“ММФИ”НИНГ ТОШКЕНТ ФИЛИАЛИ: АБИТУРИЕНТЛАРДАН ҲУЖЖАТ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЯКУНЛАНДИ

“ММФИ”НИНГ ТОШКЕНТ ФИЛИАЛИ: АБИТУРИЕНТЛАРДАН ҲУЖЖАТ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЯКУНЛАНДИ

https://t.me/minenergy_uz

Жорий йилнинг 15 июль куни Москвадаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг пойтахтимиздаги филиалида ҳужжатлар қабул қилишнинг биринчи босқичи сарҳисоб қилинди.

Унда талабалар математика, физика, рус тили фанларидан кириш имтиҳонларини топширди. Имтиҳон Россия Федерацияси ўқитувчилари томонидан олинди.

Имтиҳон синовлари вақтида давлат гранти бўйича таълим олувчи 100 нафар абитуриент танлаб олинди. Талабалик бахтига эришган ёшлар эса қуйидаги тўрт мутахассислик бўйича таълим олади:

·        Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси;

·        Ядро физикаси ва технологиялари;

·        Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси;

·        Электр энергетикаси ва электр техникаси.

Эслатиб ўтамиз, Москвадаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалига абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жорий йилнинг 17 июнида бошланган эди.

Маълумотларга кўра, қабул жараёнида ушбу филиалга жами 667 та ариза  топширилган. Жумладан, улардан «Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси» йўналишига 162 та, «Ядро физикаси ва технологиялари» йўналишига 175 та, «Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси» йўналишига 159 та, «Электр энергетикаси ва электр техникаси» йўналишига оид эса 171 та аризадир.

Москвадаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги “Тошкент шаҳрида “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросига асосан фаолият юритади. Бу ерда талабалар Россия таълим стандартлари асосида ўқитилади. Ўқишни тамомлагач, улар юртимизнинг атом саноати соҳасида иш билан таъминланади. 

Маълумот ўрнида, “ММФИ” миллий тадқиқот ядро институти “TimesHigherEducation” журналининг физика-техника университетлари халқаро топ-100 рейтингига киритилган бўлиб, у Россия олий ўқув юртларининг энг яхши учлигидан жой олган.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги

 матбуот хизмати




Report Page