МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТНИ МАЪРИФАТЛИ ОНАЛАРСИЗ ҚУРИБ БЎЛМАЙДИ

МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТНИ МАЪРИФАТЛИ ОНАЛАРСИЗ ҚУРИБ БЎЛМАЙДИ

Мунира Қаҳҳорова

Аёл оламни гўзал, меҳрли ва адолатли қилиш учун яратилган. ...аёл гўзал бўлса – олам гўзал. Унинг биргина табассуми кўнгилларни ҳушнуд этади. Аёл бахтли бўлиши нафақат оила, бутун жамиятга таъсири сезилади. Биз ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур – аёлини эъзозлаган ва ҳурмат қилган миллатнинг келажаги бардавом бўлади. Зеро, бугунги кунгача юртимизда аёлларга жаҳон давлатларининг ҳеч бирида кузатилмаган эҳтиром ва ҳурмат кўрсатилди. Аёл зотини улуғлаш учун унинг номига йиллар аталди, мукофотлар жорий этилди. Бу каби ишларни айтмасликнинг иложиси йўқ.

Баҳор фаслининг биринчи кунидан давлат раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишининг мавзуси ҳам аёллар масаласига бағишланди. Бир томондан аёлларимизни таълим, маънавият, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ ва бошқа ижтимоий соҳаларда қарор қабул қилишда фаол иштирок этишга чақирса, иккинчи томондан эркакларимиз аёлларни ижтимоий соҳаларга жалб этиш муҳим эканини англашлари ва Ватанимиз равнақи учун биргаликда қарор қабул қилишларига қаратилганлигини айтилмоқда. “Оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулиятини ошириш ҳам бугунги кундаги долзарб масалалардан”, – дея таъкидлаб, бу борада обрў-эътиборли, билимли хотин-қизлардан иборат “Оқила аёллар” ҳаракатини ташкил қилишни ҳамда бу ҳаракат ҳаммамиз севиб кўрадиган “Суюнчи” ўзбек фильмидаги Ханзират бувидек “маҳалланинг виждони”га айланиши кераклиги, маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.

Демак, аёл нафақат бугунги кундаги мақоми ва жамиятдаги обрўйи энг аввало унинг оиласидаги ўрни, оила қадриятига муносабати ҳамда фарзандлари тарбиясидаги муваффақиятларига боғлиқ эканини чуқур англашимиз зарур. Бугунги йиғилишда давлат раҳбари аёлларга мурожаат қилиб, оналар фарзандларининг нафақат тарбияси билан шуғулланишлари, унинг билими, дунёқарашининг ривожланишига, маънавиятининг юксалишига янада жиддий қарашлари кераклиги таъкидланди. Фарзандларига ёшлигиданоқ тежамкорликни, саранжом-саришталикни ўргатиб борадиган ҳам аёл, аслида. Шу ўринда, бугунги кун ўзбек аёли маърифатли, маънавияти юқори, тафаккури теран, шу билан бирга замонамизга ҳос барча ижобий хислатларни ўзида мужассамлаштирган оқила ва доно бўлишлари ниҳоятда зарурлиги айтилди. Чунки аёлнинг билимдонлиги, маънавияти, маърифати ва саводхонлиги – фарзандининг, оиласининг бахту саодатидир.  

Ҳа, аёлнинг қанча гўзал таърифлар билан эътироф этсак камдир. Аммо мақтовлар ўзимизники. Бугун аёллар масаласида камчиликларимизни тўғрилашимиз, қилишимиз зарур бўлган бир қатор ишларни режалаштиришимиз ва унинг ижросида сансоларлик эмас, балки ҳамкорликда ташкил этишимиз зарур. Жумладан, интернет оламига кириб, “Ўзбек аёли”, “Аёл маънавияти”, “Ўзбек аёлининг қиёфаси(имижи)” деб қидирар экансиз, юрагимизни оғритувчи салбий маълумотлар кўзимизга ташланади. Ўзбек аёли номини бошқа тилда қидирилса ҳам беҳаёлик кўринишлари чиқиб келади. Бу каби маълумотларни кимлар ва нима мақсадда дунё оммасига ойна бўлган маконга жойламоқда. Қандай манфаатдорлиги бор? Ўзлигимизни ёмон иллат билан дунёга кўрсатмоқдамизми? Айниқса, миллат онаси, синглиси, қизини ҳаёсиз, ибосиз, фахм-фаросатсиз қилиб кўрсатилаётгани қанчалик ғуруримизни топтаётир? Бундай маълумотлар жойловчиларга жазо чораларимиз борми? Яна кўп саволлар бизни қийнайди, аммо муаммони бартараф этиш ҳам керак, албатта. Шу аснода, қуйидаги муаммоларимизни келтирамиз:

Биринчидан, “Ўзбек аёлининг маънавий қиёфаси”ни интернет тармоқларида кенг оммага, айниқса, дунёга тарғиб этиш бўйича бирорта сайтлар фаолият олиб бормаётир. Шу сабабли, “Ўзбек аёли”, “Аёл маънавияти”, “Аёл тафаккури” каби номлар билан ўзбек, рус ва инглиз тилларида маълумот жойлаш учун ижтимоий сайтлар очилиб, унда ўзбек аёлининг маънавий имижи: кеча ва бугунги қиёфасини киритиб бориш зарур.

Биз учун ушбу йиғилишда яна бир янгилик: келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қопланиши бўйича топшириқ берилди. Энди эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланадиган бўлди.

Жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилишини белгилангани бебаҳо ютуқдир.

Иккинчидан, маълумки, республикамизда кўп йиллар давомида аёллар масаласига оид илмий тадқиқот ишлари тайёрланди. Бу ҳозир ҳам давом этмоқда. Лекин, аёллар билан боғлиқ бўлган илмий тадқиқотлар базасини шакллантирилгани ҳақида бирор маълумот йўқ. Энг ачинарлиси, мазкур тадқиқотларнинг амалиётга жорий этилиши масаласи афсуски, қоғозларда қолиб кетмоқда. Шу мақсадда, янги ташкил этилаётган Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитасида ушбу масалаларни жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Жамиятлар ўзгариб, онг янгиланаётган, муаммолар глобал тус олаётган бир пайтда аёл маънавияти масаласи кун тартибига қўйилди. Хўш, у қандай бўлиши керак? Айрим манбаларда “ожиза” дея таърифланувчи аёллар ҳақиқатдан ҳам кучсизми? Ёки луғатларда келтирилганидек, “эркакка қарама-қарши жинсдаги шахс”, “хотин”, “никоҳ муносабатларида турувчи, фарзанд кўрувчи” холосми?

Зеро тарихга назар ташлайдиган бўлсак, темурийлар даврида ҳам маликалар нафақат ички, балки халқаро дипломатик муносабатларда ҳам фаол иштирок этган. Буни испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ёзиб қолдирган маълумотларида кўришимиз мумкин. Хусусан, Миср, Туркия, Мўғулистон, Хитой, Испания каби давлатлардан келган элчиларни кутиб олиш маросимида Сароймулкхоним (Бибихоним), Хонзодабегим каби маликалар ҳам иштирок этиб, улар испан элчиси шарафига алоҳида зиёфат уюштириб, элчининг эътирофига сазовор бўладилар. Шулар ҳақида ёзар эканмиз, ўйлаб қоламиз: бугунги ўзбек қизларига, аёлларига нима бўлди? Улар кимларга ва нима сабабдан тақлид қилмоқдалар? Наҳот азалий қадриятларимиз унутилди, амалдан тўхтади? Не сабабдан бу ҳолнинг сабабу оқибатлари ҳақида тафаккур қилмай қўйдик?

Европа Комиссияси президентлигига илк бор Германия мудофаа вазири Урсула вон дер Леен хоним яширин овоз бериш йўли сайланди. Испания қуролли кучлари тарихида эса илк марта аёл киши 56 ёшли Патрисия Ортега Гарсия хоним генерел бўлди. Ҳа, бу каби тарихий ёки ҳозирги кунда давлат ишларида ўз билими, ақлу-заковати билан фаоллик кўрсатаётган кўплаб аёлларни келтиришимиз мумкин. Аммо бунинг баробарида хар кун ижтимоий сайтларда жаранглаб, ҳаммани ўзига тортаётган воқеа-ҳодисаларга қайсидир ўзбек аёли сабаб бўлаётгани, ҳаттоки, жиноят содир этишдан қайтмаётгани, энг ачинарлиси, ўзи билан биргаликда фарзандларини ҳам ўлдираётгани юрагимизни ларзага солмасдан қўймаяпти. Фиклашга, бу каби ҳолатларнинг асл сабабини ўрганишга даъват этаётгани, уларнинг олдини олишга чорлов ёки чақириқдек бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас, албатта. Нафақат чорлов, балки мазкур ҳодисаларнинг келиб чиқиш илдизларида таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”, - деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини англатмоқда.

 “Кактакто” нашри Марказий Осиё тарихида ўз ижоди билан из қолдирган аёллар рўйхатини тузиб, унда қадимги даврдан токи бугунги кунга қадар маънавий етук фидойи аёллар киритилиб, уларга қисқача таъриф берилибди. Масалан, бизга тарихдан маълум ва машҳур бўлган Нодирабегим – “Қўқон хони Умархон(ҳукмронлиги 1810-1822)нинг турмуш ўртоғи. Ўзбек классик адабиётининг вакили. Унинг даврида Увайсий каби шоиралар етишди, Қўқонда йирик адабий муҳит вужудга келди” ҳамда Хадича Сулаймонова – “ҳуқуқ фанлари доктори, Ўзбекистон ССР адлия вазири ва ўзбек тилидаги жиноят ҳуқуқи бўйича илк дарсликнинг муаллифидир” - дея, келтирилган.

Аёл, аваламбор, она. Фарзандларига чиройли тарбия, гўзал хулқ бериш – уларнинг касби. Мақоми, мартабаси шу билан ўлчанади. Бинобарин, мамлакат тақдири шунга боғлиқ.

Шунга асосланиб айтиш мумкинки, аёл маънавияти ва оила маънавияти ўхшаш, уйғун, муштарак тушунчалардир. Демак, аллани она сути билан бирга ҳазм қилган, тарбияни оилада олган, маҳаллада чиниққан бола ватан қадрини билади, оила – никоҳ муқаддаслигини англайди. Табиийки, оилавий ажримлар сони кескин камайиб, онгу тафаккурда беназир, тийран нигоҳли инсонлар салмоғи ортади.

Аёл маънавиятининг яна бир муҳим асоси – турмуш ўртоғи “тарбияси”. Умуман, ширин сўзи, аёллик меҳри билан эрини оила манфаатларига, демакки, умумбахт йўлида хизмат қилишга ўргатиш чин маънодаги тарбиядир. Аёллар бунга қодир. Бежиз улар “уй – оила бек(ас)и”, яъни бошқарувчиси, йўлловчиси дейилмайди, ахир. Эътибор берилса, ғарбона очиқ-сочиқ кийинган танноз қиз ҳам, зирак таққан бола ҳам уйидан – онаси олдидан чиқади. Мазкур ҳолат шу оила тарбиячиси бўлган она маънавияти, маърифатидан дарак беради. Оқилу доно халқимиз “онасини кўр – қизини ол!” – дейди-ю, билъакс, “отасини кўриб, ўғлига тег”, — демайди. Шундай эмасми? Бу – ҳикмат, ибрат.

Тарбия – эгасига қайтувчи жараён. Ким нимани ўзи учун кутса, шуни боласига берсин: оқибат истаган оқибат, меҳр соғинган меҳр… Бу фазилатлар аёлларга хос назокат, ҳаё, самимийлик, камтарлик, оқилалик, уддабуронлик, тадбиркорлик… билан эгасига етказилар экан у камолотдек, вафодек ўзига жинсдош хислатларни етаклаб келади. Инсоният яралибдики, шунга интилади. Орзу қилади. Тарғиб қилади.

Хуллас, аёл маънавияти бугун миллат маънавиятига айланди. Унга бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Эркаклар жамиятнинг мана шу бахтини асраш, авайлаш, пок номини сақлаш бурчлари эканини, улар Аллоҳ томонидан ато этилган омонат эканини унутмасалар гўзал иш бўлар эди. Чунки аёлнинг жони қирқта, аммо қалби гул, эркаклар шаъни, миллат ори, оила гавҳаридир!


Report Page