Хорижга чиқмоқчи бўлган отадан 117 ойлик алимент пуллари олдиндан ундирилди

Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг 04.12.2020 йилдаги ижро ҳужжатига кўра, қарздор Э.О.дан бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисм миқдорида ундирувчи Э.Ш.га алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Ховос туман мажбурий ижро бўлими иш юритувига 2020 йил 5 декабрда келиб тушган бўлиб, ижро ҳужжати юзасидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ва қарор нусхаси тарафларга юборилган.
Қарздор алимент тўловларини мунтазам равишда тўлиқ тўлаб келиб, фарзандининг вояга етгунига қадар бўлган алимент қарздорлигини ҳисоблаб беришни сўраб, мурожаат қилган эди.
– Ижро ҳаракатлари давомида 2021 йил 15 февралда Э.О.нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинган, – дейди туман мажбурий ижро бўлими давлат ижрочиси Шерзод Мараимов.
– Олдиндан тўланиши лозим бўлган 117 ойлик алимент суммалари “mib.uz” дастури орқали ҳисобланиб, жами 87 миллион 32 минг 88 сўмни ташкил этиши тўғрисида қарздорга маълум қилинди. Э.О. эса ҳисобланган алимент пулларини ўша куннинг ўзида ундирувчи Э.Ш.га нақд пул шаклида топширди ва бу хақида ундирувчи ўз тилхатида баён этди.
Натижада, жорий йилнинг 16 июнь куни ижро ҳужжати тамомланди.