МАВЛИД ВА УНГА ДОИР МАСАЛАЛАР
Афсуски, баъзи бир мутаассиб кимсалар мавлидни нишонлаш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмагани, шу боис бу ишни қилиш ҳаром, уни қилган киши эса бидъатчи ва гуноҳкор бўлади, деб даъво қилмоқдалар. Бу борада ижтимоий тармоқлар орқали бонг уриб, ҳар хил тарғиботлар қилиб, жамият ичида бўлинишга, ихтилофлар чиқишига ҳамда турли хил кўнгилсиз ҳолатлар юзага чиқишига сабабчи бўлмоқдалар. Шунга биноан, қуйида аҳли сунна вал жамоа уламоларининг бу борадаги тутган йўлларини ёритиб, мавлид маросимларини нишонлаш машруъ эканлигига баъзи бир далилларни келтириб ўтамиз.
● 1. Фиқҳий қоидада айтиладики, бир нарсанинг ҳаром эканлиги фақат далил билан собит бўлади. Демак, ҳар қандай ишки, унинг ҳаром эканлигига далил собит бўлмаса, у мубоҳ иш саналади. Ҳолбуки, Набий алайҳиссаломнинг таваллуд кунларини нишонлаш ҳаром эканлиги борасида ҳеч қандай очиқ далил йўқ.
● 2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари таваллуд кунларига бошқа кунларга нисбатан алоҳида эътибор қаратганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг туғилган кунлари учун махсус рўза ибодатини ажратиб: «Мен ушбу кунда туғилганман», деб айтар эдилар.
● 3. Исо алайҳиссаломнинг туғилган кунларидан хурсанд бўлиб: «Менга туғилган кунимда салом бўлсин», деб айтганлар...
Аллоҳ таоло Юнус сураси 58-оятида:
«Айтинг, эй Муҳаммад! Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила (биз сизни ушбу умматга юбордик). Бас, улар ана шу билан хурсанд бўлсинлар», деб айтган.
Бу оят Ислом уммати улар учун Набий алайҳиссаломнинг юборилганлари боис хурсандчилик қилишларига очиқ далилдир.
● 4. Бир ишнинг тарк қилиниши у ишнинг ҳаром эканлигига далил бўла олмайди. Шунга биноан, саҳобалар У зот алайҳиссаломнинг таваллуд кунларини нишонламаганликлари бу ишнинг ҳаром эканлигини тақозо қилмайди.
● 5. Бу шундай кунки, Аллоҳ таоло ушбу кунда оламларга У зотни юбориш ила Ўзининг чексиз фазлини кўрсатгандир. Шу боис мусулмонлар ушбу кунни нишонлаши ва хурсандчиликларини изҳор қилмоғи даркор.
● 6. Набий алайҳиссаломнинг таваллуд кунларини нишонлаш бидъат эмас. Чунки бидъат — динга асли бўлмаган ишни диндан деб санаб, уни ибодат даражасига кўтаришдир.
● 7. Динимизда ҳар қандай янги туғилган чақалоқнинг шукронасига ақиқа ва садақотлар қилиш машруъдир. Ҳамда ўша кунларда кишилар туғилган чақалоқнинг дунёга келганига хурсандчиликларини изҳор қилишга тарғиб қилинган. Оламларга раҳмат ила юборилган зотнинг дунёга келишларига бўлган хурсандчилик бундан ҳам зиёда бўлмоғи лозим эмасми?!
● 8. Баъзи инсонларнинг мавлид тадбирларида ношаръий ишларни, жоиз бўлмаса-да, бажаришлари бу кунни мутлақ нишонлаш ҳаром эканлигини тақозо этмайди. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда баъзи никоҳ тўйларида жоиз бўлмаган, балки ҳаром бўлган ишлар содир бўлмоқда. Бу эса ўша никоҳ тўйларини нишонлаб ўтказишни буткул ҳаромга чиқариб қўймайди.
Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ кунида дуф уришни, у кунни хурсандчилик ва шодиёна билан ўтказишга бўлган тавсияларини ҳам ҳаромга чиқара олмайди.
Жалолиддин Суютий айтадилар:
«Менинг наздимда аслида мавлид амалида одамларнинг тўпланиши, Қуръони каримдан қироат қилиш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллуд топганларида рўй берган мўъжизалар ҳақида ворид бўлган хабарларни ривоят қилиш, кейин дастурхон ёзилиб, таомлардан тановул қилингач тарқалиб кетиш — буларнинг ҳаммаси гўзал ишлар сирасида бўлиб, уни ташкил этганларга савоб бор. Чунки бунда Пайғамбар алайҳиссаломни улуғлаш, таваллуд топганлари учун хурсандчилик ва шодликни изҳор этиш бор».
У зот яна шундай дейдилар:
«Қориларнинг имоми Ал-Ҳофиз Шамсиддин ибн ал-Жазарийнинг “Арфу-т-таъриф бил-мавлид аш-шариф” номли китобида шундай сатрларни ўқидим: “Абу Лаҳаб вафот этгач, уни тушда кўрилди ва унга: «Ҳолинг қандай?» — дейилди. У: «Дўзахдаман, бироқ ҳар душанба кечаси мендаги азоб енгиллатилади. Яна бармоғимни сўрсам, сув чиқади. Бунинг боиси чўрим Сувайба менга Пайғамбарнинг туғилгани ҳақида хабар олиб келганида хурсанд бўлганимдан уни чўриликдан озод қилиб юборганим ва у Муҳаммадни эмизгани учун», деб жавоб берди».
Агарки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган кечаларида хурсанд бўлгани учун Қуръони каримда мазаммат қилинган кофир Абу Лаҳабга дўзахда шунчалик мурувват кўрсатилган бўлса, Пайғамбарнинг туғилганидан хурсанд бўлган, борини У зотга бўлган муҳаббати учун Аллоҳ йўлида эҳсон қилган мусулмоннинг ҳоли қандай бўлиши мумкин?
Имом Зарқоний «Шарҳ мавоҳибу ладунния» китобида келтиради: Ҳанафийларнинг энг мўътабар китобларидан бўлмиш «Раддул мухтор» китоби соҳиби, аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Билгинки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ойда қилинадиган Мавлиди шариф мақталган ишлардандир».
Яна:
«Саловатларнинг афзали ва саломларнинг мукаммал соҳиби бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиссаларидан эшитиш учун жамланиш, ўз ичига кўпгина мўъжиза ва саловатларни қамраб олганлиги боис энг улуғ қурбатлардан ҳисобланади».
Аллоҳ таоло Юсуф сураси 120-оятида:
«Биз қалбингни собитли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз», деб марҳамат қилган.
Ушбу оят мавлидни нишонлаш жоиз эканлигига Қуръоний далиллардан яна бири ҳисобланади. Оятнинг маъносидан тушуниладики, Набий алайҳиссаломнинг қалблари аввалги ўтган пайғамбарлар қиссаларини эшитиш ила янада собитли бўлиб, иймонлари зиёда бўлар экан.
Усул қоидасига асосан, оятлар хос бўлса ҳам, унинг ҳукми умумни ифода қилиши мумкин. Шунга кўра айтамизки, худди шу оятда бизларга ҳам ишора қилинган маънолар бор. Шулардан бири — худдики У зот алайҳиссаломнинг қалблари пайғамбарлар ҳаёти ва қиссаларини эшитиш ила собитли бўлгани каби, бизнинг ҳам қалбларимиз ўтган пайғамбарлар ҳаётини ўқиш ва эшитиш ила янада мустаҳкам бўлади.
Шунга кўра айтамизки, агар мўминларнинг қалблари ўтган пайғамбарлар ҳаётини эшитиб шу даражада собитли бўладиган бўлса, яралмишларнинг энг афзали бўлмиш Набий алайҳиссаломнинг қиссаларини масжидлар ёки турли хил йиғинларда ўзаро сўзлаш ва У зот алайҳиссаломнинг ҳаётларини эслаш ила қандай қилиб бизнинг қалбларимиз собитли бўлмаслигини тасаввур қилиш мумкин?!
Хулоса ўлароқ, Набий алайҳиссаломнинг ҳаётларида бўлиб ўтган бир воқеани келтириб ўтамиз. Зеро, ушбу воқеа ҳар бир саломат ақли бор бўлган киши учун етарли далил ҳисобланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган вақтларида яҳудийлар Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавндан нажот топган кунларини нишонлаб, у кунда алоҳида ибодатлар қилишларига гувоҳ бўлдилар. Бу Муҳаррам ойининг тўққизинчи кунига тўғри келар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ушбу кунда рўза тутишларини буюрдилар. Рўза тутмаганларни ҳам куннинг қолган қисмида таом емасдан ўзларини сақлаб туришларига амр қилдилар.
Бу иш шу кунни нишонлаш учун бўлган эди. Сўнг У зот алайҳиссалом саҳобаларга қарата:
«Биз Мусога улардан кўра ҳақлироқмиз», — дедилар.
Энди бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган ҳолимизда Мусонинг Фиръавндан қутулганини нишонлаб, хурсандчилик қилишимиз жоиз бўлганидан кейин, Аллоҳ таоло оламларга раҳмат қилиб юборган саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мавлидларини нишонлаб, хурсандчилик қилишимиз нима учун жоиз бўлмас экан?!
Абдуҳамид домла Маликов,
Тошкент вилояти Пискент тумани "Пискент" жоме масжид имом-хатиби