МАКТУБЛАР МАНГУ ЯШАЙДИ
Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмасиҚўчқор НОРҚОБИЛ
“КЎНГИЛНОМА” туркумидан
МАКТУБЛАР МАНГУ ЯШАЙДИ
Ёзганларимни гоҳида санъатимиз дарғаси, машҳур режиссёр, чин маънодаги истеъдод, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Устоз Олимжон ака Салимовга юбориб тураман. У киши ўқишга вақт топиб, эринмай хат ёзадилар.
Бу номаларда кўнгил кўзи очиқ Инсоннинг қалб титроғини ҳис қиламан ва уларни адабиётда алоҳида ўринга эга эпистоляр жанрнинг ихчам ва юксак намуналари деб қадрлайман.
Энди айтсам жоиз; Устоз ёзган мактублар анчагина бўлиб, тахланиб қолди. Худо хоҳласа, фурсати етгач, китоб бўлади, албатта.
Улуғларнинг кичик битиклари қаърида ҳам улкан ҳикматлар яширинади. Қанчалар довруқли бўлсалар-да, дилига озгинагина нур улашсанг, худди болалар каби қувонадилар.
Яхшиям, шулар бор! Яхшиям, бор!
Бугун Устоздан тағин бир хат олдим. Келинг, шуни ва яна бир номани Сизларга ҳавола қилай.
КЎЛ ҚАЪРИДАН ҚАЙТГАН МУҲАББАТ
Ассалому алайкум, Қўчқорбек!!
Қиссангиз (“Кўл қаъридан қайтган муҳаббат”)ни ўқидим, дўстим. Ўқиганда ҳам бир ўтиришдаёқ ўқиб чиқдим. Бўлакларга бўлгим келмади. Раҳмат Сизга, шунчалар ажойиб ҳиссиётларни тақдим қилганингиз учун раҳмат.
Йиғлатдингиз, рости, хотимасига келганда йиғладим. Қувонганимдан йиғладим. Қувонганимки, мен қиссада адабиётимизда, саҳнамизда, экранларимизда ҳеч ҳам кўрмайдиган яхши одамларни кўрдим, тоза одамларни кўрдим, қалбида бутун дунёни кўтара оладиган, хоксор одамларни кўрдим. Ўзи кулбада яшаб, оламдайин севгисига сажда қила олган, бутун бир кўлни кафтига сиғдирган кўримсиз, хоксор инсонларни кўрдим.
Бундайин персонажлар йўқ-да, дўстим, йўқ. Ўзини бутунлай бировга бахшида қила оладиган, борини дўстига, акаси, ёки укасига, отаси ёки онасига бахшида қила оладиган одамлар йўқ саҳнамизда. Фақат оладиганлар, юладиганлар бор, холос.
Қиссангиз мени ҳаяжонларга солиб, ёшлигимни эслатди. Бунисини учрашганимизда айтиб бераман. Ўша дамларни эсимга солганингиз учун ҳам минг раҳмат сизга.
Сиз ситуациялар топишга устасиз, топганингизни мукаммал, тўлақонли ифодалашга ундан-да устасиз. Сизнинг ёзган финалларингиз гўзал, ҳаётбахш, умидбахш. Омон бўлинг. Чарчаманг!
Омонқулингиз билан дўст тутундим.
Қайси кўл ёнида яшашади, бориб, Расида иккисини кўриб келган бўлардим.
Олимжон Салимов
31.03 2024.
ДАРАХТЛАРНИНГ МАҲЗУН ҚЎШИҒИ
Ассаломуалайкум, Қўчқорбек!
Омонмисиз дўстим, мен Сизни ва синглим Хосиятхонни тугаётган йилда эришган ҳамма ютуқларингиз билан муборакбод этиб, қалбимдан қувонганимни изҳор қиламан. Келаётган йил ҳам Сизларга бундан-да улкан ижод қувончларини келтирсин. Илло, ҳар иккингиз ҳам адабиётимизни дунёга танитаётган, нафақат танитаётган, балки қалбларга сингдириб, ҳайратда қолдираётган энг камтар адибларимизсиз ва мен, мен қатори жуда кўплаб мухлисларингиз Сизлар билан фахрланамиз.
Сизларни, сизларни ардоқлайдиган оила аъзоларингизни ва яқинларингизни кириб келаётган 2025 Янги йил билан самимий табриклайман. Янги йилда Сизларга тинчлик, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва албатта, битмас-туганмас ИЛҲОМ тилайман!
Қўчқорбек, мен пьеса (“Дарахтларнинг маҳзун қўшиғи”)ни ўқидим ва ҳар доимдагидай хурсанд бўлдим. Мен ўзимни “ақилли режиссёрлик фикрларимни” намойиш қилмоқчи эмасман. Сиз ёзмоқчи бўлган асрингиздаги визиятни, интригани ва энг асосан, драматик асарда албатта бўлиши лозим конфликтни топиш ва уларни ривожлантириб бориш устасисиз. Айниқса, ҳикояларингизда буни мен жуда аниқ сезаман. Бу сафар ҳам сиз шунга эришгансиз. Бирорта кўриниш ҳам бекорчи эмас, у сизнинг мақсадингизга риоя қилади ва ҳар бирида албатта, конфликт — томонлар тўқнашуви бор. Интрига ҳам то охиригача сақланиб туради ва кутилмаган (майли бу сафар бироз асосий мавзудан четроққа чиқиб бўлса ҳам) “ечим” жуда ҳам муносиб.
Асосий мавзудан четроққа чиқиб, деганмики, ўзини бир вақтлар хўрлаган ва мутлақо номардлик қилган кишини, ўлимдан сақлаб қолиш, менинг назаримда, яна бир алоҳида кучли драматик асарга асос бўла олади. Бу табиатни сақлаш мавзусидан ортиқ бўлмаса-да, лекин мен учун жуда муҳим.
Ёдингизд бўлса, мен Сиз билан суҳбатларимда, охиргиси Паркентдаги учрашувимизда Сизга айни ана шундай қаҳрамон бизларнинг саҳнамизда йўқ, ўзини биров учун аямай бахшида ва ҳамдардлик қила оладиган, бировнинг (майли у акаси, укаси, хотини, майли, мутлақо бегона бўлсин) ўлимдан, тўҳматдан, зорликдан, фалокатдан, ночорликдан қутқариш учун ўзини аямайдиган “қаҳрамонни” саҳнада кўришни орзу қиламан, деб айтганман. Ҳали орзуйимга эришганим йўқ. Сиздан умидим бор-да, дўстим!
Саҳнамизда инсон табиатининг ифодаланишида кучлар тенг эмас-да. Тарози палласини ҳар доим инсоннинг негатив қилмишлари — олғирлик, юлғичлик, нафрат, таъмагирлик, алдов, хиёнат, адоват, порахўрлик, нодонлик, қўрқув (уларнинг сон-саноғи йўқ), босиб кетаяпти-да, дўстим. Мен булардан ростдан чарчадим. Дардимни сизга айтаман-да, сиздан бошқа ким театрга қайишияпти? Рости, сиз билан танишганмиздан бери, сиз менга кўп ваъда бергансиз. Бажарилишини кутаман. Менга ажратилган фурсат оз қолди.
Сизни яна бир бор янги асар билан табриклаб, кириб келаётган Янги йил билан яна бир бор қутлаб, омонлик тилайман!
Олимжон Салимов.
25.12. 2024