МАНГУ ҲИЛПИРАЙВЕР, ВАТАН БАЙРОҒИ!
Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими
Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.
Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар.
Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.

Бундан роппа-роса 30 йил аввал - 1991 йил 18 ноябрь куни мустақилликнинг, дастлабки ойларида Ўзбекистон Республикаси олий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида «Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган ҳамда ушбу кун Ўзбекистон Республикаси Давлат Байроғи қабул қилинган кун сифатида тарихга ёзилган.
Ушбу сана муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан Қибрай туманидаги 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида «Мангу ҳилпирайвер, Ватан байроғи!» номли маданий маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари Ирода Мухамедазизова, Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси Пардахол Норқобилова, Тошкент вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Сарвар Файзуллоев, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, элимиз ардоғидаги актриса Барно Қодирова, шоир, бир қанча машҳур шеърлар муаллифи Шукур Қурбон иштирок этишди.


Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик бизга берган неъматлар, истиқлол йилларида халқимиз томонидан босиб ўтилган машаққатли ва шарафли йўллар, айниқса сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилиётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида атрофлича маъруза қилдилар


Маърузачилар томонидан айниқса давлат байроғининг қабул қилиниши тарихи, байроғимизда мужассам бўлган жиҳатлар, унда акс этган тарихи узоқ йилларга бориб тақаладиган миллий давлатчилигимиз тамойиллари тўғрисида кенг маълумотларни бериб ўтдилар.

Тадбир доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг тегишли буйруғига асосан Тошкент вилоятидан «Маънавият фидойси» кўкрак нишони билан тақдирланган РМММ Олмалиқ шаҳар бўлинмаси раҳбари Сайёра Якупбекова ҳамда Чирчиқ давлат педагогика институти проректори Баҳодир Ҳусановларга мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.



Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан нашр этилган «Ёш ота-она китоби» ҳамда «Бахтли бола маънавияти» номли китоблар тадбир ташкилотчилари томонидан иштирокчиларга улашилди.


Тадбирнинг бадиий қисмида бир қатор халқаро ва Республика миқёсидаги танловлар совриндори, Тошкент вилоятининг истеъдодли ёш фарзанди Беҳруз Бахтиёров томонидан ижро этилган миллий руҳдаги жонли тароналар тадбирга байрамона кайфият бағишлади ва йиғилганларни рақсга чорлади.


Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими Ахборот хизмати