МАКТАБЛАР БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ОЧИЛАДИ

МАКТАБЛАР БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ОЧИЛАДИ

Тошкент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Тошкент туман Кенгашининг ўн бешинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар ва тумандаги умумтаълим мактаблари раҳбарлари иштирок этишди.

Сессияда “Туманда янги 2020-2021 ўқув йилини барча мактабларда 14 сентябрдан бошлаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари Таваккал Джўраев, Халқ таълими бўлими мудири Зокир Товбоев, Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олимжон Исаков ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори Дилором Комиловаларнинг тумандаги барча умумтаълим мактабларида янги 2020-2021 ўқув йилини 14 сентябрдан анъанавий тарзда бошлаш борасида амалга оширилган ишлар, кўрилган чора-тадбирлар ва таълим муассасаларидаги тайёргарлик ҳолати юзасидан ахборотлари эшитилди.

Жумладан, бошланаётган янги ўқув йилида тумандаги 31 та умумтаълим мактабида 29 минг 530 нафар ўқувчи таҳсил олиши кутилмоқда. Шулардан 2 минг 995 нафарини 1 синф ўқувчилари ташкил этади. 7 сентябрдан 8-сонли умумтаълим мактабида ўқиш тажриба тариқасида анъанавий тарзда бошланиб, ҳозирда таълим жараёни карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда олиб борилаётганлиги, тажриба ижобий натижа бераётганлиги, салбий ва касалланиш ҳолатлари қайд этилмаганлиги таъкидлаб ўтилди.

Эшитилган ахборотлар юзасидан музокараларда сўзга чиққан депутатлар Хуршид Аҳмедов, Мирислом Усмонов, Гавҳар Мирзараҳимова, Саида Хашимова, Лочин Узденов ва бошқалар ўз сайлов округлари ҳудудидаги умумтаълим мактабларидаги айни вақтдаги ҳолат, мавжуд муаммолар ва пандемия шароитида янги ўқув йилини бошлаш учун бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, Тошкент туманида 14 сентябрдан мактаблар очилишига қуйидаги тартибда:

1-сонли, 2-сонли, 3-сонли, 7-сонли, 9-сонли, 15-сонли, 17-сонли ҳамда 31-сонли умумтаълим мактабларида фақатгина бошланғич, яъни 1-4-синф ўқувчилари учун анъанавий шаклда ҳамда юқори синф, яъни, 5-11-синфлар учун онлайн тарзда дарслар бошланиб, мавжуд ҳолат яхши давом этган тақдирда 21 сентябрдан тўлиқ шаклда давом эттиришга;

4-сонли, 5-сонли, 6-сонли, 10-сонли, 11-сонли, 12-сонли, 13-сонли, 14-сонли, 16-сонли, 18-сонли, 19-сонли, 21-сонли, 22-сонли, 23-сонли, 24-сонли, 25-сонли, 26-сонли, 27-сонли, 28-сонли, 29-сонли, 30-сонли умумтаълим мактабларида тўлиқ анъанавий шаклда очилишига;

20-сонли умумтаълим мактабида қурилиш ишлари якунланаётганлигини инобатга ҳолда 28 сентябрдан очилишига рухсат бериш тўғрисида Халқ депутатлари Тошкент туман Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Сессия ишида туман ҳокими Одилхон Рустамов иштирок этиб, масала юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берди.

Жумладан, туман ҳокимининг ўринбосарлари, сектор раҳбарларига тегишли ташкилотлар билан биргаликда таълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва соғлиғини сақлаш мақсадида ижтимоий масофа (2 метр) сақланишини таъминлаш, кириш-чиқиш жойларида дезинфекция йўлакчаларини ва тўсиқларни, қўл ювиш учун қўшимча жойларни ташкил этиш ҳамда пирометрлар ва антисептик воситалар билан тўлиқ таъминлаш ва бошқа талаблардан келиб чиққан ҳолда зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Тошкент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.



Report Page