МАВЛОНО ЖОМИЙНИНГ МАЪНО ОЛАМИ

МАВЛОНО ЖОМИЙНИНГ МАЪНО ОЛАМИ


МУХТАСАР ТАВСИФЛАРИ

Мавлоно Абдураҳмон Жомий қомусий аллома, мумтоз шоир, шайх, муршиди комил, кароматлари ошкор валий зот бўлганлар. Ҳазрат Алишер Навоий “Хамсатул-мутаҳаййирин” асарининг икки ўрнида ул зотни шоирлик ва олимлик билан ўз тасаввуфий ҳолатларини – маънавий мартаба ва кароматларини яшириб келганларига ишорат қиладилар. Султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлик қилган Хуросон мамлакатининг икки буюк маънавий таянчи бор эди: бирлари – ҳазрати Мавлоно Абдураҳмон Жомий, бирлари – ҳазрат Алишер Навоий. Мавлоно Жомий шундай буюк мақом ва хизматларда машғул бўлишларига қарамай, салтанат ишларида маънавий ёрдам бердилар, Султон Ҳусайн Бойқарога бағишлаб “Искандар хирадномаси” достонини ёзиб, подшоҳни қувватладилар, у зотни улуғлаш билан бирга, зарофат йўли билан адолатга ундадилар. Инсонларнинг турли эҳтиёж ва муаммолари хусусида бош вазир мақомида бўлган Алишер Навоийга мактублар ёздилар, энг муҳими, салтанат ва мамлакат ҳақида доим дуойи хайрда бўлдилар.


НАСАБЛАРИ

У зотнинг олий насаблари мужтаҳидлар имоми, Бани Шайбон қабиласининг малик– ларидан бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Абдуллоҳ ибн Товус ибн Хурмуз Шайбонийга бориб боғланади. Муҳаммад ибн Ҳасан Бағдодда султонлик қилган ва жоҳилия замонида амирул-мўъминин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу замонларида исломга мушарраф бўлган. Шайбон қабиласи насабнинг шарафлилиги жиҳатидан араб халқининг кўп қабилаларига нисбатан мақтов ва фахр мақомидадир. Ўз оталари ва боболари зуҳд ва тақвода машҳур ҳамда ҳукм қилиш, фатво бериш билан доим машғул эдилар.


ҚИСҚА ТАРЖИМАИ ҲОЛЛАРИ

Ҳазрати Навоий айтадилар: Аларнинг шариф валодатлари ўзларининг муборак назмлари мазмунидин андоқ маълум бўлурким, секкиз юз ўн еттида эркандур...”. Демак, Мавлоно Жомий ҳижрий 817, милодий 1414 йилда Жом вилоятида туғилганлар, кейин Шайхул-Ислом Аҳмади Жомнинг ватанида яшаб қолганлар. Аҳмади Жом (вафотлари 1141 йил) – тариқат шайхларидан бўлиб, шоир сифатида ҳам шуҳрат қозонганлар (“Хамсатул-мутаҳаййирин”). “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да ҳам: “Ота-боболари асли Даштдан бўлиб, Жомда, кейинчалик Ҳиротда ҳаёт кечиришган” дейилади. Вафотлари ҳақида ҳазрат Навоий айтадилар: “Аммо фано доридин бақо гулзориға рихлатлари жумъа куни муҳаррам ойининг ўн еттисида тарих секкиз юз тўқсон секкизида воқеъ бўлди”. Ҳижрий 898 йил муҳаррам ойининг 17-куни милодий ҳисобда 492 йилнинг 8 ноябрига тўғри келади. Дафн воқеаси ҳақида ҳазрат Навоий айтадилар: “Подшоҳзодалар ясовуллуқ қилиб, элни қўруб, йўл очиб, наъш мадфанға етти ва ҳазрати қутб ул-авлиё Мавлоно Саъдуд

дин Кошғарий ёнидаки; зоҳиран тариқат одобида аларнинг пиридур — дафн қилдилар” (“Хамсатул-мутаҳаййирин”).


БОЛАЛИК ВАҚТЛАРИДАГИ ҚОБИЛИЯТЛАРИ

У зот кичик ёшлик эканларида ҳам улардан муфрит фаҳму табъ асарлари зоҳир бўлар эди. Жумладан, ўз замонининг ягонаси ва ҳақиқат денгизининг гавҳари якдонаси бўлган орифи комил ва муршиди мукаммил – Мавлоно Фахриддин Луристоний Жом вилоятида уларнинг оталари уйига тушадилар, улар тўрт ё беш ёшларида бўлиб, энди мактабға борадиган вақтлари экан. Ҳазрати Мавлоно Луристоний уларни ўз қошларида ўлтирғизиб, бармоқ ишорати била ҳавога “Умар” ёки “Али” каби машҳур номларни битир эдилар, улар тааммул билан ўқиб берар эканлар. Ҳазрати Мавлоно уларнинг болалик чоғда бу хил зеҳну закосидан табассум қилиб, балки таажжубга тўлар эдилар. Чунончи, бу сўз ҳазрати Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида ҳам зикр қилинади. У зотнинг болалик кунларидан бу хил эсдалик ва аломатлар кўп нақл қилинган (“Хамсатул-мутаҳаййирин” асаридан соддалаштириб олинди).


ТАЪЛИМЛАРИ

Кичик ёшларидан то йигитлик даврининг аввалигача – Жом вилоятида яшаганларида уларга илмда фойда етказадиган киши оз топилгани сабабли, Ҳиротга кўчиб келадилар. Кейин Ҳирот шаҳри, Ироқ дарвозасидаги “Низомия” мадрасасида маскан қилиб, таҳсилга машғул бўладилар ва оз фурсатда ҳамма тенгқурларидан ишни ўтказиб, балки шаҳарнинг кенг ва теран илмли олимларидан илму фазлни ошириб, илм-фан борасида замон аҳлидан ҳеч қайсиларига эҳтиёжлари қолмайди.


ТАРИҚАТДАГИ УСТОЗЛАРИ

Кейин Хожагон-Нақшбандия силсиласининг ўша замондаги комил ва мукаммил муршид ва халифаси бўлган ҳазрати қутби тариқат ва ғавси ҳақиқат мавлоно Саъдуддин Кошғарийнинг суҳбат ва хизматларини ихтиёр қилдилар. Яна Баҳовуддин Умар, Мавлоно Боязид Пуроний ва Мавлоно Муҳаммад Асад каби ўз замонининг бошқа муршидлари ва комиллари бўлган шайхи бузургларнинг хизматлари ва шарафли суҳбатларига ҳам мушарраф бўлар эдилар (“Хамсатул-мутаҳаййирин”). Ҳазрат Навоий ёзадилар: “Алар зоҳир юзидин ўзларин қутб ул-муҳаққиқийн ва ғавс ус-соликийн Мавлоно Саъд ул-миллат ва дин ал-Кошғарий қаддасаллоҳу руҳаҳул-азиз муриди кўргузурлар эрди. Аммо ҳамоноки Увайсий эрдилар ва ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд раҳимаҳуллоҳу таъоло руҳониятидин тарбият топиб эрдилар ва замон машойихидин Хожа Муҳаммад Порсо қуддиса сирруҳу муборак назарлариға етишиб эрдилар”(“Насойимул-муҳаббат”).


ОЛИЙ АХЛОҚ ВА ХОКСОРЛИКЛАРИ

Ўзларини толиби илмлик ва шоирлик суратида кўрсатар эдилар, чунки тасаввуф сингари шарафли илмни беркитиш ва пинҳон тутиш учун бу икки ишдек парда топилиши мумкин эмас. Зеро, дарвишлиқ фано касбидир, балки фанойи маҳздир – тўлиқ ва буткул фано бўлиш йўлидир, бу икки иш – толиби илмлик ва шоирлик эса тугал даъвою жадал, манманлик ва худписандлиқдан ўзини пеш тутиш ва ўзини кўрсатишдан иборатдир (“Хамсатул-мутаҳаййирин”).

Уларнинг камолоти овозасин эшитиб, йироқ йўллар босиб, муборак суҳбатларига мушарраф бўлиш учун келганлар уларни асҳоби – суҳбатдош дўстлари орасида ғояти хоксорлик ва ўзларини танитмасликка уринишлари сабабли мутлақо танимас эдилар, чунки ўтириб туриш, сўзламоқ ва эшитмоқ, емоқ ва киймоқ борасида ўзлари билан бошқа хизматчилари орасида тафовут йўқ эди. Бирор киши зоҳирий – шариат илмлари ёки маънавий – тариқат илмларидан ўртага бирор савол ташламагунича, у зотнинг оқу қорани ошкор қилганлари асло маълум бўлмади. Аммо бирор масала ўртага ташланганидан кейин, у зотнинг барча илмларда маҳорат ва чақириқлари шу мартабада эдики, ҳеч бирор китобга қарашга эҳтиёж қолмас эди.


АСАРЛАРИ

Мавлоно Жомий кўплаб китоб ва рисолалар тасний этганлар. Энг машҳурларини эслаб ўтамиз. У зот ҳазрат Алишер Навоийнинг кенгашлари билан ўз шеърларидан учта девон тузадилар: “Фотиҳат уш-шабоб” (“Ёшликнинг бошланиши”), “Воситат улиқд” (“Ўртадаги дур”) ва “Хотимат ул-ҳаёт” (“Ҳаёт хотимаси”). “Нафаҳот ул-унс” – жаҳонга машҳур тазкира асари; “Ҳафт Авранг” (“Етти тахт ёки Катта айиқ юлдузлар туркуми”) – Жомий аввалига Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавийлар изидан бориб, “Хамса” ёзишга киришадилар, кейинчалик беш достон қаторига яна икки достонни қўшиб, “Ҳафт авранг” деб ном берадилар. “Силсилат уз-заҳҳаб” (“Олтин занжир”), “Туҳфатул-аҳрор” (“Ҳимматлилар туҳфаси”), “Муншаот” (“Мактублар мажмуаси”) – Жомийнинг турли масалаларга бағишланган ва ҳар хил табақадаги одамларга, жумладан, ҳазрат Навоийга йўллаган хатлари жамланган асари.


ИККИ АРБАЪИЙН

Ҳазрат Навоий ёзадилар: “Ул вақтдаким, алар “Арбаъийн ҳадис” (“Қирқ ҳадис”)ни форсий назм била таржима қилиб эрдилар ва маъҳуд одат била борча асҳобдин бурунроқ фақирға илтифот қилиб, мусаввадасин (қораламасини) бердилар, чун мутолаасиға машғул бўлдум, алфозидин ҳалойиқи номутаноҳи азҳори ва маонисидин ҳақойиқи илоҳий анвори зоҳир бўла киришти. Ҳамул “Арбаъийн”ға туркийча тил била таржима орзуси кўнгулға тушти. Алардин рухсат шарафиға мушарраф бўлғондин сўнгра ҳамул кун ул самин жавоҳир назм силкиға кирди ва ул гавҳарлар аларнинг қулоғиға етти. Шафқат ва марҳамат юзидин дуойи хайр била таҳсинлар қилдилар...”(“Хамсатул-мутаҳаййирин”).


ЖОМИЙ ШЕЪРИЯТИНИНГ МАЖОЗ ВА ҲАҚИҚАТЛАРИ

Ҳазрат Навоий шеъриятни “Тенгри эҳсони” деб, ҳазрат Фузулий эса “Рутбаи шеър” (“Шеър мартабаси”) деб тавсифлаганлари бесабаб эмасдир. Девон адабиёти вакиллари икки йўналишда – мажоз ва ҳақиқат тариқида ижод қилганлар. Мажоз вакиллари сўз ва истилоҳларни кўчма маънода қўллайдилар. Лекин мажоз санъатида сўзнинг ҳақиқий маъноси тарк этилган бўлиши мумкин эмас, балки мажознинг ортида сўзнинг ҳақиқий маъноси туриши шартдир (“Ғиёсул-луғот”, 1-жилд, с. 233). Чунончи, Жомий ёзадилар: Кўрдим асрори ҳақиқат  хатту холингда, санам, Гарчи бул кўргувчи кўзларга  мажоздир ул ҳама.

Мумтоз шоирлар “Мажоз ҳақиқатнинг кўпригидир” деган ҳикматга асосланадилар. Навоий айтадилар: Мажоздин манга мақсуд эрур ҳақиқий ишқ, Нединки, аҳли ҳақиқатқа бу тариқат эрур. Мажоздин чу ҳақиқатқа йўл топар ошиқ, Қилур мажозни нафй улки, беҳақиқат эрур. Яъни: “Мажоздан менинг мақсадим ҳақиқий ишқдир – ишқи Илоҳийдир. Чунки ҳақиқат аҳли учун тариқат шудир – йўл шудир. Ошиқ мажоздан ҳақиқатга йўл топади, мажозий севги воситасида ҳақиқий ишқу муҳаббатга эришади. Бас, шунинг учун мажозни фақат ҳақиқатсиз – ишқсиз киши рад қилади”. Демак, мажоз гўзаллиги ичида фақатгина Ҳақ таолонинг сунъини – санъатини, қудрати аломатларини кўриш шартдир. Шеъриятга пок назар билан қараш, мажоз ортидаги ҳақиқатларни идрок этиш девон адабиётини англашнинг шартларидандир. Жомий ёзадилар: Менинг шеърим мудом ишқу жафолар шарҳидир, Жомий, Ғазал девонимас, балки эрур девони аъмолим. Мавлоно Абдураҳмон Жомий барча ижод намуналарини инсоннинг – шоирнинг номаи аъмоли деб ҳисоблайдилар. Мавлоно Жомий ижодида юқорида зикр қилинган маърифий-тасаввуфий маъноларнинг барчаси жамланганини кўрамиз.


“ЮСУФ ВА ЗУЛАЙҲО”

Бу достон “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”) китобининг бешинчи маснавийси бўлиб, Фарудиддин Гургонийнинг “Вис ва Ромин”, Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин” асарлари йўналишида битилгандир. Асар ҳижрий 888, милодий 1483 йилда таълиф этилган. Мавлоно Жомий: Илоҳий, Сен умид ғунчасин очғил, Абадий бир боғнинг гулини сочғил дея, мумтоз шеъриятга хос ҳамд ва наътларини баён этгач, Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳида бир боб битадилар. Ҳазрати Муҳаммад Ризо Огаҳий асарни туркий-ўзбек тилига таржима қилаётиб, айтадилар: “Подшоҳ маърифатли бўлса, истеъдод аҳли қадр топади ва халқ маърифатли бўлади”.


“ХИРАДНОМАИ ИСКАНДАРИЙ”

“Хирадномаи Искандарий” (“Искандар хирадномаси”) “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”) туркумининг еттинчи достони бўлиб, замона подшоҳи Ҳусайн Бойқарога бағишлаб ёзилгандир. Мавлоно Жомий достонни: Илоҳий, илоҳлик камоли Сенда, Жаҳон подшоҳлигин жамоли Сенда деган байт билан бошлаб, бу ҳамд ифодаси орқали ҳукмронликни (подшоҳликни) бериш ҳам, олиш ҳам фақат Аллоҳга хос эканига ишорат қиладилар. Тарихдан маълумки, Хуросон мамлакатининг илғор зиёлилари, мунаввар шахслари Ҳусайн Бойқарони қўллаб-қувватлаганлар ва у зотга маънавий таянч бўлганлар. Унинг даврида ярим асрга яқин (40 йил) мамлакатда тинчлик-ободлик ҳукм суриб, дину диёнат, илму маърифат, адабиёт ва санъат мислсиз даражада равнақ топди. Бу улуғ жараёнларнинг ҳаммаси мамлакатнинг икки беназир сиймоси – ҳазрати Абдураҳмон Жомий ва ҳазрати Алишер Навоий шахсиятлари билан боғлиқ эди. Мавлоно Жомий достонни Султон Ҳусайн Бойқарога бағишлаш билан ўз маънавий тасарруф ва хайрхоҳликларини эълон қиладилар. Бобнинг охирида эзгу дуо билан шоҳни алқайдилар: Шоҳ таъби ҳар ғамдан бўлсину озод, Олам бўлсин анинг адлидан обод! Бу азиз сиймолар ҳикматидан маълум бўладики, буюк шахсларнинг етишуви, азиз инсонларнинг қадр топиши халқ ва мамлакатнинг камолидир, шахсларнинг синдирилиб, жамиятдан четлатилиши эса халқ ва мамлакатнинг заволидир. Азиз сиймоларни қадрлаш эса мамлакат ва салтанатнинг камолидир.


Мирзо КЕНЖАБЕК

Report Page