МАРШАЛ АБДУРАШИД ДЎСТИМ ҲАҚИДА
МАРКАЗИЙ ОСИЁДЎСТИМ АБДУРАШИД – таниқли афғон сиёсатчиси, Афғонистон вице-президенти, Қуролли кучлари маршали. 1954 йилда Жузжон вилоятининг Шибирғон туманида ўзбек-туркман оиласида туғилган.

Афғонистон Демократик Республикаси Қуролли кучлари сафларига қўшилган. 1979 йилдан АХДП (Афғонистон халқ-демократик партияси - “Парчам” фракцияси) аъзоси бўлган. 1980 йилда Совет Иттифоқига ўқишга юборилган. Муҳаммад Нажибулла ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Кобул режимининг таянчига айланган, асосан этник ўзбеклардан ташкил топган ҳарбий қисм (53-дивизия) қўмондони бўлган. 1990 йилда АДР мудофаа вазири Шоҳнавоз Танай қўзғолонини бостиришга раҳбарлик қилганлардан бири. Икки маротаба “АДР қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган. 1992 йилда “Афғонистон миллий исломий ҳаракати” ёки қисқача “Жунбиш” партиясига асос солган. Партиядаги ўринбосарларидан бири Дўстимнинг яқин иттифоқчиси, ҳазоралар етакчиси Муҳаммад Муҳақиқ. 1992 йилнинг апрель ойида Дўстим Аҳмадшоҳ Масъуд ва исмоилийлар етакчиси Саид Жафар Нодирий билан иттифоқда Кобулни ишғол қилишда ва Гулбиддин Ҳикматёрга қарши жангларда қатнашган. 1994 йилда Бурҳониддин Раббоний бошчилигидаги ҳукуматга қарши курашда Ҳикматёр билан иттифоқ тузади. 90-йилларнинг бошида вужудга келган сиёсий бошбошдоқлик ва хавфсизлик вакууми шароитида у Шимолий Афғонистоннинг қатор вилоятлари (хусусан, Балх, Қундуз, Жузжон ва Фарёб)ни бирлаштириб, амалда Кобулдан мустақил (ўз ҳукумати, армияси, пул бирлиги (халқ тилида жунбиш)га эга бўлган маъмурий-ҳудудий бирликни яратади. 1996 йилда Аҳмадшоҳ Масъуд ва бошқа дала қўмондонлари билан ҳамкорликда аксилтолибон иттифоқини тузади. “Жунбиш”даги иккинчи шахс генерал Малик толиблар томонига ўтгач, мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлади (1997). 2001 йилнинг май ойида толибларга қарши янги фронт очиш учун Афғонистонга қайтиб келади ва шу йилнинг кузида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари кўмагида Кобулни ишғол этишда иштирок этади. Карзай ҳукуматида Афғонистон Қуролли кучлари олий бош қўмондони штаби бошлиғи, мудофаа вазири ўринбосари лавозимларида фаолият юритади. 2004 йилда президентлик сайловларида иштирок этиб, 10 % овозга эга бўлади. 2014 йилги сайловларда Ашраф Ғани гуруҳида иштирок этади ва биринчи вице-президент лавозимига сайланади.

Дўстим Афғонистон ички сиёсий ҳаётида этник ўзбеклар ва бошқа туркий халқларнинг мавқеини мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнади. 2019 йилги президентлик сайловларида Абдулла Абдулла номзодини қўллаб-қувватлади. 2020 йил 17 майда Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла ўртасида имзоланган келишувга мувофиқ, Абдурашид Дўстимга “маршал” унвони берилади. Дўстим Афғонистонда марказлашмаган давлат бошқаруви тарафдори. 20-асрнинг 90-йилларида “Жунбиш” партияси доирасида Муҳаммад Муҳақиқ билан биргаликда мамлакатда федерал бошқарув шаклини жорий этишни қўллаб чиққан. Ўзбек, дарий, пушту ва рус тилларида сўзлашади. Қ.: “Афғонистон миллий исломий ҳаракати”.
Ад.: Afghanistan: Biography of Abdul Rashid Dostum // https://www.rferl.org/a/1057815.html; Biography of Abdul Rashid Dostum // https://www.afghan-web.com/biographies/biography-of-abdul-rashid-dostum/.
Интернет манбалари асосида Марказий Осиё канали учун махсус тайёрланди.
Каналга обуна бўлинг - @centerasiastudy