МАҚСАДИМИЗ ҲАМ, ЙЎЛИМИЗ ҲАМ АНИҚ МАСЪУЛИЯТ ВА ДАХЛДОРЛИК ТУЙҒУСИ КЎЗЛАГАН МАРРАМИЗГА ЕТКАЗАДИ (Биринчи мақола)

МАҚСАДИМИЗ ҲАМ, ЙЎЛИМИЗ ҲАМ АНИҚ МАСЪУЛИЯТ ВА ДАХЛДОРЛИК ТУЙҒУСИ КЎЗЛАГАН МАРРАМИЗГА ЕТКАЗАДИ (Биринчи мақола)

Шукритдин ПАХРУТДИНОВ, сиёсий фанлар доктори, профессор

Дунёда кечаётган глобал ўзгаришлар, жаҳон тараққиётининг ҳозирги босқичида ғоят мураккаб, зиддиятли жараёнларнинг гувоҳи бўляпмиз. Ушбу паллада демократик ривожланишни издан чиқарадиган ва инсоният бирлигига таҳдид соладиган ғоявий йўналишлар вужудга келиши, гегемонликка интилаётган давлатлар манфаати тўқнашуви авж олаётир. Шунингдек, кўп қутблиликка асосланган дунёни барпо қилишнинг тобора мураккаблашуви ва яна икки қутбли дунёнинг шакллана бориши таҳдидли ҳолатни вужудга келтиряпти. Айниқса, ёшлар орасида носоғлом диний тушунчаларнинг кучайиб бориши, моддий ва маънавий манфаатлар мувозанати бузилиши, глобаллашув жараёни жамият ҳаётининг барча соҳасига кириб келаётгани ачинарлидир.

Ҳар қандай сиёсий зиддият, қуролли тўқнашув ва урушлар ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга, инсоният тараққиётининг бир неча йиллар ортда қолишига сабабчи бўлган. Уруш натижасида эса халқ камбағаллашади, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш таназзулга юз тутади, бутун бошли авлодлар ва бебаҳо умрлар бой берилади.

Давлатимиз раҳбари 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги нутқида ҳам ушбу масалага тўхталиб, “Илгари ўз мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти”, дегани бежиз эмас. Ҳақиқатан, бугунги мураккаб, манфаатлар, ғоялар ва мафкуралар кураши авжига чиққан, ноаниқлик ҳукм сураётган, ахборот ва технологик кураш жаҳон муаммосига айланиб бораётган бир даврда жамиятда тинчлик ва барқарорликни ушлаб туриш нақадар қийин кечаётганини кўриш мумкин. Бундай вазиятда фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини муайян даражада бўлса-да, англаб етиш суръатининг ошиб бориши давлат бошқарувида халқ ҳокимиятини юзага чиқариш, босқичма-босқич ўзини ўзи бошқарув жараёнини амалга оширишга эҳтиёжнинг ортиши, бир сўз билан айтганда, аҳолининг сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қилади. Бу ўз навбатида, давлат бошқаруви учун жуда катта кўмакдир. Бунинг учун жамиятдаги барча қатлам манфаатини самарали ҳимоя қилиш, зиёлилар сонининг ошиб бораётганини кузатишимиз мумкин. Аммо қарс икки қўлдан чиққанидек, айрим раҳбарларнинг ҳозирги давр ўзига хослигини англаб етмаётгани фуқаролик жамияти қуришдаги катта муаммога сабаб бўлмоқда. Бундай вазиятда фуқаролик жамияти қуриш талабининг ортиб бориши давлат ташкилотлари ва халқ ўртасида номутаносиб ҳолат юзага келишига олиб келади. Бу эса ҳар бир раҳбардан огоҳлик, ўта ҳушёрлик, аҳолининг турмуш даражасидан тортиб, маънавий ҳолатигача объектив баҳолаш, яхшилаш ва соғломлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўришни талаб қилади. Бу барқарор тараққиётни, миллий хавфсизликни таъминлашнинг энг муҳим шарти эканини унутмаслик керак. Ўзбекистондаги янгиланиш ва модернизация жараёнининг ҳозирги босқичида фуқаролик жамиятининг мустаҳкам заминини барпо қилишга қаратилган ислоҳотлар кенг кўламда ривожлантирилмоқда. Бу ўринда жамият миқёсида демократиянинг институционал ва ижтимоий-иқтисодий пойдеворини замонавий илм-фан ютуқлари асосида илмий жиҳатдан такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга. Ушбу вазифаларни тизимли ва самарали бажариш, ўз навбатида, инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, давлат ва жамиятни демократик янгилаш, либераллашув жараёнининг ижтимоий ўзагини мустаҳкамлашга йўғрилган туб ислоҳотларни реал равишда амалга оширишга асосланиши лозим. Ўтган даврда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳақиқатан инқилобий ўзгаришларга эришилди. Бунинг замирида нима ётибди? Албатта, халқимизнинг амалий ислоҳотларга ишончи ва давлат сиёсатининг миллий манфаатларимизга ҳамда давр талабига мослиги. Тарихан қисқа вақтда мамлакатимизда туб ва жадал демократик ислоҳотларнинг мутлақо янги босқичини белгилаб берувчи, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришнинг узоқ муддатли, амалий стратегиялари ишлаб чиқилди.

Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини ўзида тўла акс эттирувчи ушбу стратегиялар замирида йиллар давомида амал қилиб келган “давлат — жамият — инсон” тамойили “инсон — жамият — давлат” тамойили билан ўрин алмашди. Энг муҳими, ислоҳотлар халқнинг турмуш тарзи, ижтимоий-иқтисодий ҳаётини, реал ҳаёт ҳақидаги дунёқарашини ўзгартирмоқда. Энди халқимиз ва давлатимиз олдида турган энг муҳим ва зарур масала 2030 йилгача бўлган даврда аҳоли соғлом турмуш тарзи ва фаровонлиги, бандлигини, сифатли таълим, гендер тенглик, барқарор инфратузилма, хавфсизлик ва экологик барқарорликни таъминлаш, шунингдек, тенгсизликнинг барча кўринишларини қисқартириш, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши курашиш каби муҳим мақсад ва вазифаларни амалга оширишдан иборат. Бу каби устувор мақсад ва вазифалар ижроси йўлида ҳар бир фуқаронинг — у раҳбарми, ходимми, оддий халқ вакилими, масъулият ва дахлдорлик туйғусини самарали шакллантириш долзарб аҳамиятга эга.

Ҳар бир миллат, жамият ва давлатда демократияни англаш, талқин этиш ва амалиётда қўллашда ўзига хослик мавжуд. Бу — халқнинг босиб ўтган тарихий йўли, миллий менталитети, анъаналари, амалдаги ижтимоий муносабатларнинг характери каби қатор омиллар билан белгиланади. Жамиятни демократлаштириш моҳиятан инсоннинг ҳар томонлама камол топиши учун берилган имконият, шахс билан жамият манфаатларидаги уйғунликни таъминловчи омилдир. Жамиятни демократлаштириш мезони тарихий тараққиёт давомида шаклан ва мазмунан бойиб борган. Бу жараён бугун ҳам давом этмоқда. Зеро, жамият ҳаётини демократлаштириш энг ривожланган давлатларда ҳам юқори такомил нуқтасига, идеал даражасига эришгани йўқ. Ҳар бир давлат тараққиётида муайян стратегик ривожланишнинг демократик изчиллиги мавжуд, у сиёсий тараққиётнинг, ҳаттоки бошқарувда универсал тамойилларни амалга ошириш борасида ҳам ўзига хос шакл ва услубларни юзага келтиради. Хусусан, давлат бошқаруви тизимининг ривожи, ўз аҳамиятига кўра, маъмурий услублардан сифат менежменти томон ўтиш йўналишига эга. Бироқ демократик ислоҳотларни ижтимоий ҳаётимизга жадал суръатда сингдириш ҳамда амалий натижага эришиш каби муҳим жараёнда айрим соҳалар бўйича вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий вакиллик ва ижро органлари фаолиятининг самараси пастлиги, давр талабига, стратегик тараққиёт талабларига жавоб бермаслиги ёки бошқача қилиб айтганда, нолегитимлиги сақланиб қолмоқда. Давлат бошқарувининг ижобий самараси жамият тараққиётига хизмат қилса, жамиятда давлат бошқарувига эҳтиёж ва ишонч ортиб бораверади. Бу эса, жамият хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминловчи энг асосий шартлардан. Давлат кўзлаган тараққиёт стратегияси барча соҳраҳбарларининг фаолият мезонларини белгиловчи асосий кўрсаткичга айланса, бошқарув муносиб самарага эга бўлади. Ижро ҳокимияти тизимида айрим раҳбарларнинг демократик тамойиллар асосида бошқарувни амалга оширишга ўзида куч топа олмаслиги, демократик бошқарув кўникмалари йўқлиги жамиятимиздаги оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда. Биргина раҳбар-ходимнинг бошқарувни тўғри англамаслиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари, халқнинг бошқарувдаги ролини тан олмаслиги натижасида давлатдаги демократик ислоҳотлар билан номутаносиблик, инсонлар орасида норозилик ва тушунмовчилик кайфияти юзага келиши мумкин. Демократик бошқарувни амалга ошира олмаган раҳбарда табиий равишда буйруқбозлик, шахсий намуна кўрсата олмаслик ҳолати юзага келади. Бу эса масъулиятсизлик, шахсий ташаббус кўрсатиш, янгиликка интилиш ва креатив ишлашга чўчиш, бу борада нўноқлиги ошкор бўлишидан қўрқиш, ўзига, ўз бошқарувига ишончсизлигининг ортиши, натижада ахлоқ қоидаларига зид, қўполлик, дағаллик билан иш юритишида намоён бўлади. Чорасиз қолган, самарали бошқаришни эплай олмайдиган раҳбарлар ҳақоратни, қўрқитишни ўзига қурол қилиб олгани ҳолда замонавий менежерлик бундай ҳолатлардан холи бўлиши кераклигини англамайди, тушунмайди ва ҳис қилмайди. Ҳар қандай даражадаги ислоҳот мавжуд тартиб, шарт-шароит, вазият, муайян мувозанатнинг ўзгаришига олиб келади. Бутун жамиятнинг ислоҳ этилиши, яъни унинг нотўғри асосга қурилган, истиқболсиз тизимдан бутунлай янги — ижтимоий бозор муносабатларига асосланган, демократик ва ҳуқуқий жамиятга ўтиши эса жуда мураккаб жараён. Шунга кўра, мазкур ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушуниб етиши, уларда фаол иштирок этиши учун жамият аъзоларининг онгу тафаккури ҳам ўзгариши лозим. Айнан ўз жамиятида янгиланиш ва модернизация жараёнини эволюцион амалга ошира олган мамлакатларда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва фан-технология соҳаларида интенсив тараққиёт рўй берган. Бугун мамлакатимизда амалдаги сиёсий партияларнинг фаолияти, мажбурияти, масъулияти деярли сезилмаётгани жамиятнинг уларга нисбатан бефарқлигида кўриниб турибди. Ҳолбуки, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир нутқи, маърузасида, давлат ва жамият тараққиёти учун белгилаб берилаётган стратегик мақсад ва вазифаларда барча соҳалардаги аниқ вазифамиз, эришилиши кутилаётган натижалар рақамларда тўлиқ кўрсатиб берилмоқда. Фуқаролик жамияти қуришда сиёсий партиялар фаолиятининг ўрни жуда катта. Чунки улар халқ иродасини ифодаловчи, давлат бошқаруви ва фуқаролар ўртасида кўприк вазифасини ўтовчи, халқ орзу-умидларининг давлат бошқаруви, ислоҳотларда ўз ифодасини топишини таъминловчи бўғиндир. Улар халқ иродаси билан сайланади ҳамда халқ манфаати учун ишлайди. Депутатлар халқ иродаси, хоҳиш-истаги ва танлови билан сайланиши барчага маълум. Сайловга қадар одамлар партия нима, депутат нима иш қилиши ҳақида тахминий маълумотга эга бўлади. Бу эса уларга депутатликка номзод танлаш, сайлашга туртки берса, сайловдан кейин партиядан жамиятдаги муаммоларни бартараф этиш ҳаракатини, сайловдан аввал айтилган, кўплаб муаммолар ечимига қаратилган ишларни кутади. Аммо бу ишларнинг амалга ошмаслиги ёки бошланиб охирига етмаслиги, давлат бошқарувида сиёсий партияларнинг янги-янги ташаббуслар билан чиқмаслиги, фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини қўллаб-қувватламаслик, халқ орасидаги энг муҳим масалалар, ичимлик сув, экология билан боғлиқ қатор муаммоларни бартараф этиш бўйича қонуний асоснинг, самарали механизмнинг яратилишидаги, қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятининг бир-бирини қўллаб-қувватловчи фаолияти кўринмаётгани каби сабаблар бора-бора сиёсий партия нимага керак, деган саволлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Кузатув ва таҳлилларимизга кўра, охирги йилларда сиёсий партиялар фаолиятида бирмунча позитив ўзгаришлар сезилди. Айниқса, партия етакчилари, баъзи аъзоларида фаоллик намоён бўла бошлади. Уларнинг саъй-ҳаракати, ташаббуси билан қонун ижодкорлигида, ижтимоий ҳаётимизда ижобий ўзгаришлар кузатилди. Албатта, буни эътироф этиш керак. Лекин умуман олганда, назаримизда сиёсий партиялар ҳаракатида ҳали талаб даражасидаги кескин бурилиш, демократик тараққиёт йўлидаги жадаллашув сезилаётгани йўқ. Сиёсий партиялар дастурларининг бир биридан деярли фарқ қилмаслиги, уларни ҳаётга жорий этишнинг аниқ тактикаси, механизми такомиллашмагани амалиётдаги натижаларда кўриниб қоляпти. Сиёсий партиялар ўз дастур ва “йўл харита”ларида асосан, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга доир қарашлар билан чекланиб қолмай, жамият аъзоларининг маънавий-мафкуравий тафаккурини оширишга жиддий эътибор қаратиши давр талабидир. Назаримизда сиёсий партияларнинг ўзаро амалий рақобати қуйидаги йўналишларда бўлиши мақсадга мувофиқ: биринчидан, миллий манфаатларимиз асосида давлат ва ҳокимият тараққиётини таъминловчи стратегик мақсадларимизга эришишнинг самарали, амалий тактикаларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш. Иккинчидан, стратегик тараққиёт мақсадларини амалга оширишга қодир бўлган кадрларни танлаш, вакиллик ва ижро ҳокимияти органларига тавсия этиш. Учинчидан, бугунги глобал ўзгаришлар, эврилишлар шароитида сиёсий партиялар ўз стратегик йўналишлари сифатида мафкуравий муносабатларнинг миллий манфаатларга мос моделларини “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғоясидан келиб чиққан ҳолда таклиф этса, мақсадга мувофиқ бўлади. Тўртинчидан, раҳбарликка лаёқатли, ватанпарвар, садоқатли, қобилиятли, масъулиятли кадрларни танлаб, замонавий профессионал бошқарув бўйича билим ва малакасини ошириш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига тавсия бериш механизмини тизимли равишда амалга ошириш керак. Бугунги сиёсий партиялар мазкур амалий ҳаракатлар орқали ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар жараёнида янги талабларга жавоб берадиган, самарали иш услубини шакллантира олсагина ҳақиқий маънода сиёсий легитимликка эриша олади.

Легитимликнинг сиёсий характери эса фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўзаро манфаатдорлик ва давлат ислоҳотларига хайрихоҳлик, жамият манфаати учун қайғуриш, бағрикенглик ва муросага тайёрлик, сиёсий ҳокимият ва унинг институтларига ишончда намоён бўлади.

Бугун ҳақли савол туғилади: ислоҳотларнинг эволюцион ривожи нима? Аввало, барча соҳада эволюцион-тизимли тараққиёт моддий ва маънавий ривожланиш ўртасидаги уйғун мувозанатдир. Агар ўзгаришлар, янгиланишлар инсон онги ҳамда тафаккурини ўзгартира олса, бу чинакам маънода эволюцион ривожланиш жараёни бўлади. Бугун раҳбар бўлиш оғир, шу билан бирга, шарафли масъулият. Демократик жамиятда бошқарув аста-секинлик билан халқ қўлига ўтмас, давлат бошқарувида халқ раҳбарларни, раҳбарлар халқни қўллаб-қувватламас экан, асл мақсад — мамлакат тинчлиги, халқ фаровонлиги, эртанги кунга ишонч билан яшаш муаммолигича қолаверади. Назаримизда аҳолининг аксарият қатламида турмуш даражасини моддий жиҳатдан ўзгартиришга интилиш кучайиб бораётган бўлса, иккинчи томондан, маънавий етуклик даражаси пасаймоқда. Замонавий илм-фан ютуқларининг тараққиётга ҳиссаси ҳам етарли даражада сезилаётгани йўқ. Буни олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги ислоҳотларнинг ҳали якунига етмагани ёки таълим-тарбия жараёнини талаб даражасида шакллантиришнинг аниқ самарали йўли мавжуд эмаслиги, бошқарувда ҳали ҳам бюрократик, коррупцион иллатлар мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, бунга давлатимиз раҳбарининг кўплаб прогрессив ғоялари бошқарув тизимидаги қуйи бўғинларга ҳар доим ҳам етиб бормаётгани ёки узилишлар мавжудлиги, топшириқлар ижросини мониторинг қилиш бўйича муайян самарали механизм такомиллашмагани, субъектив факторлар таъсиридан холи тизим йўқлиги, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни бошқараётган айрим раҳбарларнинг мутахассислик бўйича билим ва кўникмаси талаб даражасида эмаслиги кабиларни қўшимча қилса бўлади. Раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш амалда самарали давлат бошқаруви сиёсатига ҳали тўлақонли хизмат қилмаётгани, рақобатли кадрлар ротацияси жараёнининг муттасил амалга оширилмаётгани каби ҳолатлар ҳамон мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Ваҳоланки, қобилиятсиз, масъулиятсиз, самарасиз раҳбар бошқа жойда яхши бўлиб қолмаслиги каби оғриқли ҳолатлар тизимнинг тўлақонли такомиллашувига тўсқинлик қилаётганини ҳаётий тажрибамизда кўриб, гувоҳи бўляпмиз. Мутасадди ёш, замонавий билимга эга, компьютер саводхонлиги юқори бўлиши, чет тилини мукаммал билиши мумкин. Лекин ҳаётий тажрибаси-чи, шу соҳанинг муаммолари, икир-чикирларини ҳал қилиш йўлларини тўғри англаб, улар ечими бўйича рационал қарор қабул қилиш ва самарали бошқарув кўникмаларига эгами? Бўлғуси раҳбар амалий ҳаёт мактабини ҳам қайсидир маънода ўтаган, соҳа бўйича ҳам муайян тажрибага, иш жойида ижобий натижага эга ва жамоа томонидан эътироф этилган бўлиши, кадрлар танлови эса тор доирада эмас, кенг доирада шаффоф ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Инсонлар руҳиятини тушунадиган, дардини ўзиники, деб қабул қилиб, уларга малҳам бўла оладиган раҳбарлар фаолияти давомида ижобий натижаларга эришган. Чунки улар доим инсон манфаатини ўзиникидан устун, деб билган. Халқда тарихан исботланган бир нақл бор: “Инсоннинг асл қиёфасини билмоқчи бўлсанг, унга мансаб ёки бойлик бер”. Албатта, ҳамма даврларда ҳам бошқарув кадрларини танлаш, тайёрлаш ва уларни адашмай муносиб жойга тайинлаш осон бўлмаган. Лекин давр талабига мос ечим топилган тақдирда ижобий натижаларга эришилган.


Report Page