МАЪМУРИЙ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШНИ БИЛАСИЗМИ?

МАЪМУРИЙ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШНИ БИЛАСИЗМИ?

Расмий хабарлар

 

Бугун АОКАда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов иштирокида брифинг ўтказилди.

 Брифингда Маъмурий судга мурожаат қилиш тартиблари юзасидан маълумотлар берилди.

 Фуқаролар ва юридик шахслар маъмурий судларга мурожаат этиш чоғида ариза ёки шикоятнинг шакли ва мазмунига нисбатан қўйилган талабларга тўлиқ амал қилмайдилар. Бундай эътиборсизлик судга тақдим этилган аризани қабул қилишни рад этиш ёхуд уни қайтаришга асос бўлади. Натижада ортиқча оворагарчиликлар юзага келиши мумкин.

 Хўш, аризанинг шакли ва мазмуни қандай бўлиши керак?

 Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига кўра биринчи навбатда ариза ёки шикоят берилаётган суднинг номи аниқ кўрсатилиши керак. Масалан, ҳозирги кунда Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида туманлараро маъмурий судлар ташкил қилинганини ҳисобга олиб, Тошкент туманлараро ёки бошқа вилоят туманлараро маъмурий судига деб кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Қонунчилигимизга кўра ариза ёки шикоятда суднинг номини тўғри кўрсатмаслик ҳам унинг кўрмасдан қайтарилишига асос бўлади.

 Шунингдек, аризада:

 ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми);

 жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

 арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса);

 арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;

 аризачининг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;

 устидан шикоят қилинаётган қарорнинг номи, рақами, у қабул қилинган сана;

 устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик содир этилган сана ва жой; 

 аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик туфайли унинг бузилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;

 аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарорнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг қайси қонун ҳужжатига зид экани; 

 аризачининг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни ёки ҳаракатсизликни қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби кўрсатилиши керак.

 Айрим ҳолларда маъмурий судга шикоят билан мурожаат қилувчилар ўз талабларини нотўғри қўйишади. Яъни, зарар ундириш, қарорни бекор қилиш ва ҳоказо.

 Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир. Бундан Конституциявий судга, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.

 Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим. Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

 

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасига кўра маъмурий ҳужжат қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас, деб топилган тақдирда, у маъмурий орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши керак. Бу қоидадан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, маъмурий судга маъмурий орган қарори юзасидан низолашиш бўйича ариза киритилганда ушбу қарорни бекор қилишни сўраб эмас, уни ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб мурожаат қилиш керак.

 

Шуни ҳам айтиш жоизки, маъмурий суднинг тарафлари аризачи ва жавобгарлардан иборатдир. Маъмурий судга даъво ариза шаклида мурожаат этилмайди.

 

Аризачи – қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат қаратилган шахс, шунингдек ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари маъмурий ҳужжатга ёки маъмурий ҳаракатга дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс. Маъмурий органлар эса – маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялардир.

 

Президентимизнинг “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида ҳам маъмурий органларнинг рўйхати келтириб ўтилган. Фуқаролар ва юридик шахслар мазкур маъмурий органларнинг қарорлари ёки қонунга хилоф ҳаракатлари юзасидан маъмурий судга мурожаат қилишлари мумкин.

 

Яна бир муҳим жиҳат – судга мурожаат қилиш муддати масаласи.

 

Жумладан:

 

маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан ариза ёки шикоят манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида;

 

давлат ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракатларини ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза ёки шикоят манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўн кун ичида;

 

сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари устидан ариза ёки шикоят манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан беш кун ичида судга берилиши мумкин.

 

Ариза беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин. Тўғри, суд ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан қонун билан белгиланган судга мурожаат қилиш муддатларига риоя қилинганини аниқлаши, мазкур муддатлар бузилганда эса, манфаатдор шахс ушбу ҳолатга эътибор қаратгани ёки йўқлигидан қатъи назар, уларнинг ўтказиб юборилиши сабабларини муҳокама қилиши лозим. Лекин шуни ҳам инобатга олиш лозимки, агар судга мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилган ёки ўтказиб юборилган муддатни тиклаш суд томонидан рад этилган бўлса, ариза қаноатлантирилмасдан қолдирилади.

 

Аризага белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўлангани, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўлангани, аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

 

Фуқаролар ва юридик шахслар маъмурий судларга мурожаат қилаётганда юқорида таъкидлаб ўтилган камчиликларга йўл қўйишмаса, шикоятларни қабул қилишни рад этиш ва уларни қайтариш ҳолатлари анча камайишига эришиш мумкин.

 


Report Page