МАЪНАВИЯТ – ЯНГИ УЙҒОНИШ САРИ ЙЎЛ

МАЪНАВИЯТ – ЯНГИ УЙҒОНИШ САРИ ЙЎЛ

 https://t.me/manaviyat_va_marifat_darsi

Янгиланаётган Ўзбекистонда ҳам маънавий-маърифий ислоҳотларга давлат сиёсатининг устувор йўна­лишларидан бири сифатида қаралади. Юртимизда маънавий-маърифий муҳитни янада яхшилаш, минг йиллар мобайнида унинг бағрида сайқал­ланиб келаётган ибратли анъана ва қадриятларни тарғиб этиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси жамиятдаги соғлом кучлар, юксак истеъдод ва тафаккур соҳиблари­нинг ақлий салоҳиятини Ватан истиқболи сари йўналтириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, одамларнинг маънавиятини юксалтириш, бебаҳо маданий меросимиз, миллий қадриятларимизни тиклашга, энг асосийси, ўзлигимизни англашга катта таъсир кўрсатди.

Бугунги кунда мамлакатимизда аниқ мақсадга йўналтирилган маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш борасида самарали саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Зеро, маънавий-маърифий тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш жиддий фикр юритишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллашти­риш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбари «Жамият ҳаё­тининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» дея таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, диёримиз миллий қадриятлари, маданияти ривожланган, юксак маънавиятга эга тамаддун ўчоғидир.

Дарҳақиқат, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлиги, аввало, азалий қадриятлар тикла­ниши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатлари­мизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзга­риши ва юксалиши билан узвий боғлиқдир.

Бугун дунё нотинч ва таҳликали бўлган замонда, бутун ер юзи турли талатўплар гирдобида қолаётган, зиддиятлар кескинлашган бир пайтда тинч ва барқарор ҳаётни, эртанги кунимизни сақлаб қолишнинг ягона нажот йўли — маънавиятни асрашдир. Айниқса, ёш авлод тарбиясига бўлган эътибор ва талабчанликни ошириш, улар онги ва қалбини эгаллаш учун кураш дунё миқёсида кучаяётган бир пайтда янада муҳим аҳамият касб этади. Бундай тарбия шу Ватанда эмин-эркин яшаётган, дахлдорлик ҳисси жўшиб турган ҳар бир инсоннинг муштарак вазифаси ҳисобланади.

Барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида ҳам маънавий-маърифий ишларни сифат жиҳатдан янги поғоналарга кўта­риш, ходимларнинг билим савиясини янада юксалтириш, маънавиятли, ватанпарвар, ўз касбига садоқатли ва фидойи ходимларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг маънавий салоҳияти ва мафкуравий иммунитетини кучайти­ришни ўзида мужассам этган «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси» қабул қилинганига бир йил бўлди.

«Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» деб белгиланган консептуал ғояда давлат мустақиллигини ҳимоя қилиш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиш устувор вазифа эканлиги мужассамлантирилди.

Давлатимиз раҳбарининг жаҳон узра ўзгача бўй чўзаётган, иқтисодий ва фаровонлик тобора ортиб бораётган Янги Ўзбекистоннинг ҳозирги даврини миллий тикланишдан миллий юксалиш томон, деб эълон қилганлигининг замирида қатъий ишонч ва чуқур ҳикмат мужассам. Президентимизнинг: «Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда», – деган сўзлари бунга ёрқин мисол бўлади.

Демак, ушбу ғояни ички ишлар органлари ходимлари онгига сингдириш, уларда хизмат бурчини бажариш борасида қатъий ҳаётий эътиқодни қарор топтириш, уларнинг Ватан ва халқ тақдирига, давлатимиз ҳамда ислоҳотлар талабларига дахлдорлигини янада ошириш талаб этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Консепция қабул қилинганига

қисқа вақт – бир йил бўлганлигига қарамасдан, ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар соҳасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Чунончи, маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишда 7 та вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланганлиги ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилганлигидан далолатдир. Ҳар ҳафтанинг жума кунлари «Ватанпарварлик куни» тадбирлар комплекси ташкил этилиши йўлга қўйилди. Идоравий таълим муассасаларида «Ватанпарварлик асослари», «Маънавият асослари», «Ватанпарварлик тарбияси» ва «Касбий маданият» каби фанлар ўқитилиши жорий этилди.

Ички ишлар органлари ходимларида хизмат бурчига садоқат ва масъулият ҳиссини ошириш, Ватанига сидқидилдан хизмат қилиш шарафли бурч эканлигини, ҳар қандай машаққатли хизмати ортида юртимиз манфаати ва халқимизнинг бахт-саодати турганини онгу шуурига сингдириш мақсадида китобга бўлган меҳрини юксал­тириш бугуннинг талабидир.

Шу боис тизимда китобхонликни юксалтириш бўйича меъёрлар белгиланиб, ходимларнинг китоб ўқиши қатъий назоратга олинди. Ички ишлар органлари ходимлари ўқиши учун тавсия этиладиган 23 та ўзбек, 16 та жаҳон адабиёти рўйхати тасдиқланиб, ходимлар бир ойда ушбу асарларнинг камида биттасини мутолаа қилиши маж­бурий меъёр сифатида белгиланди. Бунинг самараси ўлароқ, кутубхоналарга шахсий таркибнинг аъзо бўлиш даражаси 70 фоизга кўтарилди.

Тизим ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти, сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини, уларнинг ноёб асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини чуқур ўрганиш мақсадида «Намунали маънавият ва маърифат хонаси», «Энг яхши китобхон» ва «Энг яхши кутубхона» кўрик-танловлари ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, тизим тарихида биринчи маротаба республика миқёсида «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи», «Энг яхши профилактика инспектори», «Энг яхши терговчи», «Энг яхши тезкор ходим» ва «Йилнинг энг фаол фахрий ходими» номинациялари бўйича танловлар ўтказилди.

Ички ишлар органларида 288 та «Ватанпарварлик бурчаги», 5 та музей ва 250 та «Маънавият ва маърифат» хонаси ташкил этилганлиги, шу билан бир қаторда, тизим фаолияти ва тарихига оид 24 та китоб яратилиб, нашрдан чиқарилиши маънавий-маърифий ишлар­нинг мантиқий давоми бўлди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маънавият инсоннинг гўзаллигини анг­латувчи бетакрор мўъжизавий куч-қудрат, миллатни буюк ва улуғвор мақсадлар сари бирлаштирувчи байроқ экан, бу йўлда фақат фидойилик, Ватанга чексиз муҳаббат муҳим тушунчалар бўлиб қолаверади.

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

майор.


👉 https://myurls.co/inspector_uz

👉 @jinoyatkodeksi_uz

👉 @jpk_uz

👉 @mjtk_uz



Report Page