МАРКАЗИЙ ОСИЁ УЧУН КЕСКИН ДАВР БОШЛАНДИ

МАРКАЗИЙ ОСИЁ УЧУН КЕСКИН ДАВР БОШЛАНДИ


Халқаро муносабатлар саҳнасида вазият оғир. Марказий Осиё турбулентлик зонасига кириб бормоқда. Демократик имкониятлар деган орзу АҚШ бошқарувига трампчилар келиши билан ғойиб бўлди. Ҳеч бир давлатда халқаро ҳуқуққа риоя қилиш мажбурияти ҳам йўқ. Ўйин давом этмоқда. Бироқ қоидалар ўзгарди, энди мушти оғирроқ бўлган томон устун келади.

Заиф институтлар ва мўрт элитага эга кичик давлатлар нима қилсин, хўш? Ўзбекистон каби мамлакатлар халқаро курашда ғалаба қозонишни эмас, шунчаки оёқда тик қолишни ўйлаши лозим. Фақат кучга бўйсунган янги тартиб асосидаги дунёда заиф мамлакатлар айтар сўзи муҳим эмас. Улар ҳатто халқаро савдода улушга эга бўлмаган бир четдаги томошабин холос.


Шу шароитда Марказий Осиё сиёсий бозорга айланяпти. Пештахтада эса садоқатимиз, ресурсларимиз ва географиямиз турибди.


Харидорлар маълум: Россия минтақа узра таъсирини қайтариб олишни орзу қилади. Хитой секин ва тизимли ҳаракатланиб, минтақада ўз салмоғини оширяпти. Туркия ва Эрон эса Марказий Осиёдан бирор насиба узиб олиш пайида. Бу овчилар орасида ҳеч бири минтақани тўлиқ эгаллашни ўйламайди – Марказий Осиё навбатма-навбат фойдаланиш учун қулай.


Суверенитет (Эгемендик, Истиқлолият, Мустақиллик, Совранлик, Эгемендүүлүк) ҳозирча қоғозда қолмоқда. Ҳозирча… Лекин босим кучайиб бораётир. Ички муаммолар ташқи аралашув учун баҳонага айланиши ҳеч гап эмас. Марказий Осиё мамлакатларидан бирида Президент алмашинуви энди шунчаки ички ҳодиса эмас, геосиёсий мувозанат масаласига айланмоқда.


Бу шароитда демократия орзуси ҳақида жиддий ўйлашнинг ўзи кулгили. Дунё кучлиларга мафтун, кичик мамлакатларга бефарқ экан, ким ҳалол сайлов ўтказади? Ҳар қандай заифлик овчилар учун сигнал сифатида қабул қилинадиган жойда, ким ҳақиқий мухолифатга эркинлик беради? Тузумлар яна яккаҳокимлик сари юзланяпти. Ҳукм сураётган кланнинг ўғли, қизи, укаси ёки ҳайдовчиси бошқарадиган ўша машҳур «барқарор» тузилма сари… Сайлов томошаси давом этади, лекин танловни халқ эмас, келишувлар ҳал қилади.


Бироқ бундай тузумлар ўта нозик, ипга тизилган маржондек омонат. Бундай режимлар шахслар, пул ва, албатта, қўрқув устига қурилади. Битта муруват жойидан силжиса, қолган устунлар ҳам қулайди.


Трампнинг орзуси яна “Американи буюк қилиш”. Бу ишни бир ўзи уддаламоқчи, хорижий ҳамкорликка эҳтиёж йўқ деб ўйлайдиган изолятция тарафдори у. Унинг учун Марказий Осиё Мексика билан Ой орасидаги аллақаер.


Бошқа томонда Европа давлатлари нима қиларини билмай боши қотган. Бировларни қутқаришни қўя туринг, энди улар ўз келажаги барқарорлигига ҳам амин эмас. Ҳар бири ўзини қутқариш билан овора.


НАТО қарияпти. Секин, лекин ишонч билан. Ҳамкорлар тортишяпти, Нато қаршисида қўрқув йўқолди, ишонч кетяпти. Иттифоқ борган сайин тинчлик кафили бўлишдан кўра кўпроқ эрмакка тузилган гаштак гуруҳни эслатяпти.


Хўш, Россиячи? Путин Россияси Марказий Осиёга ўзиникидай қарайди. Ҳуқуқий эмас, тарихий-мифологик маънода. Минтақа ўрис сиёсатчилари томонидан “таъсир ҳудуди”, “бизнинг собиқ колониямиз” деб кўрилади. Москва бизни ўзига тенг иттифоқчи деб билмайди, бизга қараб ўз таъсирини йўқотаётган ҳудудларни кўради. Шу сабаб ғазаби авж паллага чиқади.


Россия бизга ҳамкорлик учун ҳеч қандай йўл таклиф қилмайди, тараққиёт ваъда этмайди. Фақат унсиз садоқат кутади.


Кремль учун Марказий Осиё давлатлари шерик эмас, шунчаки пиёдалар. Кремль бу давлатлар мустақиллигини эътироф этмайди, шунчаки, тишини тишига қўйиб чидайди. Шу тоқат эвазига Марказий Осиё Россиянинг геосиёсий ўйинларига тўсқинлик қилмаслиги шарт. Аммо Россия ўз қудратини йўқотяпти, лекин буни тан олишни истамайди. Бизга нисбатан агрессия, босим ва шантаж ҳам асли шу иложсизликдан келиб чиқяпти.


Шунинг учун фақат ўзимизга ишонишимиз керак. Ҳар ким ўз ғамини ўзи еяётган дунёда, заифлар мажлиса таклиф қилинмайди. Улар шунчаки ҳисобга олинмайди. Қоидасиз дунёда қулашнинг баҳоси оғир. Ёрдам кутадиган жойимиз йўқ, аралашув фақат манфаат эвазига амалга ошади.

Шу боис қозоқ, қирғиз, тожик, ўзбек ва туркман танлаган йўл эркинлик сари кетмаяпти. Аксинча, янада қаттиқ назорат, сўзсизлик ва чекланган танлов томон юз бурдик. Лекин имкониятлар бутунлай йўқолмаган. Шу саросима талатўпда ҳам ҳам бўйин эгмасликка қодир давлатлар бор. Агар улар қандайдир “тизим” қура олсалар, ҳокимият битта шахс ёки битта оила билан чекланмаган бўлса тик қолишимиз мумкин.


Акс ҳолда ҳаммаси тугайди; Омин, Аллоҳу Акбар! Унда минтақанинг келажаги бегона хариталарда ва бегона столлар атрофида тўпланган бегона қўллар чизади…


(Рус тилида ёзилган мақола муаллифи, журналист Сирожиддин Ислом.)



Report Page