишилар ва уларнинг алданган умматлари (лаънатумуллоҳ)нинг тарихлари устида сўз» бобида Исломдан олдинги замонлар ва Ислом даврида пайғамбарлик ёки худолик даъво қилган кишилар ҳақида маълумот берилган. Қуйида ана шу асарнинг Муқаннага бағишланган қисми билан таништириб ўтамиз: «...Ундан кейин Муқанна номи билан машҳур бўлган Ҳошим ибн Ҳаким Марвда Ковакимардон деган қишлоқда дунёга келди. У бир кўзли бўлганидан юзига кўк шойидан ниқоб тутган эди. Муқанна ўзининг худо эканини даъво қилди ва жасадга кирганини, чунки жасадга кирмасдан олдин биров унга қарай олмаганини айтди. У Амударё орқали Кеш ва Насаф томонларига ўтди. Хоқонга хат ёзиб, ундан ёрдам сўради. Оқ кийимлилар ва турклар унинг атрофига йиғилишди, Муқанна уларга (бошқаларнинг) моли ва хотинларини ҳалол қилди, қаршилик кўрсатганларни ўлдирди ва Маздакнинг барча (йўл-йўриғини) уларга қонун қилиб берди, Маҳдий қўшинини синдирди ва ўн тўрт йил ҳукмронлик қилди. Ниҳоят, у ҳижрий бир юз олтмиш тўққизинчи йили қамал қилинди ва ўлдирилди. Муқанна ўраб олингач, жасади йўқ бўлиб кетиши ва тобеълари унинг (юқоридаги) гапига ишонишлари учун ўзини оловга ташлаган эди. Унинг «куяману йўқ бўлиб кетаман» (деган) мўлжали муяссар бўлмади, балки (унинг жасади) танурдан топилди. Унинг калласи олиниб, ўша кунларда Ҳалабда бўлган мўминлар амири Маҳдийга юборилди. Муқаннанинг Мовароуннаҳрдаги тобеълари ташида Ислом динида бўлсалар ҳам, аммо яширин равишда унинг динига амал қилишади. У ҳақидаги хабарларни форсчадан арабчага таржима қилдим ва уларни «Оқ кийимлилар ва қарматийлар ҳақида хабарлар» (номли) китобимда тўла баён этдим» (Абу Райҳон Беруний. «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Тошкент, «Фан», 1968).

«Ҳилол» журналининг 12(21)-сонидан

P.S. Журнални «HILOL NASHR» дўконларидан сотиб олишингиз мумкин.


@MubashshirAhmad

Report Page