МАИШИЙ ГАЗ БАЛЛОНЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИНИ БИЛАСИЗМИ?

МАИШИЙ ГАЗ БАЛЛОНЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИНИ БИЛАСИЗМИ?


Агар газдан фойдаланиш жараёнида бахтсиз ҳодисалар содир бўлмаслигини истасангиз, газдан фойдаланиш қоидалари ва техник талабларини сўзсиз бажариш лозим! Аслида, бу қийин иш эмас, бироз эътибор ва вақт ажратилса кифоя. Зеро, нафақат ўз соғлиғимиз балки яқинларимизнинг ҳам соғ-саломат бўлиши учун биздан бор-йўғи бепарво бўлмаслигимиз талаб этилади.

Шунинг учун, қуйида аҳоли турар жойларида суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланишда белгиланган қоидалар билан таништирамиз.


ЁДДА ТУТИНГ!!!

– газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларига асосан, газ баллонини ўрнатиш учун лойиҳа ишлаб чиқилади ва жойлардаги газ идоралари билан келишилади. Шундан сўнг ишлатишга рухсат берилади. Агар лойи­ҳа бўлмаса, газ баллонидан фойдаланиш тақиқланади;

– битта хонадонда 2 тадан ортиқ газ баллони сақлаш ва ишлатиш мумкин эмас;

–газ плитаси эшик, дераза ва электр розеткадан 0,5 метр масофада ўрнатилиши лозим;

– газ плитаси ўрнатилган хонада фақат бир дона газ баллонидан фойдаланиш ва сақлашга рухсат этилади;

– бунда хона ичидаги ҳарорат +45 даражадан ошмаслиги, газ баллони газ плитасидан камида 1 метр, иситиш радиаторлари ёки печкалардан камида 2 метр узоқликда ва махсус темир шкафларда ўрнатилиши лозим;

Ҳимоя шкафи

– суюлтирилган газлар хусусиятига кўра ҳаводан оғир бўлганлиги ва газ сизиб чиққанда чуқурликда тўп­ланиши эътиборга олиниб, газ баллонлари 1-қаватда жойлашган эшик ва деразалардан ярим метр, ертўла шаклидаги қаватларнинг эшик ва деразаларидан ҳамда канализация люклари ва чуқурликлардан камида 3 метр узоқликда жойлаштирилиши шарт;

– газ баллонларида ишлатиладиган резина шланг­лар давлат стандартлари талабига жавоб бериши лозим. Яъни уларнинг таркиби уч қисмдан иборат – ичи резина, ўртаси ип матоли ва усти резинали бўлиши керак.

Давлат стандартидаги шланг

Узунлиги 10 метрдан ошмаган, бўлакларга бўлинмаган ҳолда устки қисми шикастланмаган бўлгандагина ишлатилади. Шлангларни эшик, дераза пойидан ва деворлар орасидан ўтказиш тақиқланади. Уланадиган жойлари эса сим билан эмас, балки хомутлар билан маҳкамланиши шарт;

Хомут

олов ёрдамида газ сизиш жойларини аниқлаш мумкин эмас;

– кўп қаватли биноларда, ертўла, кириш йўлаклари, яшаш хоналарида (фақат икки қаватли 4 хонали хонадонлардан ташқари) суюлтирилган газ баллонларини сақлаш ва ўрнатиш тақиқланади;

– суюлтирилган газ билан тўлдирилган баллонларнинг тепа қисмида тамғалаш йўли билан уни ишлаб чиқарган корхонанинг белгиси, баллоннинг рақами, бўш баллоннинг ҳақиқий оғирлиги, ишлаб чиқилган ва қайта синовдан ўтказиш муддати (кун, ой, йил), ишчи босими (МПа), синовдан ўтказиш гидравлик босими (МПа), баллоннинг сиғими (литр), техник назорат бўлимининг алоҳида тамғаси, сиғими 55 литрдан кўп бўлган баллонларда стандарт рақамлари бўлиши шарт.

Фойдаланаётган газ баллонларингизда ушбу кўрсаткичлардан бирортаси мавжуд бўлмаса, синаш муддати ўтиб кетган бўлса (беш йил) ва бошқа камчилик­лар аниқланганда улардан фойдаланиш тақиқланади.

Уй шароитида газ баллонларини таъмирлаш, пайвандлаш ва бошқа турдаги техник хизмат кўрсатиш ишларини бажариш қатъиян ман этилади. Газ баллонларидан фақатгина белгиланган мақсадларда фойдаланиш, уларга талабга жавоб бермайдиган улаш мосламаларини ўрнатиш, резина шланглардан фойдаланиш тақиқланади.

Ҳовлида ёки хонада ўрнатилган газ баллонларида босимни пасайтириш мосламаси (редуктор) мавжуд бўлиши шарт ва газ хўжалигида хавфсизлик қои­далари талаблари асосида ўрнатилиб, сақланиши лозим.

Редуктор

Газ баллонларини асосий ва қўшимча кириш-чиқиш йўлаклари ҳамда автомобиль ўтиш жойлари олдида сақлаш асло мумкин эмас. Қуёш нури тушадиган жойларда турган газ баллонларининг усти соябон ёки бос­тирма билан ёпилиши шарт.

Газ баллонларини суюлтирилган газ билан белгиланмаган жойда тўлдириш қатъиян ман этилади.


"Ҳудудгаз Фарғона" МЧЖ матбуот хизмати







Report Page