Навбатдаги сайёр қабул Боёвут туманида бўлиб ўтди

Навбатдаги сайёр қабул Боёвут туманида бўлиб ўтди


Бюронинг Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи А.Д.Мирзакаримов томонидан Боёвут тумани Президент Халқ қабулхонасида туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида “Сайёр қабул” ташкил этилди.

Фото: МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва айниқса, ишлашнинг “маҳаллабай” олиб борилиши, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топишда “сайёр қабул”ларнинг аҳамияти катта бўлиб, бу амалиёт жамиятимизда ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Фото: МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси

Туманда ўтказилган “Сайёр қабул” давомида 12 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Шундан, 5 та мурожаат жойида қаноатлантирилган бўлса, 3 та мурожаат мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси иш юритувига олинди ва 4 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Фото: МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси

– Ушбу қабулда анчадан буён турмуш ўртоғим томонидан тўланмаётган алимент тўловини ундириб берилишини сўраб мурожаат қилган эдим, – дейди тумандаги “Жўлангар” маҳалласида истиқомат қилувчи Ю.Тожибоева.
– Бир неча ойдан буён сарсон бўлиб ҳал бўлмай турган муаммо бир неча соат давомида ҳал бўлди, қўйди. Шу куни кечгача, алиментдан бўлган қолдиқ қарздорлик тўлиқ ундириб берилди.

Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси бошлиғи Акмалжон Мирзакаримовнинг ташаббуси билан “Сайёр қабул” тарзида ишлашнинг “маҳаллабай” тизими тумандаги  “Учтургон” маҳалласида уйма-уй юрган ҳолда давом эттирилди.

Фото: МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси

Шу куни маҳалланинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролари ҳолидан хабар олиниб, муаммолари ўрганилди. Фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатлар ёзиб олиниб, “йўл харитаси”га киритилди. Мутасадди ташкилотларга ушбу мурожаатлар бўйича топшириқлар юклатилиб, ижроси қатъий назоратга олинди. Бундан ташқари, маҳалладаги эҳтиёжманд, оиласида ногионлиги бўлган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Фото: МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси

Жорий йилнинг ўтган даврида шу каби сайёр қабуллар вилоятнинг Сирдарё, Сайхунобод, Мирзаобод, Оқолтин туманлари, Ширин, Янгиер, Гулистон шаҳарларида ҳам ўтказилди.

Ўтказилаётган ушбу қабуллардан келиб чиқиб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, очиқ мулоқот орқали фуқароларни эшитиш ва уларнинг қалбига кириб бориш, мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Сайёр қабуллар жорий йилнинг 26 мау куни Ховос туманида ўтказилиши режалаштирилган.

Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси



Report Page