МАРҲАМАТДА «ОБОД ҚИШЛОҚ» ДАСТУРИГА СТАРТ БEРИЛДИ

МАРҲАМАТДА «ОБОД ҚИШЛОҚ» ДАСТУРИГА СТАРТ БEРИЛДИ


Вилоятимизда 2021 йилда аҳолини рози қилиш, оила турмуш фаровонлигини янада ошириш ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда янги босқичга олиб чиқишда юртимизда энг йирик лойиҳалардан бири бўлган обод қишлоқ ва обод маҳалла давлат дастури доирасида, жорий йилда амалга ошириладиган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишларини олиб бориш учун «Обод қишлоқ» дастурига бугун бизнинг туманимизда ҳам старт берилди.

Жорий йилнинг 10 февраль куни туманимиздаги Тўлға МФЙ ҳудудида ўтказилган тадбирда «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар бўйича белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан туманимиз ҳокими Б.Юлдашев мутасадди ташкилот ва корхоналарга тегишли кўрсатмалар берди ҳамда ташкил этилган «Махсус штаб»да бажарилган ишлар юзасидан доимий ҳисоботлар муҳокама қилиб борилишига тўхталиб ўтди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари И.Холматов томонидан «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан тегишли мутасаддиларга бирма-бир топшириқлар берилди.

Шундан сўнг, сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири M.Хўжамбердиев ушбу маҳалла ҳудудидаги аҳоли муаммоларини ҳал этишда амалий кўмак беришини билдирди.

Шу ўринда дастур доирасидаги ишларни сифатли бажарилишида барча сектор раҳбарлари бу борада шахсий жавобгарликни оширган ҳолда, ўзи бошчилик қилаётган секторларда тизимли ва тартибли иш ташкил этишлари зарур бўлади. Обод қишлоқ давлат дастури доирасида белгиланган айниқса, сув танқис бўлган ҳудудларда ичимлик суви тармоқларини тортиш, янги қудуқ қазиш ишларини бажарилиши белгиланган. Шунингдек, аҳоли яшаш ҳудудларида эскириб қолган яроқсиз симёғочлар ўрнига, янги ва замонавий бетон таянчлари ўрнатиш, электр симларини тортиш ва йўл ёқаси, айниқса, кўчаларни текислаш ҳамда шағаллаш ишлари бошлаб юборилди.

Дастур бўйича жойларда амалга ошириладиган вазифаларга керакли куч воситалари, шунингдек, зарур бўлган техникалар ҳам тўла жалб этилган. Фақатгина белгиланган ишларни тез ва сифатли олиб борилишида техника ва ёнғин хавфсизлигига, хусусан фавқулодда ҳолатларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, кўнгилсиз ҳолатларни олдини олишда нималарга эътибор қаратилиши кераклиги юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддилари зарурий кўрсатмаларни бердилар.

Бугун юртимизда хусусан туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, аҳолини фаровон турмуш кечиришларини таъминлаш, бугундан рози бўлиб, келажакка ишонч билан яшашдан иборат. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, одамлар юртимизда кечаётган ислоҳотларни яқин келажакда эмас, бугун реал ҳаётида ҳис этиб яшашлари даркордир.

Ўтказилган тадбирда дошқозонда халқимизнинг миллий таомларидан бўлмиш сумалак, чалпак, паловлар пиширилиб ҳашарчиларга тарқатилди.


Фото: Марҳамат тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.


Report Page