Машинаси хатлангач қарздор фарзандларига 31 млн. сўм алимент тўлаб берди.
Мажбурий ижро бюроси Ховос туман бўлими иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 11.07.2017 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор И.Э.дан ундирувчи Г.Э. фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун даромадларининг 1/2 қисми миқдорида алимент ундириш кўрсатилган.
Бўлим ходимлари томонидан қарздор И.Э. алимент тўловларини тўлаши юзасидан бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлсада, қарздор ота 31 034 595 сўм алимент пулини тўлашдан қасддан бўйин товлаб, ўз фарзандларини моддий таъминотсиз қолдириб келган.
Ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида 16.03.2021 йилда қарздорнинг мол-мулки қайта ўрганилган. Натижада И.Э.га тегишли “Nexia” русумли автомашина аниқланиб, автомашина холислар иштирокида хатланиб жарима майдончасига сақлаш учун топширилган ва бу ҳақда тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
Автомашинаси сотилиб кетишидан саросимага тушган қарздор И.Э. 18.03.2021 йилда фарзандлари учун 31 034 595 сўм миқдорида алимент пулларини ундирувчи Г.Э.га тўлаб беради.
А.Каробеков,
Бюронинг Ховос туман бўлими давлат ижрочиси