МИРЗАЧЎЛ БАҒРИДА ЯНГИ САНАТОРИЙ ФОЙДАЛАНИШГА ТОШПШИРИЛДИ

МИРЗАЧЎЛ БАҒРИДА ЯНГИ САНАТОРИЙ ФОЙДАЛАНИШГА ТОШПШИРИЛДИ

ССВ

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли “Янгиер” санаторийсининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдуваҳитов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев, шунингдек, ҳамкор ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар барча соҳада ўз самарасини бераётганини, Мирзачўл бағрида янгидан бунёд этилган ушбу санаторий халқимиз, нуроний кексаларимиз, меҳнат фахрийлари, ишлаб чиқариш илғорлари даволаниши учун жаҳон андозалари талабларига мос шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлашди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар санаторийда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Бу ерда бир вақтнинг ўзида 250 киши дам олиб ва саломатлигини тиклаши мумкин. Санаторийдаги йодобромли минерал сув юрак-қон томир, марказий ва периферик нерв тизими, тери касалликлари, церебрал атеросклероз, таянч-ҳаракат тизимининг яллиғланиши ва жароҳатдан кейинги оқибатлар, рейно хасталиги, аёллар бепуштлигининг эндокрин шакллари, экзоген-конституцион семириш каби касалликларни даволашда самарали таъсир кўрсатади.

Санаторийни қуриш ва уни энг замонавий тиббий диагностика жиҳозлари билан таъминлашга Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳисобидан жами 84 миллиард сўм маблағ сарфланди. Сиҳатгоҳда 80 та янги иш ўрни яратилди ва тез фурсатда муассасада 110 нафар ишчи ходим фаолият юритади.

Бир сўз билан айтганда, Мирзачўл бағрида “Янгиер” санаторийсининг барпо этилиб, фойдаланишга топширилганидан аҳоли мамнун.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


Report Page