МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ
Қашқадарё вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси Ахборот хизмати2021 йил 13 апрель куни соат 11:00 да Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси иштирокида "Ички йўлларни таъмирлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда бош бошқарма бошлиғи Б.Раҳимов, бошқарма бош муҳандиси Б.Файзиев, бошқарма масъуллари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, айни пайтда вилоят ҳудудида 22035 км автомобиль йўллари тармоғи мавжуд бўлиб, шундан 3487 км умумфойдаланув (437 км халқаро, 926 км давлат, 2124 км маҳаллий аҳамиятдаги) ва 18548 км ички хўжалик автомобиль йўллари (21 км цементобетон, 5153 км асфальтобетон, 503 км қора копламали, 6550 км шағал ва 6321 км тупроқ қопламали йўллар)ни ташкил қилади.Тармоқдаги автомобиль йўлларида 1432 дона кўприклар жойлашган бўлиб айни дамда охирги кўрик натижаларига кўра 89 дона кўприк таъмирга муҳтож.
Анжуман аввалида Б.Раҳимов сўзга чиқиб, қилинган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Хусусан, нотиқ ўз сўзида жорий йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 808,0 километр (30,0 километр асфальтбетон ва 778 километр қум-шағал аралашмаси ётқизиш) узунликдаги ички хўжалик автомобиль йўллари 23,8 миллиард сўм маблағ ҳисобига таъмирланиши, Қарши шаҳар маҳаллалар кесимидаги 277 та кўчада 145,3 километр узунликдаги кўчаларни таъмирлаш ишларига 67,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши хусусида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, вилоят бўйича хатлов натижаларига кўра ички хўжалик йўлларининг 6321 километр узунликдаги қисми тупроқ йўллардан иборат бўлиб, бу йўлларни шағал йўлларга ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларга кўра 2021-2023 йилларда вилоятдаги барча тупроқ йўллар шағал қопламали йўлларга ўтказилиши белгилаб олинганлиги келтириб ўтилди.
Шундан сўнг журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.