МЕҲР МУЗЛАСА, БАХТГА ДАРЗ КЕТАР...

МЕҲР МУЗЛАСА, БАХТГА ДАРЗ КЕТАР...

Маруса ҲОСИЛОВА

     Ҳаёт   қонунлари... уни ким бузаяпти?

        Ҳаётдан оқ ва қора, яхши ва ёмон, муҳаббат ва нафрат, садоқат ва хиёнат эзгулик ва қабоҳат деган бир-бирига қарама-қарши ранглар, туйғулар ва одамлар ўрин олган. Худди шунингдек, аёл ва эркак деган бир-бирига қарама-қарши, лекин бир-бирига чамбарчас боғланган инсонлар жамиятдаги, ҳаётдаги барча қарама-қаршилик қонунларини инкор этиб туради.  

Буни тан оламизми, йўқми, аслида ҳаётнинг бир бўлаги бўлган аёл зоти табиатан эркакка қарам. Бу қарамлик   ундан  итоаткорликни қатъий талаб қилади. Итоаткорлик эса энг кучсиз ва  энг ожиз туйғу.  

 Аёлнинг қалбидаги барча орзу-умидларни битта тарсаки билан яксон қилиш мумкин. Битта аччиқ сўз билан аёлнинг нозик кўнглидаги жамийки ришталарни узиб ташлаш мумкинлигини яхши биласиз. Аёлнинг юрагини дард эмас, яқин кишиларидан келадиган озорлар ўлдиради. Ҳамма аёллар бахтли бўлишга ҳақли, деймиз-у, аммо ҳаммани бахтли қиладиган қонун ҳеч қаерда йўқлигини тан олгимиз келмайди!..

 Мана бу аёл ҳам бу ҳаётда яхшилик умиди билан яшаб  чарчаган. Бундан аёллар эса орамизда оз эмас.

Зулматдан қочиб... қаерга борарди?

Бу аёлнинг армонлари кўп. Бу аёлнинг кўз ёшлари тинмайди... Бу аёлга тақдир меҳнатни, миннатни, машаққатни, азобларни, ҳақоратларни раво кўрган-у,  яқинларидан меҳрни раво кўрмаган.

—Умримда бирор марта  оила даврасида менинг туғилган куним нишонланмаган, —дейди ёши элликдан ошган аёл.

 У ўзи меҳрга зор бўлса ҳам, тўрт фарзандни  меҳр билан гулдай қилиб ўстирган, ўғил уйлантирган, қиз узатган. Умрида яхши сўз эшитмай, қадр топмай ўтаётган, қўли косов, сочи супурги бу аёлнинг бардошлари тошдан  эмас... Унинг қалбидан ўтаётган оғриқлар, изтироблар унга фақат озор етказмоқда. У  ўн етти ёшида турмушга чиқиб,  бутун умр оила деган ошиёнда рўшнолик кўрмагани учун, хўрлангани учун борадиган жойи бўлмаса ҳам, бу бахтсиз остонани тарк этди...   У ўз қўллари билан бунёд этган боғлардан воз кечди. Унга ҳақсиз жабр ва зулм қилган кўнгли қора эркакдан, уни ҳимоя қила олмаган ўғилдан нажот сўрашни хоҳламайди. У энди ортга қайтмоқчи эмас... Бу аёлнинг сабр косаси тошлар билан тўлган... Бардошлари чил-чил бўлиб синган. Синган кўнгил билан яшаш   эса қанчалар қийин!

Бу  аччиқ тақдир эгаси  билан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш  марказининг Навоий вилоят ҳудудий бўлимида учрашгандик.     У қишлоқ аёли. Қишлоқ шароитининг ўзига яраша муаммолари борлигини барчамиз яхши биламиз. У  оғир шароитдан нолигани йўқ, меҳнатдан  сира қочмайди. Аммо жабр ва зулм унинг қаддини букиб қўйган.

        —Уйга энди қайтмайман! — Менга бошпана бўлса бўлди. Ҳунарим бор, ҳамма иш қўлимдан келади. Ишлаб бир кунимни кўраман...

Бу кўнгли синган аёлнинг ўша кунги қатъий қарори эди. Орадан бир неча кун ўтди.  Марказ раҳбари, психологи ёрдами, вилоят адлия бошқармаси ходимларининг бу аёлга ёрдам бериш учун уни “Аёллар дафтари”га киритиш  борасидаги сайъи ҳаракатлари сабабли, тўғрироғи, борадиган ишончли жойи йўқлиги боис ўша ғурбатли уйига қайтишдан бошқа чораси йўқлигини тушунгани учун  аёл уйга қайтди. Зулматдан қочиб қаерга ҳам борарди?

  Баъзида аёллар бошпанаси, борадиган жойи йўқлиги учун яна орқага қайтишга мажбур. Ҳамма нарсани ичингга ютиб, худди ҳеч нарса бўлмагандек, яшашда давом этиш қанчалик азоблигини тасаввур қилаяпсизми?

        Аёл ҳақ-ҳуқуқини талаб қилса, тамом,  кўчада қолиши аниқ. Кўчада қолган аёлни ҳимоя қилишга эса  қонунларимизнинг кучи етмайди.  Шунинг учун ҳам аёллар ўз ёғига ўзи қоврилиб қолаверади...

  Тўғри, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги  айрим ишларни йўққа чиқариб бўлмайди. Улар орасида ҳимояга муҳтожларига   арзонлаштирилган уй-жойлар берилиши ( гарчи бизда арзонлаштирилган уйнинг ўзи йўқ),   ётоқхоналар ажратилиши,  “Аёллар дафтари”га киритиб, ёрдам берилгани, банклардан миникредитлар ажратилгани, хуллас, булар билан аёлларнинг кемтигини тўлдириб, ёки мақтаниб бўлмайди.  

 Хотин-қизлар муаммоларига  комплекс ечим топиш керак! Жамиятда ижтимоий ва маънавий муҳитни соғломлаштириш  учун  энг аввало аёлларга муносабатни ўзгартириш шарт! Чунки аёл ҳаётнинг, жамиятнинг барометри... Аёл миллат давомчиси,  буни тан оламизми, йўқми, келажак  аёл қўлида.

        Қачон қонунларимиз аёлларни  тўлақонли ҳимоя қилади?

Ҳаётда учрашиш, айрилиш бор. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Тўғри, ажралиш бу фожиа эмас. Аммо ана шу ажралишнинг бадали аёлларимизга жуда оғирлиги фожиа.    Никоҳи бекор қилинган бахтсиз аёллар  бир этак боласи билан қаерга боради?   Қонунларимиз эса... қонунларимиз ўзи шундоқ ҳам ҳимояланган эркакни ҳимоя қилиш учун яратилгандек.

Хўш, аёл нима қилсин, кимдан ёрдам сўрасин?  Йигирма, ўттиз йил бирга яшаб,  тақдир айрилиқни раво кўрганда, бўм-бўш қўл, бўм-бўш юрак, қалби синиқ, кўнгли ярим болалари билан кўчада қолган бахтсиз аёлга шафқатни раво кўрмайдиган эркаклар армиясига ҳуқуқий, аниқроғи, танқидий баҳо бериш вақти етиб келмадими?!  Аёлга мана шу масалада қонуний ёрдам керак! Аёл ҳеч нарсасиз қолган тақдирда ҳам, бошпанасиз қолмаслиги керак!  Бу муаммонинг ечими бошқа муаммоларга ечим топади.

Бошқа  кўпгина давлатлардаги оилавий муносабатларга эътибор берсангиз, никоҳ бекор қилинаётганда аёл ва эркакнинг улуши, болаларнинг тарбияси, таъминоти деган муҳим масалаларни четлаб ўтмайди, ёки битта каттароқ танишини ўртага тиқиб, ҳаммасини  эркакнинг фойдасига ҳал қилиб, ўз ўғил-қизини тақдир чорраҳасида ночор қолдирмайди. Никоҳи бекор қилинаётган ота  фарзандларидан узр сўрайди. “Онанг билан йўлимиз бошқа-бошқа,   лекин сизларни ҳеч қачон хафа қилиб, бирор нарсага муҳтож қилиб, ташлаб қўймайман”, деб болаларидан ҳеч нарсани аямайди. Бошпана, ўқиши учун тўловлар, агар чет элда ўқиш истаги бўлса бунинг харажатларини ҳам ўз бўйнига оладиган оталар фақат бизда йўқлиги афсусланарли.

Ҳаётнинг яна бир қонуни бузилаётганлигига кўпчилик кўз юмишга ўрганган. Бу ҳам аёлнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилишга, қадрини пастга уришга,  оилаларнинг бузилишига,  алам билан нотўғри қарорлар қабул қилишга олиб келмоқда. Мана бу фожиа бунга бир мисол.

                  Отасини ўлдирган қиз...

Албатта бу хулосамизга қарши бўлишингиз, падаркуш қизни лаънатлашингиз аниқ. Гап қаерда эканлигини билгач эса  фикрингиз ўзгариши тайин. Агар фикрингиз ўзгармаса, демак сиз яхшилик томонда эмассиз. Жамиятнинг шундай қонунлари борки, уни ҳеч ким охиригача тушунолмайди. Бу қонунларни эса унча-бунчага бузиб ҳам бўлмайди. Отасининг қотилига айланган қиз ҳаётнинг оддий қонунини бузишга мажбур бўлди. Ахлоқсиз отанинг қилмишлари жонига тегди. Онасининг изтироблари, кўз ёшларини кўришга ортиқ чидашга кучи етмади.

Оилани, аёлини, фарзандларини менсимасликнинг жазоси бунчалик оғир бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган  ахлоқсиз отани ўз уйида хиёнат ўлдирди. Қизининг маънавий таназзулга, орсизликка, номуссизликка қарши исёни  ўлдирди. Бу  қиз оила ғурури, ор-номуси учун курашгани учун олти йил озодликдан маҳрум қилинди.

  Ўз боласини пулга сотаётганда қўлга  тушган онани, танасини сотиб миллатни, элни шарманда қилган аёлни кафолат хатлари билан ҳимоя қилиб, уларни суд залидан озод қилишни билган хотин-қизлар ва маҳалла деган ташкилотлар нопокликка қарши курашган, отаси  енгил оёқ гумашталарини уйига олиб келиб, ичкиликбозлик қилгани, онасига руҳий азоблар бергани учун алам устида хатога йўл қўйган қизнинг қўлларига занжир солинганда, томошабин бўлиб ўтиришига қандай баҳо бериш мумкин? Бу билан одам ўлдирган қизни ёқламоқчи эмасмиз, албатта. Аммо у жамиятда     маънавий муҳитни тозалаш учун курашмоқчи бўлди, бунга кучи етмагач, шундай йўл тутишга мажбур бўлди. Оқибатда темир панжара ортида олти йиллик умрини ўтказди. Жазони ўтаб бўлгандан кейин озодликка чиққан аёл  болалари билан турмуш ўртоғининг уйига киритилмади, никоҳи бекор қилинди, унга  онасининг дарвозалари  ҳам  ёпилди.   Қонунлар эса бу аёлга ҳам ёрдам беролмади... Биз эса ҳамон маънавият ҳақида баланд минбарларда  бонг уриш билан оворамиз.  Аёлларни узундан-узун маърузалар билан, сохта ҳисоботлар ва ёлғон марҳаматлар билан эмас, амалда ҳимоя қилиш вақти келмадими?

Бунисига нима дейсиз?!

                   Куёвтўра —мактаб ўқувчиси

 Бундан уч-тўрт йил аввал Карманадаги  ўндан ортиқ кам таъминланган оилалар фарзандлари учун хайрия ёрдами билан ўтказилаётган тўйга таклиф қилишди.  Уйланишга қўли калталик қилаётган йигитларга хайрия тўйи ташкил қилган саховатли одамлар ҳақида материал тайёрлаш учун тўйга бордик. Ҳоким ўринбосарлари,  вилоятнинг бош имом хатиби, маҳалла оқсоқоллари, хайрия ёрдами кўрсатган саховатли тадбиркорлар, хуллас, ҳамма шу ерда эди.

 Тўй бошланди. Тантана ташкилотчилари бирин-кетин микрофонни олиб, катта хайрия ишларини амалга ошираётганликларини ғурур билан таъкидлашдан чарчамасди. Тўй саҳнасида турган бахтиёр келин-куёвлардан интервью олишга шошиламиз. Биринчи келиннинг кимлиги, касби-кори билан қизиқамиз, ҳеч қаерда ишламайди, коллеж ўқувчиси, иккинчисидан сўраймиз,  у ҳам ҳали ҳатто коллежни ҳам тамомламаган. Учинчиси ҳам худди шундай. Куёвлар ҳам келинлардан қолишмайди— уларнинг ҳам  на касби, на маълумоти бор. Тўртинчи куёвга юзланиб, “Қаерда ўқийсиз, ёки ишлайсиз?” деган саволимизга “Мактабда ўқийман”, деган жавобидан  қулоқлар том битгандек бўлади. Янглиш эшитдимми, деб қайта сўрайман. Йўқ адашмаган эканман. Яна ўша жавоб: “Мактабда ўқийман.”      

Кимни алдаяпмиз?   Одатда бундай хайрия тўйлари ёши катта бўлса-да, оилавий шароити туфайли тўй қилишга қурби етмайдиганлар учун бўлиши керак эмасмиди? Ёки хайрияни ҳам Худо йўлига эмас, ўз манфаатларига қаратишга ўрганишдими?

Ҳаётнинг бунга ўхшаш бузилган  қонунлари кўп. Уларни тузатишга наҳотки қурбимиз етмайди?!  

Report Page