МАЛИМ, АММАМ ВА ҚОПЛОН

МАЛИМ, АММАМ ВА ҚОПЛОН

Обид ҚЎЛДОШ олами
(Ҳикоя)


“Асосан мушаклар ишлайдиган жойда меҳнат охир-оқибат лаънатга айланади”.

Альбер КАМЮ

Катталар билан ўйнаш қийин. Уларнинг айтадиган гаплари билан қиладиган ишлари ҳеч қачон бир-бирига тўғри келмайди. Масалан, малим ҳамма тақлид алифбоси асосида ўқиши керак. Агар шуни мукаммал ўргансангиз, келажагингиз порлоқ бўлади, – дейди.

Шеърчи аммам эса у – ўлик тил. Имконият даражаси – ғарибона, деб уқтиради.

“Ғарибона” сўзининг маъносини тушунмасам-да, унинг гапириш оҳангидан бачкана бўлса керак, деб ўйладим ўзимча. Бу ҳам майли. Малим оғзидан тупук сачратиб: – китоб, газета ўқи, чаласаводлар! дейди-ю, лекин дадамнинг ишхонасидан газит топсам, у тақлидча эмас, мантиқча алифбода...

Бир куни дарсга кеч қолиб, директирнинг кабинети ёнидан билдирмайгина ўтаётганимда унинг маънавиятчи Хушомад тоғага: “Мана, манда телефон бор! Ҳозирги замонда газета кимга керак? Обунаси бошидан қолсин! Барибир ўқитувчиларинг газета ўқимайди”, деганини эшитиб қолдим.

Бошланғич синф миям билан ўйлайман: катталар бизни мазах қилиш учун атайлаб шундай қиладими, ёки малим янга ялғон айтадими? У ялғончи эмас. Чунки ўзининг айтишича, малим бўлиши учун олти йил ўқиган. Мен эса мактабда энди тўрт йил ўқидим. Демак икки йилдан сўнг малимчилик қилсам бўлар экан. Лекин директир бўлмайман!

Йўқ, ман малим ҳам бўла олмайман. Аввало овозим баланд эмас. Кейин ҳар 3-4 кунда бир баҳона билан жўраларимдан пул териб билмайман. Ўзи шундоқ ҳам дадам тушлик ва пешиндан кейинги дарс учун базўр пул беради. Ўртоқларим гоҳида хот-дог, чим-чимли нон сотиб олганида уларга билдирмай ютуниб оламан.

Ҳа, дарвоқе, аммам. Ғалати томони у ўзининг айтишича, уч йил ўқиган, лекин мактабимдаги ҳамма малимдан кўра ақлли экан. Фақат унинг бир парча “қоғоз” и йўқлиги учун ишга олишмасмиш.

Аммам ҳам ўзимга ўхшаб сал тушунмайдиган хилиданми, нима бало? Ҳаммаёқ қоғоз. Мана, масалан, дадамнинг ишхонаси ёнидаги эски бинода турли қоғоз, картонларни сотиб олишади. У ерда янги, чиройли расмли газитлар, ҳатто муқоваси қалин китоблар ҳам кўп. Аммамга ростдан ҳам қоғоз керак бўлса, ўша ердаги амакидан битта қоғоз олса бўлади-ку! Нима,бу шунчалик қийинми?

Қисқаси, ўша ақли кўп, шеър ёзадиган аммам мантиқча алифбода китоб ёзган, мендан фикр сўрайди. Тумшайиб оламан. Кичикларнинг устидан кулишга яралганми, катталар, тавба.

Якшанба куни дадам бир оддий воқеани айтиб берса, менга инсон йиғлоқи бўлмаслиги керак, деб бот-бот уқтирадиган аммам тўйиб-тўйиб йиғлади. Ҳайронман. Ахир дадам аммамга малим янга бўлиб бақирмади, ёки уни сўкмади, урмади...

Ўша куни ҳаво жуда совуқ, этни чимчилар даражада эди. Катталардан зерикканим боис кўчада Қоплон билан мазза қилиб ўйнадик.

Ўтин печкага қанчалар яқин ўтирмай, бурним оқар, аксига олиб, дастрўмолим аммамнинг тагидаги кўрпача остида қолган. Бурнимни енгимга артдим, аммо макарон шўрвадан шишган қорнимга термилган кўзларимни уйқу элитаётганди.

– Бир гапни айтсам, ишонмайсан, Мунис, – деди дадам манглайига қўлини тираганча хонтахта устидаги икки пар нонга маюс тикилиб. – Сен Севинч опа билан туманимиз тарихи ҳақида чиқарган катта китобни...

– Ҳа-ҳа, нима бўлибди ўша китобга? – аммамнинг табассум қилишга одатланмаган рангпар чеҳраси ёришиб кетгандек бўлиб, ярим соатдан буён кимнидир мақтаётган телевизорни ўчириб, хонтахта қаршисига мук тушиб олди.

Дадам Мамат тоға уйи ёнганида қилгани сингари хўрсиниб:

– Ўша китобдан бизнинг ишхонага анча совға қилинган экан, – деди бошини дастурхондан кўтармай.

– Ҳа, албатта-да. Сизларда ишчи-ходим кўп. Улар яшаётган тумани тарихи, ота-бобосини танисин-да!

Дадам аммамга Шокир жўрам уйга вазифани бажармаганида малимга мўлтирагани каби бир қаради-да, сўзида давом этди:

– Бўлимларга тарқатилган китоблар ўрами очилмаган ҳолатда турган экан. Кеча хўжалик ишлари бўйича ўринбосар барчасини тўплади. Бир “Дамас” бўлди. Шуларни ишхонамиз ёнидаги...

– Аммамнинг шаҳло кўзлари қирғоғидан кўзёшлар шашқатор бўлди. У остки лабини тишлаганча юзини биздан яширди.


Ташқарида эса лайлакқор ёға бошлаган, аммамнинг ғам-қайғусидан бехабар Қоплон дераза қаршисига келди. У мен билан ўйнашни истарди. Деразага яқинлашарканман, ит эркаланди. Аммо, у қанчалар типирчилаб мени кутмасин, аслида одамлардан кўра унга бўлган меҳрим кўп бўлса-да, айни пайтда шеърчи, ҳамма малимдан ақлли аммамни қучоқлаб, юпатгим келаётганди...

Обид ҚЎЛДОШ

Report Page