МЕН – ТРОЛЛ
Муаллиф - JM(Ҳикоя*)
1. Танишув
Салом, дўстлар!
Мен троллман. Тирикчилигим шу. Ҳозирча бошқа нарса қўлимдан келмайди. Ўзимга бу иш ёқадими? Пули ёқади. Қийинмаслиги ёқади. Баъзан чарчатади. Асосан зерикиб чарчайман. Шахсий чатдан топшириқ келади. Унда мўлжал линк, нима ёзиш кераклиги, кўпинча тайёр текст бўлади. Тайёрини кўчириб, изоҳларда жойлайверасиз. Тайёри бўлмаса, «ижод» қилишга тўғри келади. «Ижод» бошида қийин, кейин ўрганиб, автоматда ўзиб кетаверасиз. Сўкишми, ёки маданийроқ қилиб ёзиш кераклигини топшириқ ташлаётган админимз айтади. Аккаунтларнинг янгиларини махсус бир киши очиб беради. Аккаунтлар узоқ яшамайди, камментларимиздан кейин уларни блоклаб юборишади.
Менинг ишим тролл изоҳларни босиб чиқиш ва бошқа тролл изоҳларига лайкларни қўйиш. Чекерга (текширувчи) қилинган ишни скрин қилиб юборишни унутмаслик керак. Шундан пул саналади. Қанча, деб сўраманг. Жуда бойиб кетмайсиз, аммо ҳар кунги кўчада тушлик ва яхши кийимсиз қолмайсиз. KPIларни ошиғи билан бажарсангиз, бир оз жамғаришга имкон бор. Бу вақтинча иш. Олти йил олдин бошлаган эдим. «Фабрикадан» кетиб трейдинг билан шуғулланмоқчиман. Лекин уни ўрганиш керак. Онлайн курслар олиб қўйдим. Эртага ўрганишни бошлайман.

Охирги пайт ишдан кўп зерикяпман. Негадир кўпроқ «ижод» қилишини сўрашяпти. Бунақа пайт урадиган контентни ўқишга ва, агар видео бўлса, кўришга мажбурсиз. Тўғри гапиряптими, нотўғрими, сизни абсолютно қизиқтирмаслиги ҳам керак. Нима ҳақда гап кетаётганини бир оз билсангиз ва гапирувчининг ташқи кўринишига мос гап топсангиз, бўлди.
«Фабрикамиз» қайсидир идора хоналаридан бирида жойлашган. Бизни «айтишник» деб ўйлашади. Уйдан туриб ҳам ишлса бўлади. Карантин вақтда шунақа ишладик. Аммо офисга келиб кетиш гашти ўзгача. Катта ишни бажариб қўйгандек уйга қайтишингда маза бор-да.
Отам ва онам ҳам мени дастурчи деб ўйлашади. Дастурлашни «д»-синиям билмайман... Бир қизиқиб кўрдим, мен учун эмас экан. Бош оғриқ. ОТМда «Молияни»ни тугатганман, аммо молия ва иқтисодда «нол»ман. Сессияларни «амаллардик», талабалигим охирги йиллари худди шу фабрикаларда ўтган. Битиришим билан шу ишни давом этавердим.
Трейдерлик ўхшамаса, кичик «фабрикамни» очсамми деяпман. Ижара, кучли ноутбуклар, тез интернет, мобил телефонлар, кондиционер керак бўлади. Ва албатта столлар, геймер креслолари. Ўн икки кишилик фабрика бошланишига зўр. Ҳаммасига инвестиция керак. Ҳом чўтини қилиб қўйгандим... Пул тикадиган братларни топсам, бошлаб юборардим... Майли, бугунги планни яхши бажарсам, эртадан ғоям билан бир икки танишларга чиқиб кўраман. Аниқ эртага бошлайман.
Айтганимдек, уйдагилар нима иш қилишимни билишмайди. Билишса ҳам тушунишмасди. Аммо даромадим алоҳида оила қуришга етади деб ўйлашади. Бир кун отам: «тўйингни қилайлик, тузуркроқ иш топдинг, аравангни торта оласан» деб қолдилар. Мен хўп дедим. Ҳар хил «вариантлар»ни кўрсатишди. Кимдир ёқмади, кимгадир ёқмадим. Ўтган ҳафта ҳолам бир қиз расмини юбордилар. Расм тоза. Яъни филтрланмаган. Ҳолам бир тўй оқшомида ўзлари билдирмай расмга олганмишлар. Ўша тўйда қиз холам кўзига иссиқ кўриниб, дарров кимлигини суриштириб олибтилар. Қайсидир узоқ қариндошларимиздан экан. Ота-онамга унинг ота-онаси маъқул келибти. Расмдан чиройли кўринди... ёмонмас. «Бўлади» дегандим, дарров катталар ҳаракатга тушиб пайшанба кунига учрашуни келишиб қўйишди.
Учрашув қиз ўқийдиган институт ёнидаги музқаймоқ кафесида бўладиган бўлди. Дуо қилинглар. Ҳаммаси ўхшасин. Нима бўлганини кейинги сафар ёзаман.
2. Учрашув
Ҳаммаси расво бўлди. Қизлар олдида ҳеч қачон тортинчоқлик қилмаганман. Уяладиган жойим йўқ. Бўй бастим жойида, кийинишим яхши, қўлимда обрўли смартфон, учрашувга машинамизни миниб келдим. Доимо ўзимга ишонганман ва айнан мана шу панд берди. Ўзимни жуда бир бемалол тутиб, тилимдан тутилдим.
Бошида суҳбат зўр кетти. Ҳилола (қизнинг исми) юзимга тик боқмай, уялгандек ўтирди, етти ўлчаб, гапираётгани сезиларди, музқаймоқ номига тегилди. «Ҳаёли экан. Бу плюс» деб қўйдим ўзимча. Уёқ-буёқдан гаплашдик. Кўпроқ мен гапирдим. Мавзу ота онамиз нима иш қилиши, об-ҳаво, кинотеатрлардаги янги филмлар ҳақида бўлди. Кейин ҳаётий машғулотимизга ўтдик. Қиз техник ОТМда бакалавр курсининг охирги йилида ўқётган экан. Мен «молияни» битирганимни айтгандим, у савол берди:
– Сизни «айтишник» дейишди. Ай Тининг қайси соҳасида ишлайсиз?
Мен автоматик «дастурчиман» девордим.
– Қайси тилда дастурлайсиз?
– ?
– Жава, Пайтн... яна бошқалари бор-ку..
Бошни қотириб нима қиламан, ростини қоғозга ўрагандек бўлиб айтиб қўя қолдим:
– Тўғриси... маҳсус интернет лойиҳасида ишлайман. Пост ва видеоконтент остида комментлар ёзамиз.
Қиз диққат билан менга тикилди. (Унгача у ўғринча қараб қўяр, кўзлари доим музқаймоқ ё стол четида бўларди).
– Троллик қиласизми?
– Нега троллик?! Ҳа.. балки шунақа деса бўлар. Лекин яхши тўлашади, – дедим негадир даромад юқорилиги билан қизнинг тасаввурига ёрқин ранг қўшмоқчидек бўлиб.
– Ҳақоратларниям ёзасизми?
– Уларни мен ёзмайман. Асосан ёзиб беришади, мен жойлайман холос, – бир оз ёлғон қўшдим, албатта тайёрини пост қилишим рост. Аммо баъзан «ижод» қилишга тўғри келади.
Қизгина учрашувимиз моҳиятини унутиб қўйди шекилли, қошини чимириб, жиддий оҳангда аммо босиқ овоз билан:
– Шу ишингиз сизга маъқулми?, – деб сўраб мени эсанкриратиб қўйди.
– Ҳа, нимаси ёмон? Биласизми, биз қандай фойдали иш қиламиз..., – деб бошлаб, шефимиз Самандар ака ўқиган маърузасини тўкиб сочдим: «ташқи ахборот хуружларига қарши туриш, бизни кўролмайдиган оммани чалғитувчиларга зарба бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан, ғояга қарши ғоя билан кураш» ва ҳоказолар ҳақида гапириб кеттим.
Ҳилола иягини ушлаганча миқ этмай эшитиб ўтирди.
Ваъзим тугаши билан: «Буни ҳеч кимга айтманг. Ҳатто уйдагиларим билмайди. Бу давлат сири», дедим.
Қиз нигоҳини четга олиб, бир нималарни хаёл қилиб кетти. Кўзлари бир нима ўқиётгандек чапдан ўнга, ўндан чапга бориб келарди. Мен яна нима дер экан деб индамай ўтирдим. Ярим минутча сукутда ўтирдик. Кейин у телефонининг соатига қараб, «мен уйга боришим керак» деди. Машинамда олиб боришни таклиф қилган эдим, «керакмас, метро яқин», дедида, музқаймоқ учун тўламоқчи бўлди (ёки тўламоқчидек бўлди... ). Албатта мен «қўйинг, ўзим...» дедим.
Уйга нимани ўйлашни билмай қайтдим. Телеграмимга онам билан ҳолам роса ёзишган экан: «Қалай? Нима бўлди? Нега жимсан?». Буни ҳовлимиз олдида телефонимга қараганимда кўрдим.
Хонамга кириб кетаётувдим, орқамдан онам: «Аваз, буниси тақдир эмас экан, ҳозир ҳоланг билан телефонда гаплашдим». Ўгирилиб салом бердим-у, бошқа ҳеч нарса демай хонамга кириб кетдим. Қизиқ, рад жавоб бирон марта бунақа тезликда келмаганди.
«Шу ишингиз сизга маъқулми?» - қулоғимда бир неча марта янгради. Рад жавобининг сабаби шу саволда эканини билсам ҳам, негадир буни ўзидан эшитгим келди. Ва эътирозига қарши ўзимни оқлагим келди. Майли, кечроқ бўлсин, телеграмдан ёзаман. Ҳоламдан рақамини олган эдим.
Кечаси тўққиз. Ёзишмани бошладим:
«Салом, мен – Аваз. Безовта қилганим учун узр. Шунчаки билмоқчи эдим. Айнан нима ёқмади? Ростини айтаверинг, мен хафа бўлмайман».
Ўқилганлик белгиси 10 минутдан кейин кўринди. Ва дарров жавоб келди:
«Салом. Узр. Шунчаки тақдирмас. Илтимос, бошқа ёзманг.» БЛОК.
Ўжарлигим тутди. Хўп, гаплашмоқчимас. Аммо барибир, айтиши керак. Бошқа аккаунтимдан ёздим:
«Салом. Бу мен - А. Илтимос, блокламай, сабабини айтинг! Бу мен учун жуда керак. Ахир айбим бўлса, тузатишим керакку!»
Чорак соатдан кейин синиқ чизиқчалар ўқилганликни кўрсатди. Ва жавоб ёзилиш нуқтачалари экран тепасида ўрмалаб кетди...
3. Ёзишма
«Қилаётган ишингиз яхшимас. Одамларни алдаб, сўкиб, ҳақорат қилиб, шу ҳаром пулга оила боқмоқчимисиз?»
Тушунарли, либералка. Шу заҳоти Аваз интернет шўри Zava -га айланди:
«Шунақа денг. Ҳаром-ҳалолдан келишингизга қараганда, анавилардансиз шекилли-а? ))) Фейсбук саҳифангизда кимларни репост қилаётганингиздан билса бўлади. Айтганча, уйдагиларингиз билишадими ғийбатчиларни ўқиб тарқаётганингизни? Яхшилаб гаплашиб қўйишса бўларди. Шунда ақлингиз етмаган нарсаларга бурун суқиб юрмайсиз. [учта энса қотирган эможилар]» Кетди.
Кейингисини тера бошладим:
«Ўзингиздан кимни ясаболдиз? Кимнинг кўзи учиб турибти?....» ва яна алланималарни ёзиб, кетидан тупук сачратиб кулаётган эможиларни босаётгандим, қиздан тап этиб келди:
«Илтимос, агар «давлат сирингизни» ҳолангиз, амакимлар ва келинойимлар билишларини хоҳламасангиз, менга бошқа ёзманг» БЛОК.
Ёзганим Телеграм серверларида қизил ундов билан муаллақ осилиб қолди.
«Ссс...ка!!!»
Мени тўғри тушунинг. Бунақа блок бўлиб кетиш биз интернет жангчилари учун одатий ҳолат, бетимиз бетон бўлиб кетган. Аммо буниси бошқа эди. Мен у билан очиқ, самимий гаплашмоқчи эдим. «Амаким» деб отамни, «кенойим» деб онамни назарда тутган, ярамас.
Чиройли қилиб узоқ қариндошчилигимизни эслатиб, асосий фаолиятимни узоқ-яқинлар орасида овоза қилишига йўғонгина шама қилди. Белдан пастга тепиш бу! «Эшитдингларми? Уста Фозил аканинг ўғли Аваз анави троллар «фабрикасида» коммент ёзувчиси бўлиб ишларкан...». Отам оддий уста, онам ҳамшира. Улар бунақа нарсаларни тушунишмайди. Жуда юмшоқ одамлар... «Болам, биз сени шунақа қилиб тарбиялаганмидик? Шунга ўқитганмидик? Одамлар дилини оғритиб, оғзи шалоқлик қилиб пул топишинг нимасси?...»
Ҳа, билишмайдики, бу менинг вақтинчалик ишим. Хали шошмасинлар. Трейдер бўлиб кетай. Трейдер бўлмасам СММ пири. Хали «Ч-Фактор»га чиқиб мастер-класслар ўтказиб танлиб кетарман. Машинанинг итини миниб, уйинг олдидан ўтарман хали, Ҳилола. Тегмай ўтасанми ё бирон сўтакка тегиб кетасанми, мени инстаграмингда чиқиб келаверишимни кўриб, роса аламларинг келади... Ҳаммаси олдинда. Кўрасан.
Эртаданоқ бошлайман трейдингни ўрганишни! Туморроу!
4. Кибер буллинг
Ўша «фиаско, братан» кунидан туморроуларнинг қанчаси ўтиб кетди... Трейдингни ўрганишни бошлаб, давом этмадим. СММга ҳам хафсала уйқуда. Баҳор кетиб, ёз келди. Ёз олиб келган ланжлик куз охирига етди. Ҳаёт ўша маромда кетаверди, учрашувларни сўраманг.
Тунги навбатим эди. Бир кунлик KPI ларни бажариб қўйидим. Иш вақти тугашига икки соатча вақт бор. Ёмғирли ноябрни яхши кўраман. Диққинафас офисдан майда ёмғир кўчсига чиқиш лаззати ўзгача. Шуни хаёл қилиб ўтиргандим, янги топшириқ келди:
«Тезкор! 4та қисқа ҳужум билан 3та «ақлли» комментлар жойланг. Линк [«Эркин Овоз»нинг навбатдаги 16 минутлик видео ролиги, «ТИТИда талабалар лойиҳасига ажратилган бюджет қаёққа кетди?! Журналистик суриштирув»]. Мўлжал – роликнинг асосий қаҳрамони».
Қисқа изоҳларни бир паста босиб ташладим: «Мақсад нима?», «Эркин Овоз фитначилар!», «Ғийбатдан бошқа ишларинг йўқми, хоинлар?», «Фақат биздами муаммо?!»
Энди «ақлли»ларини ижод қилиш қолди. Бунинг учун а) роликни охиргача кўриб чиқиб, мавзуни озгина бўлса ҳам билиб олиш; б) матн узунроқ бўлиб, холис инсоннинг гапига ўхшаб бошланиши керак. Охирида зарбанинг зўри берилади. Қаҳқаҳа отиб кулган эможилар ҳам қўшилади.
Роликни одатдагидек 1.5 тезликда ёқиб кўра бошладим. Тошкент Илғор Технологиялар Институдида бир гуруҳ талабалар илмий изланиш учун қандайдир халқаро грант ютишган. Грант қимматбаҳо жиҳозлар ва «расходник»ларни сотиб олишга молиялаштирилиш кўзда тутилган. Аммо шарт қўйилган: шу жиҳозлар институт қошидаги янги таъмирланган лабораторияси бўлиши керак. ТИТИ раҳбарияти бунақа нуфузли ютуқдан боши айланиб, бир йил ичидаёқ жойни таъминлаб беришни ваъда берган. Бир йил эмас, икки йил ўтиб кетган, ҳамон лаборатория йўқ. Грант муддати куя бошлади. Лойиҳа фаоллари бир неча бор раҳбариятга мурожаат қилишган, у молия вазирлиги пул ажратмади, шуни талаб қиляпмиз, деган. Шунда лойиҳа етакчиси, бир талаба молия вазирлигига бориб, сметаларни кўрсатишни талаб қилган. Кўрсатишмаган, аммо айтишганки, лаборатория таъмири учун бюджетга биноан маблағлар вақтида йўналтирилган... Талаба проректор олдига кириб шу гапларни айтса, раҳбар арзчини хонасидан хайдаб чиқариб юборган. Талаба «мана сенга» деб фейсбукка бўлган воқеани тўкиб сочади, ижтимоий тармоқ арининг инидек тўзиб кетади. Буни ўқиган «Эркин Овоз» таҳририяти шу ҳақда суриштирувни бошлаб юборади. Энг қизиғи, интервьюга на лойиҳа илмий раҳбари, на бошқа иштирокчилар рози бўлган. Фақат шу талаба қиз чиқиб дадил ҳаммасини гапириб ташлабти.
Лойиҳа етакчиси – ТИТИ магистратурасининг биринчи йил талабаси Ҳилола С. Учрашувимиздаги ўша қиз.
Унинг Фейсбук саҳифасига кирдим. Танқид пости остида тумонат изоҳлар. Мени фақат ҳужумчи комментлар ва уларнинг муаллифлари қизиқтирди. Деярли анонимлар йўқ. Аксари ўша ОТМ ҳодимлари, ўқитувчи-домлалар, фаол талабалар ва ҳоказо. Ҳаммаси ўз фейсбук саҳифасини бир бирини туғилган куни ва байрам билан табриклашдан бошқа нарса билан тўлдирмайдиганлар. Топшириқ келса, гурр этиб келиб эзмачилик қилишади. Бу ҳам троллик, аммо профессионал троллик эмас, касб юзасидан қилинадиган троллик.
«Расмий» тролликни «дежурний» ўзбек халқ мақолидан пайқаса бўлади:
«Ибрат излаганга ибратдир дунё, иллат излаганга иллат...»
«Устоз отангдан улуғдир, деб бежиз айтишмаган машойихларимиз...»
«Уйингдаги нарсаларни жаҳонга овоза қилишда хайр йўқдир...»
Ютуб ролигига қайтиб, изоҳларни кўра бошладим. Дувиллаб «негатив»лар ёғиларди. Барчаси Ҳилоланинг шахсиятига қаратилган. Ҳужумдан мақсад аудиториянинг видео-контентга бўлган ишончини сўндириш эмас, балки айнан шу эҳтиётсиз талабанинг шахсиятини синдириш эканлиги аён эди.
Уни ТИТИдан хайдаб юбориш осон эмас: Ҳилола қизил дипломчи, у ўша илмий лойиҳанинг ҳам энг фаол иштирокчиси. Лойиҳаси ғолиб бўлганда анча мунча ахборот майдонларда номи чиқиб кетган эди. Ундан қутулиш иложиси йўқ экан, морал босим ўтказиш мумкин. Бизга буюртма қаердан келганлиги аниқ сезилиб турарди.
Ҳамкасбларим бир биридан ўтиб ишлашяпти.
Хуллас, қизни синдиришяпти.
Эҳ, сенга нима кераги бор эди-я? Кимлар билан яшаётганингни билмасмидинг? Бу шоқоллар сени еб қўяди-ку! Ҳаётингни босиб янчиб ташлашади-ку.
Шу жойда ўзим ўша шоқоллардан эканим эсимга тушиб кетди.
Ҳилолалинг «шу ишингиз ўзингизга маъқулми?» деган гапи учрашувдан кейин анчагина вақт қулоғимда янграб юрди. Олти йилча олдин «шу ишим яхшими?» деган савол билан қийналганим эсимда. Бир блогер ички ёзишмаларимиз скринларини олиб чиққиб, командамизни роса «машҳур» қилганда, мана шу савол роса қийнаган. Жанжал тўполонлардан кейин, ҳаммаси тинчиб кетди. Кейинчалик бу блогер ўзи шунақа фабрика очгани ҳақида хос доирамизда гап тарқалди. Бунга ишонмайман (троллар оламида жуда кўп ёлғонлар юради). Аммо факт шуки, блогер бошқа бундай кескин материал чиқармайдиган бўлиб, соққа қилишга ўтиб кетди... У қандай келишган бўлса (ёки келиштиришган бўлса), мен ҳам аста секинлик билан ўзим билан келишиб, «шу ишим тўғрими?» каби савол билан бошимни қотирмайдиган бўлгандим. Аммо Ҳилола ўша эски ярамни янгилаб қўйди.
Бу қиз-ку ўз меҳнати, илми, ютуқлари ва орзуси учун курашяпти. Мен кимман ўзи? Мен пул учун Ҳилола ва унга ўхшаганларнинг томирини қирқишда иштирок этадиган бир виртуал «жангчи». Яна қанча вақт бунақа ишлар қилиб юраман? Ёш ўттизга қараб кетяпти. Келажакда болаларим, «дада, институдан кейин нима ишлар қилгансиз?» деган саволига қандай жавоб тайёрлаяпман?!
Бирдан видео остида қизнинг кўнглини кўтарадиган изоҳ ёзгим келиб кетди:
«Ҳилола, бардам бўлинг! Буларга эътибор берманг! Булар ҳаммаси сохта! Сиз менинг кўзимни очдингиз! Ҳаётимни бошидан бошлайман...»
Албатта ёзмадим. Тролл акаунтлар ҳаммаси назорат остида. Лекин қарорим қатъий. Эртагаёқ трейдингни қайта ўрганишни бошлайман. Ёки СММни. Ёки ўша дастурлашни. Ҳозир эса шефнинг олдига бораману, ишдан кетишимни айтаман...
Елкамга кимнингдир оғир қўли тушиб, чўчитиб юборди.
- Ҳа, Авазбой, ишлар қалай кетяпти? Мазанг йўқми? Рангинг ўчган?
Шефимиз Самандар ака тепамда менга қараб турарди.
5. «Самандар ака, бл...»
Самандар ака, халоскорим! Давомат ва синовларни барбод қилиб, энди ҳайдалай деб турганимда мени қутқариб қолганди. Эвазига бир интернет лойиҳасида бир-оз ёрдам беришимни сўраган. Шундай қилиб «фабрикага» кириб қолганман...
– ...Мазанг йўқми? Рангинг ўчган?
Бўғзимга нимадир келиб, қотди. Қўлим билан томоғимни ушладим.
– Томоғинг? Шунақа демайсанми? Бугун вақтлироқ уйга борақол. Халиги вазифа нима бўлди?
Шеф мониторга тикилиб сичқончамни ғилдиратиб кетди.
– Ҳа, яхши. Анча ёзишибти шоввозлар.. Бугунга етади. Ўзи нега олдинга келгандим? Буни қара.
Телефонидаги расмни юзимга қаратди. Ўттиз кишилик каттагина офис зали. Янги столлар устида икки–уч мониторли компютерлар. Устидан целофани олинмаган геймерлик креслолар.
– Янги офис очяпмиз. Катта ишлар қиламиз. Фақат фитначиларга қарши эмас, балки буюртма саҳифалари остида мақтаган изоҳларни ёзамиз, бошқа ишларам бўлади. Сенга бошлиқликни таклиф қилмоқчиман. Zava эмас (“Zava” – «Аваз» текскариси, «фабрикамиздаги» тахаллусим, фош бўлганимиздан бошлаб ҳамманинг код номи бор.) «Зав.Залом» бўласан.
«Зав.залом» заведующий залом – ресторан залига қараб турувчи бош официант.. Тушунарли. Ёғлиқ мансаб...
– Фикс ойлигинг, KPI тўловлар, плюс мукофот пуллари бўлади. – кулиб давом этди шеф, – Хозирги конторамизда мен қилаёган ишни қиласан. Масофали ишчи чумолиларни ҳам бошқарасан. Ўзим ўргатиб тураман. Кунинг келди, Авазбой!
Ана холос... Энди кетай деб турганимда, сюрприз. Оддий тролл эмас, катта тролл, троллар сардори! Трейдер–мрейдерклик, СММчилик бунинг олдида ҳеч нима. Кеча пули йўқ ҳеч ким эдим, бугун оз–моз топармон ҳеч ким, эртадан эса пули кўп кимдир. Насиниэмасин...
Қўлтиқдан тарвуз тушиб қоқ иккига бўлинди. Атом парчаланди. Парчалар йўқ бўлиб, йўқликдан қора энергия пайдо бўлди. Уч минут олдинги Аваз йўқлик қаърига кетиб, янги Аваз туғилди. Яшасин.
– Мазанг йўқлиги аниқ, бола. Уйинга бора қол. Икки-уч кун ётиб тузалиб кел. Янги офисни барибир кейинги ой очяпмиз. Менга соғлом Завзалом керак.
Ташқарида ноябр майда ёмғирли шабодаси юзимга урди. Хали ёғмаган қор ва чириётган барглар исини ўпкамга тўлдириб тортгим келди. Беҳос икки бармоғимни лабимга қапштириб, чуқур нафас тортдим... Қизиқ. Ҳеч қачон кашандалик қилмаганман, болалигимдан сигарет тутунига тоқатим йўқ, ҳеч қачон шу зормандага одатланмасликка ўзимга ваъда берган эдим. Энди эса жудаям чекиб юборгим келди–я... Бунақаси бўлмаганди.
Эҳ, Аваз, худди шу бармоқларинг орасидаги сигарет сохта бўлганидек, ҳаётинг сохта, фейк. Орзуларинг сохта, фейк. Қилаётган ишларинг сохтакорлик, фейкпуруштлик. Сохтакорликка бунчалик талаб бўлмаса бу юртда? Бунчалик истиқболли бўлмаса! Салом ФЕЙКСОЗЛИК САНОАТИ! Салом ФЕЙКШУНОСЛИК САНЪАТИ! Шўринг қурди, ҳилолалалар.
Эпиграф.
«Варрагинга шамол ҳамиша ёр бўлсин, болам!»
~ Теодор мактублари, V аср, Рим (Византия)
12.03.24
————-
*Барча исмлар ва ҳодисалар тўқима, исмлар кимгадир мос бўлиши мутлақо тасодифий