“МАДАНИЙ ТУРИЗМНИНГ ХАЛҚАРО ПОЙТАХТИ” Абадий шаҳарга янги мақом муборак!

“МАДАНИЙ ТУРИЗМНИНГ ХАЛҚАРО ПОЙТАХТИ” Абадий шаҳарга янги мақом муборак!


Бу қадим ва кўҳна кентда яшовчи ҳар бир фуқаро шу заминда яшаётганидан, шу юрт фуқароси эканидан ҳақли равишда фаҳрланади, деб айта оламан. Самарқанднинг тупроғи зар, суви шифобаҳш, ҳавоси эса танга дармон беради. Бу муқаддас тупроқ Инсоният тамаддунига кўплаб буюк даҳоларни ҳам тақдим этган. 

1996 йилнинг 18 октябрь куни соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллик юбилейи тантаналарида Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланган ва 18 октябрь - Самарқанд шаҳар куни деб белгиланган эди. Шундан буён мана чорак асрдирки, ушбу кун вилоятда кенг нишонланиб келинади

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона қиёфаси, бой тарихи, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган ноёб обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида машҳур. Рим билан бир қаторда турадиган “абадий шаҳар” деган ном билан Шарқ гавҳарига, бугун жаҳон аҳлининг албатта келиб кўриши шарт бўлган 50 та шаҳарнинг бирига айланди.

Уч минг йиллик тарихга эга Самарқанд азалдан илм, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик маркази, шунингдек, дунё тамаддунининг йирик марказларидан бири дея эътироф этилган. Бу азалий анъаналар бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда;

Шу кунларда Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” (Боқий шаҳар) сайёҳлик мажмуасида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтди.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида Самарқанд шаҳрига “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” мақомини бериш тўғрисида декларация ҳамда Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисида битим қабул қилинди.

Бу нуфузли халқаро тадбирда юртбошимиз Шавкат Мирзиёев шахсан иштирок этди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланди.

25-сессияси доирасида Глобал инвестиция форуми ва кўргазмаси ўтказилди, шунингдек форумда вазирлар ва халқаро молия институтлари раҳбарлари даражасида муҳокамалар, 5 та панел сессияси ҳамда 22 та тақдимот ўтказилганлиги ҳам диққатга сазовордир. 

Форум давомида Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди мавжуд туристик-инвестицион салоҳияти, 3 та туристик-рекреацион зона (Зомин, Чорвоқ, Чимён), Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, 4 та стартап лойиҳалари (Япония, Чехия, Франция ва Бразилия) намойиш этилди.

Демак айтиш мумкинки, шаҳримиз қадимдан Буюк ипак йўлидаги илм ва маданият ўчоғи бўлиши билан биргаликда, айни кунга келиб Туризм марказига, қолаверса маданий туризм пойтахтига айланиб бормоқда. 

Самарқандликлар бу билан ғурурланишади! 

Барча юртдошларимизни Самарқанд шаҳри куни билан университет жамоаси номидан муборакбод этаман!

Гўзал шаҳримиз янада гуллаб яшнайверсин, биз олимлар, тадқиқотчилар эса унинг фаровонлиги йўлида меҳнат қилишдан толмаймиз!



Худайназар Юнусов

Биология фанлари доктори, профессор

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор

СамДВМЧБУ ректори 



Report Page