МАНСУР НАЗАРОВ
https://t.me/vaqt_manzili* * *
Тун. Қайдадир, нимадир чархланаётир...
кезаман номъалумлик йўлакларини
ва чекаман. Ичимда мавҳум хавотир.
Жим кузатаман. Жим узатаман
бўғзимдан бўшлиққа интилган,
титилган руҳимнинг бўлакларини.
Тутунзорга айланар ҳовлим,
бу тун дорга кўйлак илинмас.
Тун. Қайдадир, нимадир чархланаётир...
овози билинар-билинмас.
Бўм-бўш дорга қарайман илҳақ,
бўм-бўш хавотир оламан кимдандир.
Чархдан сачраган чўғларданда кўп
балкилар келади хаёлга.
Ҳаммасини айта олмайман,
ҳаммасини айта олмайман!
Масалан, қайсидир ўғри
мўмай ўлжа илинжида
қутулмоқчидир маст шеригидан.
Йўқ, эҳтимолдан жудаям нари.
Маҳалламда ўғри йўқ,
демак, ҳаммаси жойида.
Яна бир балки,
Қайсидир ака яп-янги
куёвига исботлаб қўймоқчи
бўлаётир акалигини.
Йўқ! Йўқ, минг шукр-ки,
Маҳалламда ҳеч қиз қайтмаган.
Унда нега? Тун, қайдадир нимадир чархланаётир?
Балкилар урчишиб кетмасдан,
уят бўлса ҳам, мўралайман
қўшни девордан...
Эҳ, нималарни ўйладим?
Гумоним шунчалар ёмонми?
Ўзимча чархланмаган
сўзлар-ла шеър ёзаман
ким-ким ўзарга.
Лекин, эсим паст.
Кейин ёдга тушади бирдан,
қўшни айтган сабзитўғрарга.
Бўм-бўш дорга қарайман
илҳақ. Ювилмаган кўнгил,
ювилмаган кийимда йўл оламан қўшни ҳовлига...