МАРҲАМАТДА ТОШДАН ҚОҒОЗ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

МАРҲАМАТДА ТОШДАН ҚОҒОЗ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ


Марҳамат туманининг Алитепа МФЙ ҳудудида жойлашган «Марҳамат метан газ» МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 70 млрд 560 млн сўмни ташкил этувчи «Тошдан қоғоз ишлаб чиқариш» корхонаси бунёд этиляпти. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Ҳозирда корхонада қурилиш ва пардозлаш ишлари якунига етган. Хитой Халқ Республикасининг “NANJING GS-MACH EXTRUSION EQUIPMENT CO., LTD” компанияси билан тузилган шартномага асосан замонавий дастгоҳлар келтирилди. Корхона мутасаддилари 400 нафар фуқарони иш билан таъминлашни мақсад қилган.

Тошдан ясалган қоғоз бир қанча афзалликларга эга. Целлюлоза қоғоз тайёрлаш учун жуда кўп сув сарфланади, заҳарли моддалар борлиги туфайли бу сув яроқсиз бўлиб қолади. Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришда эса сув ишлатилмайди. Шунингдек, мустаҳкамлиги, чидамлилиги оддий қоғозга нисбатан юқори. Ўзидан сув ўтказмайди, доғ юқмайди.

Шу боис тошдан олинган қоғоз матбаачиликда, қадоқ ва гулқоғоз ишлаб чиқаришда жуда қулай. Ташқи бозорда харидоргир.


Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ


Report Page