МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК

МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК


МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК (national security, национальная безопасность) – хавфсизлик концепциясининг фундаментал кесими, бирламчи даражаси ва етакчи ғояси. Миллий хавфсизлик ҳам сиёсат, ҳам мафкурани ифодаловчи тушунчадир. Сиёсий муомалага илк бор АҚШ президенти Т. Рузвельт томонидан киритилганлиги таъкидланади (1904). АҚШнинг Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунида (1947) ушбу тушунча “ички, ташқи ва ҳарбий сиёсатнинг интеграцияси” тарзида тавсифланди. Миллий хавфсизликнинг “анъанавий” концепцияси АҚШ сиёсатшунослик фанида сиёсий реализмнинг кучли таъсири остида шаклланди.

Яқин вақтларга қадар хавфсизлик соҳасига “Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ғарбнинг қудратли давлати ташқи сиёсатининг эҳтиёжларига хизмат қилувчи фавқулодда Америка лойиҳаси” сифатида қараб келинди. Замонавий давлатчилик тизими вужудга келган даврдан бошлаб, хавфсизлик анъанавий тарзда raison d'Etat ғояси билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб келинди. Давлат манфаатларининг устунлиги ва ҳукмронлигига асосланган ушбу ёндашувга кўра, ҳар қандай бошқа қадрият, истак ва манфаатлар давлат фаровонлиги, тинчлиги ва энг муҳими, унинг мавжудлигини таъминлаш эҳтиёжи олдида иккинчи даражали аҳамият касб этади. Хавфсизликнинг этатик хусусияти, ўз навбатида, уни сиёсий йўналтирилган фаолиятга айлантиради. Хавфсизлик масалаларига бағишланган тадқиқотларда анъанавий ёндашувнинг кучли таъсири ва ворисийлик ҳозирда ҳам ўзини намоён қилади. МДҲ ҳуқуқий маконида кенг тарқалган сиёсий-ҳуқуқий қараш ва қонунчилик амалиётига кўра, миллий хавфсизлик, аввало, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигининг узвий боғлиқлиги ва бирлигини англатади. Иштирокчи давлатларнинг хавфсизликка оид қонунлари, стратегия ва концепцияларида миллий хавфсизлик мазкур фундаментал учликнинг ҳаётий муҳим манфаатларини ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимояланганлик ҳолати тарзида таърифланади. Бироқ ташқи, расмий ёки шаклий ўхшашликнинг мавжудлигига қарамасдан, миллий хавфсизлик концепцияси (қарашлар тизими), ғоя ёки сиёсат сифатида жамиятдан жамиятга, давлатдан давлатга томон ўзгариб боради ва моҳиятан бир-биридан фарқ қилади. Чунки миллий хавфсизлик мураккаб ижтимоий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳодиса сифатида алоҳида олинган жамият ва давлат, макон ва вақтга хос бўлган фундаментал шарт-шароитлар негизида шаклланади. Бу ҳолат ҳозирги замон илмий тафаккурининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ифода этилишидир. Арнольд Уолферс ўзининг “Миллий хавфсизлик” ноаниқ рамз сифатида” номли машҳур мақоласида миллий хавфсизлик тушунчасининг “...тафсилотларини очиб бермасдан қўллаш янада кўпроқ парокандаликка сабаб бўлади...”, деб таъкидлайди. Миллий хавфсизлик сиёсий-ҳуқуқий қадриятдир. Аммо у мутлақ мавқега эга эмас. Мустақиллик, эркинлик, инсон ҳуқуқлари, демократия каби унга муқобил бўлган ҳамда жамият ва давлат тарақиётида ўз ўрнига эга бўлган қадриятлар мавжуд. Бироқ уларнинг таъминланиши ва ҳимоя қилиниши бевосита хавфсизлик (ҳолат)нинг мавжудлиги билан узвий боғлиқдир.

👉🏻@uz_sfa


Report Page