МОС ВА ТУРДОШ БЎЛМАГАН ТАЪЛИМ ЙЎНАЛИШЛАРИГА ЎҚИШНИ КЎЧИРИШ МУМКИНМИ?

МОС ВА ТУРДОШ БЎЛМАГАН ТАЪЛИМ ЙЎНАЛИШЛАРИГА ЎҚИШНИ КЎЧИРИШ МУМКИНМИ?

@talimxabarlari

Ҳозирги кунда олий таълим муассасалари талабалари орасида турли сабаблар билан ўқишини бошқа таълим йўналишларига ёки таълим шаклига ўқишини кўчириш учун рўйхатдан ўтиш жараёнлари кечмоқда.

Шу ўринда талабалар ўртасида “...бу йўналишдан мана бу йўналишга кўчирсам бўладими? Турдош ёки мос келадиган йўналиш эмас экан-ку.” деган саволлар кўп учрамоқда.

Аслида ҳам бу мумкинми?

Жавоб: ҳа албатта мумкин! Талаба ихтиёрий йўналишга ўқишини кўчиришга ариза бериши мумкин.

Батафсил тушунтирамиз.

“Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида” ги Низомга кўра талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Давлат комиссияси қарори билан  бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик ёки идора ёхуд турли вазирликлар ва идоралар тизимидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган таълим йўналишларига ва истисно тариқасида мос бўлмаган мутахассисликларига ўқишни кўчириш ёки тиклаш мумкин. Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Давлат комиссияси ариза билан мурожаат қилган талабани ўқишни кўчириш бўйича келтирган сабабига қараб қаноатлантириши ёки қаноатлантирмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолатда ўқишни кўчирмоқчи бўлган талаба ушбу йўналишга ўқишни кўчириш бўйича арзирли сабаб кўрсата олиши лозим. (мас. ўзи яшаб турган ҳудудда шу турдаги мутахассисларнинг етишмаслиги)  

Содда қилиб тушунтирганда талабалар ўқишини кўчириш ва унинг турига қараб турли органлар қарорлари асосида амалга оширилади.

Хусусан, олий таълим муассаси ректорининг буйруғи билан шу ОТМ доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича;

ОТМ бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича бир вазирлик (идора) доирасида ҳамда турли вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;

Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Давлат комиссияси қарори билан эса юқорида айтганимиздек бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик ёки идора ёхуд турли вазирликлар ва идоралар тизимидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган таълим йўналишларига ва истисно тариқасида мос бўлмаган мутахассисликларига ҳамда хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси ОТМларига ўқишни кўчириш амалга оширилади.

Шу ўринда мос ва турдош таълим йўналишларига таъриф берсак.

Мос таълим йўналиши деганда таълим йўналишларининг (мутахассисликларининг) номланиши бир хил бўлиши тушунилади.

Турдош таълим йўналиши – бир турдаги таълим йўналишларининг (мутахассисликларининг) умумий номи. Турдош таълим йўналишларига мисол тариқасида Тилшунослик таълим йўналишлари: Она тили ва адабиёти (тиллар бўйича) ва Хорижий тил ва адабиёти (тиллар бўйича) ёки Табиий фанлар йўналишлари: Биология (турлари бўйича) ва Қишлоқ хўжалигида экологик хавфсизлик.

Report Page