“МАЖИДИДДИН”ЛАР ЙЎҚ ҚИЛГАН АКАДЕМИК

“МАЖИДИДДИН”ЛАР ЙЎҚ ҚИЛГАН АКАДЕМИК


Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,

Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг.

Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,

Уни тиригида бир соат йўқланг.

Мақсуд Шайхзода.

 

        Тарих қатларида не-не синоатлар яширин. Кўнгилни хушнудлик насимлари ила севинтирадиганидан кўра ҳолингизни забун айлаб, юрагингизда чумоли ўрмалатадигани нечукдир кўпроқ. Балки инсон тафаккури мана шундай курашларда эврилар, англамлар – нотурғун даврлар маҳсулидир?.. Аммо “ботиқ хотираларнинг узоқлашгани сайин тиниқлаша бориши” кўнгилга таскин беради. Ҳақиқат бирибир юзага қалқиб чиқади. Ёлғиз юпанч шуки, тарихни ҳеч ким ўзгартиролмайди, ҳатто уни қайта ёзиб, ўзгартирганлар ҳам.

        Ўзбекнинг бир олими бор, шундай серғалва, доғули замонда яшаган, Анишчев бошлиқ десантчиларга, Гдлян, Бутурлин бошлиқ қатағончиларга қарши очиқ кураш очган, ўшандай оғир кунларда мақтанчоқ қаҳрамонларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб, пана-паналарда беркиниб ётган бир пайтда миллатимизнинг қадр-қиммати, ору номуси, тили ва маданиятини ҳимоя қилган, мустақиллик, шу ватан равнақи учун астойдил бел боғлаган-у... Охир-оқибат, унга бегона бўлган олимдир у. “Ўзим мустақиллиги учун жон фидо қилиб курашган республикада, манфаатларини ҳамма ерда ҳимоя қилган миллатим олдида гуноҳкор кишидек бўлиб қолдим”, дея ўксик хотиралар ичида яшаб ўтди.

        Фалсафа фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Эркин Юсуповнинг ҳаёт йўлларига бир-бир назар солиб, пешонасига самандарлик қисмати ёзилганмикан, деган ўйга боради одам. Бир умр ловуллаб ёниб турган жойларга ўзини урган, оловнинг тафти қанотларини куйдирса ҳам, тағин оловга талпинаверган, олов ичида яшаган самандар одам. Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлидан бораётган уч йил саккиз ой ичида олти марта иш жойини (мажбуран) ўзгартирган, тарихда мустақиллик даврида энг кўп лавозимни эгаллаган киши бўлиб қолди...

        Дастлаб “Рашидовнинг одами” деган тамға билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтидан бўшатилди. Фанлар академиясига келиши биланоқ президиум аъзолари таркибини қисқартириш тўғрисида топшириқ бўлдию, ўн тўрт кишилик таркиб тўрт кишига тушиб қолди. Уларнинг ичида Эркин Юсупов ҳам бор эди. Хонани бўшатиш мақсадида қўлёзмаю ҳужжатлари, китоблари кўчага олиб чиқиб ташланди. Қизиғи шундаки, бўшаган хонага саккиз ой мобайнида зоғ ҳам кирмади.

        Сўнг Тарих институтига катта илмий ходим лавозимига тайинланди. “Билим” жамиятига бошчилик қилди, у тугатилгач, ўрнини босган “Зиёлилар уюшмаси”нинг Президенти этиб сайланди. Иш бошланганига бир ой ўтар-ўтмас , уюшманинг фаолиятини текшириш учун кетма-кет комиссиялар кела бошлади. “Ўша йилларда агар бирор одам раҳбариятга ёқмай қолса, кетма-кет текширувлар ўтказиб, уни ҳолдан тойдирар, ўзи ариза бериб ишдан кетишига мажбур қиларди. Агар буни тушунмаса, бирор айб топиб бўйнига қўйяр ва кейин шарманда қилиб ишдан ҳайдаб юборишар эди. Ёқмай қолган одамлардан қутулишнинг бу йўли ҳаммага аён бўлиб қолган эди”, дея хотирлайди олим ўзининг “Ёрқин хотиралар” асарида.

        Ҳақиқат ва адолатнинг этагини тутганлар “қора рўйхат”га тушиб, иложи борича ҳукумат ишларига аралаштирилмайдиган, четга суриладиган замонлар келди. Аҳвол шу даражага етдики, Эркин Юсуповнинг мақолаларини босишга газета-журналлар раҳбарлари журъат этолмай қолдилар. Шунда ҳам тинч турмаган олим айрим мақолаларини Юсуп Эркинбоев имзоси билан чоп этишга муваффақ бўлди. Жумладан, “Мустақиллик шабадалари” номли монографиясининг бир дона нишона сони ҳам йўқ қилиб юборилди. 22 кишилик “қора рўйхат”га нима учун тушиб қолганини ўзи ҳам билмай, жавоб тополмай кўп ҳайрон бўлган.

        Эркин Юсуповнинг ҳар маърузаси ғалвирдан ўтар, ҳукуматдан четлатишга ҳар қанча уринмасинлар, халқ қучоқ очиб кутиб олишлари кимларгадир ёқмасди. Олим бошига тушаётган ҳар бир синовдан маълум ҳаётий хулосаларга келган. Хусусан, “Инсон раҳбарларнинг назаридан қолса ҳам, элнинг назаридан қолмаслиги керак. Раҳбарлар келиб кетаверади, халқ эса доим қолади. Ҳаётда халқ ўртасида обрў-эътиборли бўлиш раҳбарларнинг кўнглига ёқишдан кўра оғирроқдир”, дейди ёзмаларида.

        Зиёлилар уюшмаси биносини шаҳар ҳокимияти олиб қўйгач, бутун бошли ташкилот 4 та хонага жойлаштирилди. Сиқув, таъна-дашномлар ишлаш учун имкон қолдирмади олимда. Ниҳоят жамият президентлиги лавозимидан ўз хоҳиши билан кетди. Давлат тасарруфида бўлмаган Халқаро иқтисодий алоқалар институти ва Тошкент Давлат университетида дарс бера бошлади. Маълум муддат ўтгач, бу институт ҳам тугатилди. Шундан сўнг яна турли вазифалар, турли жойларда ишлади. Бир ерда узоқ қололмади.

Тириклик чоғи эъзозланмаган, қадрига етилмаган олимнинг 50, 60 йиллик юбилейлари ўтказилмади, биров билиб, биров билмай ҳам қолди. 1994 йилнинг баҳорида унинг кўксини ҳам ҳузурбахш шабадалар сийпай бошлади. Фалсафа жамияти президенти С.Шермуҳамедов бошчилигида 50-60 киши тўпланиб, Эркин Юсуповнинг 65 йиллик таваллуд айёмини нишонладилар.

Маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази раҳбари этиб тайинлангач эса, яна олимни республика илмий ҳаётидан четга суриб қўйиш учун ҳаракатлар, марказ фаолиятига тўсиқлар қўйила бошланди. Охир-оқибат, 66 ёшида соғлиғи ёмонлашгани важи билан ишдан бўшаб қутулди. Бу ҳақда ўзи шундай ёзади: “Бундан буён кафедрада ишлаб тинч илмий ишлар билан шуғулланишга қарор қилдим. Ҳар ҳолда олимдан мансаб эмас, балки ёзган асарлари қолади”.

Умри курашлар, зиддиятлар, босимлар ичида ўтган олимнинг бошига тушган савдо-кўргиликлари сабабини ўзи қуйидагича изоҳлайди “Ёрқин хотиралар” асарида: “Президент атрофини ўраб олган “мажидиддинлар” ундан ҳақиқатни яшириб, ўзларининг ёлғонлар ахборотини етказганлар. Амир Ҳусайн Бойқарони иғво исканжасига олиб, дўстларидан, садоқатли кишиларидан ажратиб, яккаю ёлғиз қилиб қўйганлар ҳам шунайлар эди-да. Бундай кишилар айрим кишилар учунгина эмас, балки бутун жамият учун, раҳбарларнинг ўзи учун ҳам ўта хавфлидир”.

Эркин Юсупов инсон сифатида зиёлиларнинг тарқоқлиги, уюшмаганлиги, хиёнат, мансабпарастлик, илмсизлик каби иллатларни қаттиқ қоралаган, улар ҳақида бот-бот гапирган, куюниб-куюниб гапирган:

“Инсоният тарихида жуда кўп иллатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган бир касаллик борки, у бор жойда хиёнат, кибр, риё устунлик қилади. Бу мансабпарастликдир. Бу касалликка мубтало бўлган кўплаб муттаҳамлар бугун ўзига яқин дўст бўлган одам эртага амалдан кетиб қолса, махсус топшириқ билан унинг устидан туҳмат ва иғводан иборат бўлган хатлар ёзиб, ёлғон гувоҳлик беришдан ҳам қайтмайдилар. Бундай ҳолатни мен ўзимдан бошқа яна бир инсонда – Мавлон Умурзоқов ишдан олинганидан кейинги ҳолатда ҳам кузатдим.

Ш.Рашидов ҳаётлигида ва вафот этганидан кейин одамлар унга қандай муомала қилганини эсласак, ҳамма нарса ўз-ўзидан аён бўлиб қолади...”.

“Отам олти нафар фарзандини ўқитдилар, яхши тарбия бердилар, олий маълумотли, уйли-жойли қилдилар, лекин роҳатини кўраман, деганларида, ҳар хил қарама-қаршиликлар, тазйиқлар, туҳмат тошлари тагида қолдилар. 1984 йиллари десантчилар тазйиқи туфайли биз ҳам кўчада якка-ёлғиз юролмай қолдик. Ўшанда 35 ёшларда эдим. Дўстимникига ёки ишхонага борсам ҳам доим ҳамроҳим бўларди. Мустақиллик бўлди, энди ҳамма кўргиликлар ортда қолди, десак, мансабпарастлар, ҳасадгўйлар отамни тинч қўймади. Бундай инсонлар ҳамиша бўлар экан, бундан кейин ҳам бўлади. Отамнинг бошига неки кўргилик, зиддият тушган бўлса, ҳаммаси адолатлилиги, ҳақиқатни кўра туриб жим туролмаслиги ортидан бўлган”, – дея эслайди ўғли Тўлқин Юсупов.

Эркин Юсуповдан 500 га яқин монография, рисола, дарсликлар, ўқув қўлланмалари, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар қолди. Айрим асарлари 30 дан ортиқ хорижий тилларга таржима қилинди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин “Фалсафа”, “Маънавият асослари”, “Маънавият ва жамият тараққиёти”, “Оиланинг маънавий асослари”, Ўзбекистон мустақиллигининг назарий муаммоларига бағишланган 6 монография, 11 рисола, кўплаб мақолалари миллий ва хорижий нашрларда чоп этилган. Эркин Юсупович раҳбарлиги остида 8 олим фан доктори, 73 аспирант ва тадқиқотчи фан номзодлари илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлаганлар. Ҳозир улар Ўзбекистонда ва турли давлатларда хизмат қилишмоқда.

Пойтахтда яшаб, ўша ерда илм уммонига шўнғиган ғаввос асли Фарғонадан. Олимнинг қариндош-уруғлари, яқинлари ҳануз у билан фахрланади, уни дуоларида ёд этишади.

“Фарғона водийси, Қува, Қайрағоч қишлоғи – тоғам академик Эркин Юсуповнинг киндик қони тўкилган жой. Улар қийин болалик, машаққатли меҳнат тўла ўспиринлик, йигитлик, талабалик даврлари, қолаверса, илмий-сиёсий фаолиятларида турли синовларни бошдан кечирганликларига қарамай, доимо олдинга, эзгу мақсад сари интилгани, бунинг натижасида дунё тан олган илм аҳли қаторидан муносиб ўрин олгани уларнинг фарзандлари, биз қариндошлар, шогирдлари ва уларни билган, кўрган барча инсонлар учун ғурур, фахр туйғусини жўш урдиради. Тоғамнинг олти нафар фарзанди бўлиб, тўнғич фарзанд Тўлқин акам ва Мавжуда кеннойим фарзандлари ва набиралари билан ҳозирда уларнинг чироқларини ёқиб ўтиришибди. Тўлқин акада отасининг оқибатлилиги, оилага садоқати ва фарзандларга жонкуярлигини кўрсак, кеннойимда қайнонасининг хушмуомалалиги, меҳнаткашлиги, пазандалиги, покиза, саранжом-саришталигини кўрамиз. Илоҳим, тоғамнинг охиратлари обод, қолдирган илмий мерослари илм аҳлига манфаатли бўлсин”, – дея хотирлайди Эркин Юсуповнинг жияни, Фарғона давлат университети ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент Манзурахон Абдураҳмонова.

Эркин Юсупов камтар, олижаноб, ҳазил-мутойибани хуш кўрувчи инсон бўлган. Ёшлигидан турли заҳматлар чекиб улғайган олимни ҳаёт кучли, бардошли, ирода-матонатли этиб тарбиялади. Бироқ газета-журналларда унга қарши босилган мақолалар, “мажидиддинлар”нинг фитна-найранглари, адолатсизлик, шогирдлар, яқинлар хиёнати, қадрсизлик буюк ирода эгасига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Қон босими тез-тез ошадиган бўлади. Ҳаётининг сўнгги йилларида бир ҳақиқатга иқрор бўлди: “Мустақиллик учун курашиб, ўзбек миллатининг вакили сифатида ҳалол меҳнат қилиб, қанча машаққатлар билан эришган академиклик даражам ва салоҳиятим билан жамият, мустақил Ўзбекистон учун мени кераксиз қилиб қўяётган кучга қарши чиқишга ҳам маънан, ҳам руҳан кучсизланиб бораётганимни сезар эдим. Бу ҳақиқатнинг юзага чиқиши учун вақт энг холис ҳакам эканлигини, бу даврлар, албатта, келишини билардим ва бу масалани давр ихтиёрига қолдирдим”.

Ўткир Ҳошимов хўб топиб айтган: “Истеъдодлилар ҳадеганда қовуша қолмайди. Улар юлдузга ўхшайди. Ҳар бир юлдузнинг ўз меҳвари бўлди. Юлдузлар бир-бирини инкор этмайди. Аммо бир-бирининг меҳварига кирмайди ҳам. Истеъдодсизлар эса бир замбил шағалдек гап. Дарров тўдалашади. Тўда бўлиб жим ётса-ку, майли. Барака топгурлар истеъдодлиларга тош отавериб безор қилгани чатоқ...

Модомики талантсизлар ёвуз ниятда бир-бири билан тил топишар экан, талантлилар ҳам яхши ниятда бирлашмоғи керак”.

Ҳаёт бўлганида бу йил 92 баҳорни қаршилайдиган Эркин Юсуповнинг халқимиз олдидаги хизматлари ёнида бу хотира-мақола игна учидек қадрга эга эмасдир. Бироқ бошига иш тушганида гум турган авлод учун тарих адолати, бу исмни балки эшитмаган ёш, навқирон авлод учун эса ибрат, сабоқ бўлса ажаб эмас...

 

Севара АЛИЖОНОВА,

“Ҳуррият” газетаси мухбири.


Report Page