МАХСУС ЖИҲОЗЛАНГАН МОБИЛЬ ПОЛИКЛИНИКА ТАҚДИМОТИ ОЛИС ҲУДУДДА ЎТКАЗИЛДИ

МАХСУС ЖИҲОЗЛАНГАН МОБИЛЬ ПОЛИКЛИНИКА ТАҚДИМОТИ ОЛИС ҲУДУДДА ЎТКАЗИЛДИ


Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мобиль поликлиникаси (махсус жиҳозланган автобус) тақдимоти олис ҳудуддаги тиббий кўрик жараёнида ташкил этилди.

Миришкор туманидаги туман марказидан 48, вилоят марказидан 90 километр масофада жойлашган ҳудуд –“Гулшанбоғ” МФЙдаги “Тожикистон” оилавий шифокорлик пунктида мазкур мобиль поликлиника тақдимотига бағишланган медиа-тур ташкил этилди. Ҳудудга мазкур автобус билан бир қаторда вилоят кўз касалликлари шифохонасининг мобиль офтольмологик клиникаси, вилоят ҳарбий госпиталининг мобиль флюорография автомашинасидан иборат тиббий карвон кириб келди. Мазкур карвонга журналистлар ва блогерлар ҳам ҳамроҳлик қилишди. Медиа-тур давомида тиббий карвондаги замонавий тиббий ускуналар орқали олис ҳудуд аҳолиси вакиллари тиббий кўрикдан ўтказилди.

— Мобиль поликлиника вилоят ҳокимлиги кўмагида, бошқармамиз ташаббуси ва тавсиялари асосида пойтахтимиздаги Турин политехника университети мутахассислари кўмагида Самарқанддаги автомобиль заводида тайёрланган, —дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков. — Унда оддий антропометрия (бўй ва вазн ўлчаш) жиҳозларидан тортиб энг замонавий, аниқлик даражаси жуда юқори бўлган лаборатория таҳлил ускуналари, мобиль диагностика ультратовуш аппарати, 3 каналли, сенсорли электрокардиограф, гинекологик текширувларга мўлжалланган рақамли видеокольпоскоп сингари ноёб тиббий техникалар ўрнатилган. Шунингдек, автобус ичида алоҳида рўйхатхона, махсус канализация ва стерилизация тизими мавжуд. Машинанинг ён томонида йиғма айвон ва металл платформа ўрнатилган. Мазкур платформада бўй ва вазн ўлчаш сингари антропометрия ускуналари жойлаштирилади.

-Маҳалламизда 422 та хонадон бор, 2024 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди "Гулшанбоғ" МФЙ раиси Мустафо Ёрмуродов.- Ҳудудимиздаги “Тожикистон” оилавий шифокор пунктида бир нафар врач хизмат кўрсатади холос. Тўқсон километр йўл босиб, вилоят марказига бориб, малакали шифокор кўригидан ўтиш у ёқда турсин, туман марказига қатнаш ҳам маҳалладошларимиз учун катта ташвиш туғдиради. Бугунги тиббий кўрик давомида 300 нафардан ортиқ аҳоли вакили тиббий кўрикдан ўтди. Айниқса, замонавий тиббий ускуналар билан махсус жиҳозланган кўчма поликлиника имкониятлари бизга жуда манзур бўлди. Маҳаллабай ишлашни янгича услубда ташкил этаётган тиббиёт ходимларидан миннатдормиз.


Дастлабки сафарнинг ўзиёқ мобиль поликлиника олис ҳудудлардаги тиббий кўриклар самарадорлигини оширишда, хасталикларни эрта аниқлашда, аҳолининг узоғини яқин қилишда муҳим аҳамият касб этишини яққол намоён этди.


Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.


▶️ @qashqadaryo_ssb


Report Page