«МАГАР ЧИНОР БЎЛСАНГ, ЧИНОРДEК ЯША»
Маълумки, адабиётимизнинг илдизлари эрамиздан олдинги асрларга бориб тақалади. Бу тилда яратилган муҳташам нафис сўз санъати дурдоналари дунё бадиий тафаккури хазинасидан ўзининг муҳтарам ва мусаллам ўрнини топган ва жаҳон аҳлининг ҳайрату ҳавасига манба бўлиб келмоқда. Бу беқиёс ганжинани тадқиқ этиш ва ўрганишнинг қонуний йўсини сифатида тилшунослик каби кўҳна адабиётшунослик дейиладиган фан юзага келган. Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик Наим Каримов ўзбек адабиётшунослигига, унинг тараққиёту такомилига беҳад салмоқли ҳисса қўшган ва бу илмнинг чинакам чинорига айланган заҳматкаш олимларимиздан биридир.

Наим ака 1958 йилда Ўрта Осиё давлат университетида ўзбек адабиёти бўйича аспирантурани тамомлагач, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида кичик илмий ходим сифатида иш бошлаган бўлса, узун ва бениҳоя сермазмун умрининг сўнгигача унинг илмий фаолияти асосан шу институт билан мунтазам боғлиқ бўлди. Наим Каримов «Шаҳидлар хотираси» хайрия жамғармаси раёсати раиси (1999), Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш комиссияси раиси (1999), «Қатағон қурбонлари хотираси» давлат музейининг директори (2001) этиб тайинланганидан кейин ҳам институт илмий фаолиятидан бирор сония четда тургани йўқ, аксинча илмий изланишлари ва машаққатли илмий тадқиқотларини мунтазам ва муттасил давом эттирди. Институт илмий кенгашининг аъзоси сифатида филология илмига дахлдор муаммолар муҳокамаларида, улар адабиётшуносликка оид бўладими, тилшуносликками ёхуд фольклоршуносликками, албатта, ўзининг ўринли ва фойдали таклиф-тавсиялари, илмий мулоҳазаларини билдирар, масаланинг ечими бўйича маслаҳатларини дариғ тутмас эди.
Умуман, Наим Каримов ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан билимдони, зукко синчиси сифатида бу даврдаги юксалишу эврилишларни, ёруғлигу зулумотларни ҳижжалаб ўрганган ва холис илмий хулосалар бера олган туғма олим эди. У «Пурвиқор чўққилардан бири» номли мақоласида қуйидаги фикрларни қайд этади: «ХХ аср ўзбек адабиёти кўп асрлик миллий адабиётимиз тарихида алоҳида ўринни эгаллайди. Шу даврда шундай забардаст шоир ва ёзувчилар авлоди етишиб чиқдики, бошқа бирор асрда бундай ҳайратланарли ҳол рўй берган эмас».
Заҳматкаш алломанинг турли архив ва музейлардаги материалларни қидириб топиб, уларни синчиклаб ўрганиб, жадидлар, миллатпарвар зиёлилар ижоди ва фаолияти билан боғлиқ кўплаб чала ёки янглиш маълумотларга тўкислик ва ойдинлик киритганини мамнуният билан таъкидламоқ жоиз. Ана шундай машаққатлар маҳсули сифатида юзага келган қатор-қатор мақола ва бошқа асарларида тарихий ҳақиқатни рост ва расо ўзанларга солиб қўйгани ҳам унинг адолат йўлидаги бикир ва бутун жидду жаҳдининг бир кўринишидир.
Атоқли америка адиби Ирвинг Стоун Оксфорд университетида «Биографик қисса ҳақида» мавзусида ўқиган маърузасида қуйидагиларни таъкидлаган: «Биографик қисса муаллифи учун тарих тоғ эмас, дарёдир. Ҳаттоки янги фактларни излаб топиш имконияти қолмаган тақдирда ҳам, барибир, эски фактларни янгича қабул қилиш, замонавий савияда талқин этиш имкониятлари бўлади. Бу янги талқин эса эски тарихни янги нур билан ёритади ва унга янги маъно бахш этади. Шуни эсда сақлаш лозимки, биографик қиссанинг муаллифи археологга ўхшайдиган одам, у шунчаки белкурак кўтариб олган одам эмас. Унинг пешонасидан оққан тер ёхуд қўлларининг қаваргани – бу ҳақиқий ишга эндигина кириша бошлаганининг оддий белгиси, холос. У ҳали янги очилган материалларни талқин қилиб бермоғи керак».
Шу маънода «Усмон Носир» маърифий-биографик романи Наим Каримовнинг «Усмон Носир: ҳаётий лавҳалар, ҳужжатлар, ривоятлар» (1993), «Усмон Носирнинг сўнгги кунлари» (1994) номли китоблари асосида қайта ёзилган, жуда кўп янги маълумотлар билан тўлдирилган. Демакки, 2022 йилда «Фан» нашриётида чоп этилган бу маърифий-биографик роман олимнинг қарийб ўттиз йиллик илмий изланишларининг, фидокорона, машаққатли меҳнатларининг самарасидир. Фидойи ва сарҳадсиз билим соҳиби бошқа маърифий-биографик романларидаги сингари бу романни яратишда ҳам тарих қаърини, унда яширинган сиру синоатларни ошкор қилмоққа, чин ҳақиқатни тикламоққа бел боғлаган, бутун умрини шу эзгу мақсад рўёбига бахшида қилган, Ирвинг Стоун таъбири билан айтганда, археологдир.
Романнинг муқаддимасида Наим Каримов ҳеч бир иддаосиз қуйидаги гапларни айтиб ўтишни жоиз билган: «Камина Усмон Носир тўғрисида илмий-оммабоп асар ёзиш учун шоирнинг жуда кўп барҳаёт замондошлари билан учрашганман, унинг Қўқон, Самарқанд ва Кемероводаги изларидан юрганман, унинг қатағон қилиниш тарихи ва жараёнини Тошкент, Кемерово ва Москвадаги архивларга бориб ўрганганман». Романнинг биринчи бўлимидаги олимнинг қуйидаги гапларида ҳар қандай ўқувчи қалбини ларзага солувчи ўткир ва ўринли истеҳзо ва киноянинг кескир кучини, ёндирувчи оловини сезмаслик, кўрмаслик ва ичдан ҳис қилмасликнинг имкони йўқ. Лисоний-бадиий ифоданинг бу қадар тугаллигидан ҳайратланмаслик мумкин эмас: «Усмонносиршунослар» шундай ривоятнамо гаплари билан шоир ҳақидаги ҳақиқат устига ёлғон кўйлагу ёлғон тўнларни, бошига эса ёлғон дўппиларни кийдириб ташлаганларки, натижада Ҳақиқат жаноби олийларининг ҳатто порлоқ кўзлари ҳам кўринмай қолган”. Кўриниб турибдики, закий олим ва адибнинг асл ва олий муддаоси «Ҳақиқат жаноби олийларининг порлоқ кўзларини» адл ва расо кўрсатишдан иборат.
Олимнинг бир ўзи томонидан (одатда бундай салмоқли асарлар йирик жамоалар томонидан тайёрланади) яратилган «Абдулла Қодирий замондошлари» энциклопедияси адабиётшунослигимизни, биринчи навбатда, қодирийшунослигимизни бойитган улкан ва муҳташам ишлардандир. Унда Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди билан у ёки бу даражада боғлиқ бўлган 254 нафар кишининг мухтасар таржимайи ҳоли жамланган. Бу мўътабар ва муаззам китобни Наим Каримовнинг ўзбек жадидшунослиги тадқиқи ва тарғиби йўлидаги иддаосиз жасорати дейиш мумкин. Ушбу асар адабиёт соҳасида Давлат мукофоти билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас.
Дангал айтиш зарурки, академик Наим Каримов қаламига мансуб 2000 дан ортиқ катта-кичик асарлар унинг адабиёт, фан, маданият, Ватан ва миллат тараққиёти йўлидаги бетакрор фидойилигининг ёрқин шаҳодатидир. Ана шу шаҳодат уни, ҳеч бир иккиланмай, адабиётшунослигимизнинг чинакам чинори дейишга имкон беради.
Низомиддин МАҲМУДОВ,
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори,
филология фанлари доктори, профессор
«Жадид» газетаси | 2024 йил 21 июнь | 26-сон