МУҚАДДАС ДИЁР (4-Кисм)
( Ёзувчининг умра зиёрати)
Бу ердан ҳеч кетгим йўқ эди. Каъбани қайта қайта тафов қилар, гоҳ Каъбапўшларни ушлаб кўрар, гоҳ уни кўзимга сурар, гоҳ Каъбага узоқ узоқ қараб термулар, тўймас эдим. Худди бу ернинг оҳанграбаси бордек, кетгим келмас, Оби зам замдан тўйиб ичар ва одамларга қўшилиб салот, хайру хўш айтар эдим. Кўпгина дўстларим менга телефон қилишар ва Каъбани кўрсатишимни сўрашар эди. Мен телефонда Имони ёқиб, Каъба атрофида айланар, Тошкентдан, Ховосдан телефон қилган дўстларим, фарзандларим, ёру-биродарларим мен билан қўшилишиб Каъбани тафов этишар, завқланишар, хурсанд бўлишар эди.
Қоғозга исмларини ёзиб, Каъба фонида суратга туширишимни сўрашар эди.
Каъба атрофида минг минглаб одам тинимсиз кеча-ю кундуз айланар, одам узилиш тугул бир лаҳза камаймас, ҳоҳ у ярим кечаси, ҳоҳ бир, ҳоҳ икки бўлсин, ҳоҳ тонг сахар бўлсин зиёратчилар ҳамиша гавжум, такбир овозлари ҳамиша янграб, жаранглаб турар эди. Каъба атрофида одамлар ҳамма истакларини, арзу-додларини, орзу-умидларини, айбу-нуқсонларини, тавба-тазарруларини айтишар эди. Худо бутун инсониятни бошқариб турганлигининг бир кўриниши эди бу.
Одамлар Ер юзининг ҳамма мамлакатларидан келишган, Ер юзининг ҳамма мамлакатларида мусулмонлар бор эди. Гўё у мамлакатларнинг хукмдорлари ҳақиқий хукмдор эмас, ҳақиқий Хукмдор бу ерда, фуқароларнинг арз додини тинглар ва Қуръон орқали муаммоларига ечим топар эди. Гўё ҳамма масала мана шу ерда ҳал бўлаётган эди. Ундан ташқари кўпгина мамлакатларнинг Хукмдорлари ҳам келиб туришар, улар ҳам етти марта тафов қилиб айланишар, Мақоми Иброҳимга келганда “Субҳоноллоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Оллоҳу Акбар” дея овоз кўтаришар эди.

Бутун дунё инсонлари, шоҳу-гадолари келиб, “ Ё Оллоҳ, ягона Хожамиз ўзингсан!” дейишар экан, уларнинг Хожаси ягона Оллоҳ эканлигининг гўзал кўриниши эди бу.
Аслида ҳам шундай. Бизнинг юртларга ҳам бир минг тўрт юз йил мобайнида қанча Хоқонлару, қанча хонлар, қанча беклару қанча хокимлар келиб кетди. Аммо юртимиз мусулмонлари ҳамиша Оллоҳнинг амри фармонини бажариб келдилар, Хадиси шарифга амал қилдилар. Бирорта ўзбек, бирор аҳли мусулмон (энг мушкул даврлар, атеизм кучайган, марксизм, ленинизм, социализм қатъий хукмронлик қилган даврларда ҳам) бизнинг юртларда динидан чиқмади. Аксинча, дин кучайгандан кучайиб борди, мусулмонлар сафи кенгайди, ислом қаттиқроқ ривож топа бошлади. Шундай экан, Ягона Оллоҳ Ер юзини ягона Хукмдори эканидан далолат эмасми бу? Уйларимизда ҳар кун номоз ўқилиши, масжидларимизда ҳар кун номоз ўқилиши, мусулмонларнинг ҳар кун Ягона Оллоҳ билан боғланиб турганликларидан далолат эмасми? Уларнинг Қуръон ва Хадисга биноан иш қилаётганликлари, ягона Хожам деб Оллоҳни тан олаётганликларидан далолат эмасми?
Каъбани атрофида айланар эканман, юртимиздаги хокимлару хукмдорлар, ҳақиқатдан ҳам кўзимга кичкина хожалар бўлиб кўриниб қолди. Ризқ, бу хожалардан эмас, Оллоҳдан эканига яна бир бор амин бўлдим.
Тошкентга қайтар эканман ўзимни бахтиёр сезар эдим.

Шу ўринда, ўзим бажарган кичкина бир сирни ошкор қилиб ўтмоқчиман. Умра сафари чоғида кийган эҳромларимни, изор ва ридоларимни оби зам зам сувига чайиб олдим. Вақти соати келиб, бу ёруғ дунё билан видолашар эканман, шу оби зам зам сувига чайилган изор(белдан пастига ўраладиган мато) ва ридо(белдан юқорида ўраладиган мато)ларимни, эҳром либосларимни кафанлик қилишларини болаларимга васият қилдим. Ҳали, хаж сафарларини амалга ошириш ниятим ҳам бор. Аммо, Худо билади, қанча яшаймиз, қанча умр кўрамиз, бу ёлғиз Оллоҳ таологагина аён. Ризқимиз узилмаган бўлса, Худо насиб қилса Хаж сафарларини ҳам амалга оширамиз. Албатта, Умра сафари ҳам улуғ зиёрат. Бунда фақат шайтонга тош отилмайди ва қурбонлик қилинмайди, қўй сўйилмайди, Умра фарз эмас, суннат, Умранинг муаййан вақти йўқ, Арофатда туриш йўқ, Муздалифада туриш йўқ, Хутба йўқ, Тавофи қудум ва видо йўқ, хаж зиёратига борганда қилинадиган қолган ҳамма амаллар, тоат ибодатлар умра зиёратида ҳам қилинади, ва уларнинг барчасини баҳоли қудрат амалга оширдик. Яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, Умранинг улуғлиги бор гап. Умра сафарига отланишларидан олдин, изн сўраш учун Ҳазрат Умар Пайғамбаримиз с.а.в. ҳузурларига кирганларида Муҳаммад с.а.в : “Эй, қадрдоним Умар, умра зиёратида бизни дуо қилинг, бизларни унутманг” –дедилар.
Умра зиёратининг даражаси шу қадар эканки, ҳатто бутун оламларнинг сарвари, умра зиёратчисидан дуо қилишини сўраб турибди. Умра зиёратининг мақоми шу даражада улуғ ва беқиёслиги шу ҳадиси шарифда яққол кўринади.
Расуллуллоҳ туғилган шаҳарда бўлиш, Расулуллоҳ юрган йўллардан юриш, Расулуллоҳ нафас олган шаҳарда нафас олиш, Оллоҳнинг амри билан етмиш минг малоика осмондан тушиб қурган Каъбатиллони тафов қилиш, Оллоҳнинг чақирган меҳмони бўлиш албатта улкан бахт. Ўзбек халқи бекорга, “Қани Хожи ака, бир дуо қилинг, Оллоҳ бизни ҳам ўша муқаддас жойларга чақирсин” деб дуо сўрамас экан. Мен ҳам, Хаж ва Умра сафарини ният қилиб турган биродарларимни ушбу мақолам сўнгида дуо қиламан, мен ўша муқаддас жойларда бўлдим, бахтиёрман, илоҳо Сизга ҳам бу бахт Насиб этсин!
Барчангизга дуруди саломлар бўлсин!
МУҲАММАД ИСМОИЛ