МАҲБУБА
– Алё... алё... Бу “Ишонч телефони”ми?
– Ҳа. Мен – оператор Моҳидил Исматова, эшитаман.
– Кечирасиз, ёшингиз неччида?
– Ёшимнинг сизга нима кераги бор? Қандай масала бўйича мурожаат қиляпсиз ўзи?
– Узр, нотўғри гапирган бўлсам. Мен фақат сизни “опа” деб чақирсам бўлармикин ё йўқми – шуни билмоқчи эдим, холос.
– Хўп, унда ўзингиз неча ёшдасиз?
– Худо хоҳласа, бу йил октябрда йигирмага тўламан.
– Мендан уч ёш кичик экансиз.
– Раҳмат, Моҳидил опа, фақат илтимос, мендан хафа бўлманг...
– Нега хафа бўлай?
– Энди, биласиз-у, баъзи аёлларнинг ёшини сўрасангиз, негадир жаҳллари чиқади, тушунмайман.
– Исмингиз нима, синглим, қаердан қўнғироқ қиляпсиз?
– Маҳбуба. Қабристондан телефон қиляпман.
– Қаердан?!
– Шу... Минор қабристонидан.
– Ярим кечасида-я?
– Кундузи уйдагилар юбормаса нима қилай?
– Синглим, бирон яқин одамингиз вафот этдими? Вой, нега йиғлаяпсиз? Қўйинг, ўзингизни босинг, Маҳбубахон.
– Опа, бугун у кишининг “уч”лари ўтди... Мана, бир соатдан бери симёғочдаги чироқ тагида туриб, телефонимдаги рақамларни бирма-бир кўриб чиқдим. Қариндош-уруғ, дугоналарим, курсдошлар, таниш-билишларим... юзтадан кўп номер. Лекин биронтасига ботиниб, ишониб қўнғироқ қилолмадим. Кейин бошқа контактларга ўтдим. Мана, “103” – “Тез ёрдам”, аммо улар менга ёрдам беролмайди. Мана, “101” – ўт ўчирувчилар, лекин улар менинг юрагимдаги алангани ўчиролмайди. “1050” – қутқарув хизмати экан, афсуски, булар ҳам мени қайғу-аламдан қутқара олмайди. Охири сизнинг “Ишонч телефони”нгиз чиқиб қолди. Негадир ўз-ўзидан сизга қўнғироқ қилгим келди.
– Раҳмат ишончингиз учун. Фақат сиздан илтимос, очиқроқ гапиринг, мен кўп нарсани тушунмаяпман. Ёнингизда бирон ҳамроҳингиз борми?
– Йўқ, ёлғиз ўзимман.
– Ёлғиз ўзингиз... ҳайҳотдек қабристонда нима қилиб юрибсиз? Қўрқмаяпсизми? Масалан, мен гапингизни эшитиб, юрагим орқага тортиб кетяпти.
– Опажон, одам суйган кишиси ётган мозордан ҳам қўрқадими?
– Тавба! Маҳбубахон, шоира-поира эмасмисиз мабодо? Жуда сирли қилиб гапирар экансиз-да.
– Пойинтар-сойинтар гапларим билан бошингизни оғритиб юбордим, узр. Қисқаси, уч кун аввал мен бир ҳафта бирга яшаган турмуш ўртоғимни қаро ерга бердим. Ўтган шанба “Дунё” ресторанида тўйимиз бўлган эди. Бугун эса Жўрабек акам мана шу совуқ, қоронғи гўрда бир ўзлари ётибдилар, мен бўлсам тирик, соппа-соғ, сизга гап сотиб ўтирибман. Оҳ-ҳ...
– Бандалик, синглим, Худо сабр берсин.
– Мен у кишини мактаб давримиздан билардим. Жўрабек акам биздан икки синф юқорида ўқирдилар. Сингиллари Замира синфдошим эди, ҳар катта танаффусда келиб, дугонамдан хабар олиб кетар эдилар. Мактаб билан уйларимизнинг ораси узоқ, дарсдан пиёда қайтардик. Замира иккаламиз олдинда, Жўрабек акам тўрт-беш қадам орқада, биздан кўз узмасдан келардилар.
Маҳалламиз Шимолий вокзалнинг орқа томонида, пана-пастқам кўчалар, шпана болалар кўп бўларди. Очиғи, бу жойлардан ўтишга баъзан катта одамларнинг ҳам юраги бетламасди. Аммо безорилар бизга қора-қурасини умуман кўрсатмас эди. Нега десангиз, Жўрабек акам ёшлигидан каратэ билан шуғулланардилар. Ҳатто мактабни битираётган йили Ўзбекистон чемпиони ҳам бўлган эдилар.
Ўғил бола синфдошларимиз Замира иккаламизга орқаваротдан “Ҳа, энди буларнинг шахсий охранаси бор-да”, деб пичинг қилишса ҳам, биз билан ўйлаб гаплашишар эди. Қизлар бўлса ҳасад қилиб, “Вой шўрликкиналар, мактабга конвой билан келиб, конвой билан кетасизлар-а”, деб устимиздан кулишарди ҳам. Бу гаплар Жўрабек акамнинг ҳам қулоқларига етган, аммо у киши бепарво кулиб қўя қолганлар.
Жўрабек акам ниҳоятда келишган, Тошкентнинг олди йигити эдилар. Бўйлари биру саксон олти, елкалари кенг-кенг, сочлари қўнғироқ, сутга чайгандек оппоқ юзларининг икки четида кулгичлари чиройли ўйнаб турарди. Катта-катта, ақлли кўзларини кўриб, маъноли гап-сўзларини эшитиб, ҳар қандай одамнинг ҳам суқи кирарди. Балки, шунинг учунмикан, у кишига энг аввал Азроилнинг суқи кирди...
Афсуски, Телеграм номерингизни билмайман-да, бўлмасам, Жўрабек акамнинг соғлом пайтидаги, ўйнаб-кулиб юрган мана бу суратини сизга юборардим, кўриб, ўзингиз ҳам менинг сўзларимга ишонч ҳосил қилардингиз.
Ҳамма у кишини келажакда спорт соҳасидан кетади, жаҳон чемпиони бўлади, деб ўйларди. Аммо мактабни битиргач, ҳеч кутилмаганда, Вестминстер университетига ўқишга кириб кетдилар. Замира сабабини сўраган экан, “Спортнинг умри қисқа – инсоннинг умри узун”, деб жавоб қилган эмишлар.
Қанчалик банд бўлсалар ҳам, вақт топиб, ҳафтада бир-икки марта мактабга келишни канда қилмасдилар, илгаригидек бизни жимгина кутиб олиб, жимгина кузатиб қўяр эдилар.
Бир куни “Замира, энди кап-катта қиз бўлиб қолдиг-у, акангларга айтгин, ноқулай, ҳадеб овора бўлавермасинлар, ўзларининг ҳам ишлари кўпдир”, дедим. Эртаси куни дугонам орқали “Нима, Маҳбуба ўзига бошқа “охрана” топиб олдими?” деган жавоб келди. Бу гапнинг маъносини тушунгандек бўлиб, уялиб-қизариб кетдим.
Мактабниям битирдик. Бахтимиз, омадимиз чопиб, Замира Миллийга, мен Шарқшуносликнинг туркология бўлимига ўқишга кирдик. О, у пайтдаги суюнганларимиз, хурсанд бўлганларимиз!
Ота-онам ўқишга киришим шарафига уйимизда кичкина бир зиёфат қилиб беришди. Одатдагидек, биринчи бўлиб Замира ўртоғим етиб келди. Қўлида чиройли пластмасса қутига солинган, нопармон рангдаги орхидея гули. Тагида сувдони ҳам бор. “Жўрабек акам табриклаб, Сеулдан самолёт орқали бериб юборибдилар, ўзлари мусобақадалар”, деб гул билан бирга бежирим қилиб ўралган яна бир қутичани қўлимга тутқазди.
Раҳмат айтиб туҳфаларни олдим-у, юрагим гупиллаб уриб кетди. Қани энди, меҳмонларим тезроқ тарқалишса-ю, тезроқ совғани очсам... Ниҳоят, бир нарсани баҳона қилиб, хонамга кирдим-да, қоғоз қутичани очиб қарасам, китоб, “Чолиқуши” романи экан. Турк тилида, Истанбулда чоп этилган муҳташам бир нашр. Кутилмаган гўзал совға.
Мен ёшлигимдан “Чолиқуши”нинг жинниси эдим, қайта-қайта ўқиб, киносиниям қайта-қайта кўриб, ҳеч тўймасдим. Турк тилига меҳр қўйишимга ҳам аслида шу асар сабаб бўлган эди. Бу китобнинг ҳар хил нашрларини тўплаб коллекция қилиб юришимни Жўрабек акам ҳойнаҳой Замирадан эшитган бўлсалар керак.
Китобни кўзимга суртдим, бағримга босдим. Саҳифаларини очиб варақладим – лекин уларда менга аталган на бир дастхат, на бир қутловнома бор эди...
Бир ҳафтадан кейин Замира иккаламиз “Халқлар дўстлиги” саройига, Иброҳим Татлисаснинг концертига бордик. Билет талаш эди, Жўрабек акам қаёқдандир топиб бердилар, лекин ўзлари концертга тушмадилар. Томоша тугаб, ташқарига чиқсак, у киши яп-янги “Ласетти”нинг эшигини очиб бизни кутиб ўтирган эканлар. Бу машинани Осиё чемпиони бўлганларида ҳукумат совға қилганини эшитган эдим, салом-аликдан кейин табрикладим. Мийиғларида кулиб, “Қуллуқ” деб қўйдилар.
Замира кўчаларига етмасдан узр айтиб тушиб қолди – чеварга буюрган кўйлагини кийиб кўриши керак экан. Мен ҳам, буёғига энди ўзим кетаман, деб машинадан тушмоқчи эдим, ака-сингил, бемаҳалда биз хавотир оламиз, деб қўйишмади.
Хуллас, Жўрабек акам мени уйимга олиб бориб қўядиган бўлдилар. Йўлда ундан-бундан гаплашиб кетдик. “Чолиқуши” учун раҳмат айтдим.
Маълум бўлишича, бу китобни ўтган йили Измирда, Осиё чемпионатига борганларида сотиб олган эканлар. Роман ҳақида фикрларини сўраган эдим, “Йиғлоқилар китоби”, деб кулдилар. Кейин: “Маҳбуба, кимдир сенга айтганми-йўқми, сен Фаридага жудаям ўхшаб кетасан-а? Кўзларинг ҳам мовий. Фақат қисматинг ўхшамасин”, дедилар.
Кўчамизнинг бошида машинани тўхтатишларини илтимос қилдим. Хайрлашаётганимизда чақнаб турган кўзлари жовдираб, “Маҳбуба, агар қарши бўлмасанг... кўришиб турайлик”, дедилар-у, қизариб кетдилар, кейин шоша-пиша: “...дўстона”, деб қўшиб қўйдилар. Мен уялиб, “Хайр”дан бошқа сўз айтолмадим.
Шу-шу, гоҳ-гоҳ турли концерт, кино премьераларида, қаҳвахоналарда учрашиб, суҳбатлашиб турадиган бўлдик. Мен ҳар сафар Замира билан бирга борардим. Лекин нима учундир бундай пайтларда дугонам қурмағурнинг шошилинч бир иши борлиги тўсатдан эсига тушиб қоларди-ю, астагина даврамизни тарк этарди.
Бу орада биринчи курсни ҳам тугатдик. Икки ойлик таътилга чиқдик. “Чолиқуши”ни ўқийвериб, мен ёшлигимдан Туркияга мафтун бўлиб қолган эдим. Фариданинг изидан юриб, Қаршиёқа кўрфазини, Тақирдоғ, Зайнилар қишлоқларини, Қушадаси, Байроқли, Сариер, Оламдоғни, Олажақоя чорбоғини, Ускудор билан Диёрбакирни, Бейўғли, Саматия туманларини лоақал бир марта кўришни орзу қилардим.
Замира билан маслаҳатлашиб, ота-онамиздан амаллаб рухсат олдик. Саёҳат бюросига йўлланма учун буюртма бердик. Ҳамма ишлар тахт бўлиб, жўнашимизга бирон ҳафта қолганида Токиога, талабаларнинг халқаро конференциясига кетган Жўрабек акам сафардан қайтиб келиб қолдилару режамизни эшитиб, Замирага “Сизлар билан бирга боришга ҳозир “охрана”нинг вақти йўқ”, дебдилар.
Дугонам бормайдиган бўлганидан кейин мен ҳам саёҳат фикридан қайтдим.
Эртасига Жўрабек акам Замира иккаламизни шаҳарда янги очилган “Султон Сулаймон” деган турк ресторанига таклиф қилдилар. Бир пиёладан чой ичилгач, “Насиб қилса, янаги йил ўзим сизларни Туркияга обориб роса айлантираман”, деб узр сўраган бўлдилар.
Дарҳақиқат, келгуси йили учаламиз Туркияга бордик. Аммо бутунлай бошқа иш, бошқа ташвиш билан... Опажон, сизни чарчатиб қўймадимми?
– Бемалол гапираверинг.
– Ўша оқшом “Султон Сулаймон”да маржумак шўрва ичиб, искандар кабоб едик, паҳлавадан татиб кўриб, худдики Туркияга бориб келгандек бўлдик.
Жўрабек акам Японияда кўрган-билганларини ҳикоя қилиб бердилар. Токиода “Тойота Камри” маркали бир машинани ижарага олиб, беш кун ҳайдаб юрибдилар. Бу автомобиль ажойиб экан, унга на бензин, на газ, на электр керак экан – ғилдиракларининг айланишидан ҳосил бўладиган энергия ҳисобидан ҳаракатга келаркан. Замира иккаламиз бу гапни оғзимизни очиб эшитдик.
Зиёфатдан сўнг, одатдагидек, олдин дугонамни уйида қолдириб, кейин бизнинг маҳалламиз томон равона бўлдик. Бир вақт Жўрабек акам хотиржам бир оҳангда: “Маҳбуба, хабаринг борми, уйдагилар мени уйлантиришмоқчи”, деб қолдилар. Бу гапни эшитиб, опажон, юрагим шув этиб кетди, азбаройи ҳаяжон, тилим қуриб, танглайимга ёпишиб қолди. Нима деяримни билмасдим, ўзимни амаллаб қўлга олдиму “Яхши, кеннойимизни биз ҳам таниймизми?” деб илжайган бўлдим.
“Шу кеннойинг... кеннойи масаласи сал проблема бўлиб турибди-да, – дедилар у киши чайналиб. – Шу... Замира ўртоғинг, менга... Маҳбубадан бошқа кеннойи керак эмас, деб оёғини тираб олган, билмайман энди...”
Шундай деб яна қип-қизариб кетдилар, зарурат бўлмасаям, икки-уч марта сигнал босдилар.
– Моҳидил опа, сизниям яхши кўрган йигитингиз борми?
– Нега сўраяпсиз?
– Йў-ўқ, сизга севги изҳор қилишганда қандай аҳволга тушгансиз, шуни билмоқчи эдим... Қисқаси, дунёда ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, девдай паҳлавон бир йигитнинг менинг олдимда худди ёш боладек уялиб-қимтиниб, довдираб ўтириши ҳам кулгили, ҳам ниҳоятда завқли эди.
“Замиранинг ўзи менга айтмади-ку?” дедим ёлғондан қовоқ уйиб.
“Ўзими? Ўзи... уялар эмиш...” дедилар, лекин кўзларини қаерга олиб қочишни билмас эдилар...
Орадан икки кун ўтиб, уйимизга Жўрабек акамнинг совчилари келишди. Ҳаммамиз бир-биримизни яхши билганимиз учун ўртада “вой, қизимиз ҳали ёш”, “бизлар бир ўйлаб, маслаҳатлашиб кўрайлик”, “ҳозир тўй қилишга тайёр эмасмиз-да” деган гаплар бўлмади. Ўша куннинг ўзида нон синдирилди, онам совчиларга оқ ўратиб юбордилар.
Биз расман унаштирилдик.
Олдинда сафар ойими, ашур ойими бор экан, ишқилиб, эскича ирим-сиримларни ҳисобга олиб, тўйимиз саккизинчи август кунига белгиланди.
Дунёда биздан кўра бахтли, саодатли одам йўқ эди.
Айниқса, Замиранинг қувончи чексиз эди. “Биласанми, – деди у ўша куни қўнғироқ қилиб, – мен кўп кузатганман – бизнинг ўзбек хонадонларида келиннинг ҳаёт-мамоти кўп жиҳатдан қайнисингилга боғлиқ. Қайнисингилнинг ҳаёти ҳам келинойисига боғлиқ. Шундоқ хурсандманки, ўртоқжон...”
Лекин, минг афсуски, шодлигимиз узоққа чўзилмади.
Биз энди қаллиғим билан илгаригидек хилват гўшаларда эмас, аксинча, “ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич” деганларидек, ҳамма жойда очиқ-ошкора, эмин-эркин бирга юрар эдик. Жўрабек акам дунё кўрган, учта тилни биладиган замонавий йигит бўлсалар ҳам, уят-андиша, урф-одатга қаттиқ берилган, ҳаром-ҳариш ишлардан ҳазар қиладиган одам эдилар. Ишонсангиз, опажон, шунча вақт учрашиб-кўришиб, неча марта ёлғиз қолган бўлсак ҳам, лоақал қўлимни ҳам ўпмаган эдилар. Ўзингиз айтинг, ҳозир бунақа йигитларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўладими?
Билмадим, мени ноўрин шубҳа-гумонларга бормасин, деб ўйлаганларми, ишқилиб бир куни “Сароб” романидан бир абзацни кўчириб, SMS қилиб юборибдилар. Ўқиб кўрсам, “Рўзани дастурхон устида туз билан очадилар” деган жумланинг тагига чизиб қўйилган экан...
Фалокат июль ойининг ўрталарида содир бўлди. Жўрабек акам негадир тўсатдан озиб кета бошладилар. Сабабини сўрасак, сентябрда жаҳон чемпионати бўлади, Қозонда, озгина ортиқча вазним бор, шунга диета қиляпман, дедилар.
Бу гапни эшитиб, хотиржам бўлдик, лекин у киши баттар озиб кетавердилар. Бир ойнинг ичида ўн беш кило вазн ташлаб юбордилар. Қаттиқ ташвишга тушдик. Орадан кўп ўтмай, ҳаммамиз хаёлга келтиришга, тилга олишга ҳам қўрқиб юрган гумон тасдиқланди. Лейкемия. Оқ қон. Ув-в... Узр, опажон, ув-в...
– Майли, йиғланг, синглим, юрагингизни бўшатинг, шояд енгил тортсангиз.
– Кечирасиз. Кечирасиз... Уҳ-ҳ... Бу дард у кишига қандай, қаердан ёпишди, нега ёпишди – Яратган эгамдан бошқа ҳеч ким билмасди. Жўрабек акам бошда ўзимизнинг Гематология институтида ётдилар. Замира иккаламиз ҳар куни бошларида ўтирамиз. У киши фақат, ойим келмасинлар, юраклари кўтаролмайди, деб тайинлайдилар. Оғриқ чидаб бўлмайдиган даражада кучли, дўхтирлар нуқул морфин укол қилишади. Бечора Жўрабек акам, не ҳолатда ётибдилар-у, лекин бизга қараб “Навбатли дунё бу – бир вақтлар мен сизларга “охрана” эдим, энди эса менга “охрана”, деб жилмайишга уринадилар. Ўзлари бўлса, ҳансираб, зўрға нафас оладилар.
Замира ҳам, мен ҳам бу аҳволга чидаёлмаймиз – чойнак-пиёла ювишни баҳона қилиб, санузелга кирамиз-да, жўмракдаги сувни шариллатиб оқизиб қўйиб, товуш чиқармасдан “Дод!” деб йиғлаймиз. Кейин... юзимизни муздек сувда обдон ювиб, палатага кулиб кириб келамиз. Аммо қизариб кетган кўзларимиз сиримизни фош қилиб қўяди.
Жўрабек акам дардга жуда қаттиқ эканлар. Йигирма кундан ортиқ шу диққинафас палатада ҳеч кимга арзу дод қилмасдан, ҳамма азобга жимгина чидаб ётдилар. Афсуски, ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмади.
Бундан кейин ҳам бўлмаслигини тушуниб, Замира иккимиз елиб-югура бошладик. Осиё чемпионига эътибор шуми, деб Спорт вазирлигига бордик, Ҳукуматга бордик. Ҳар қалай, дунёда оз бўлсаям, яхши одамлар бор экан, шуларнинг кўмаги билан Жўрабек акамни Истанбулга, Қизилкўй онкологик клиникасига жўнатишга эришдик.
Гематология институтига ўз оёғи билан юриб келган одам у ердан носилкада чиқди.
Замира дадаси Комилбек амаки билан акасини олиб Туркияга кетишди. Аэропортда Жўрабек акам билан тузук-қуруқ хайрлаша олмадим ҳам – ухлатадиган укол қилишгани учун у киши карахт бир ҳолатда эди.
Энди бутун ишим – кун бўйи Замирага қўнғироқ қилиш, SMS ёзиш, Интернетдаги тиббиёт сайтларига кириб, лейкемия тўғрисида маълумот ўқиш, жума кунлари Зангиотага бориб, Худога нола қилишдан иборат бўлиб қолди.
Бир ҳафтадан кейин Замирадан хабар келди: илик тўқимасини кўчириб ўтказиш учун Жўрабек акамга донор керак экан, аммо бундай донорни беморлар йиллаб кутар экан. Бу хизматнинг баҳоси оз эмас, кўп эмас, икки юз ўттиз минг евро экан.
Комилбек амаки шошилинч Тошкентга қайтиб, қариндош-уруғ, таниш-билишларидан пул тўплашга киришди. Ҳовлисини сотувга қўйди. Бу гапларни эшитиб, мен ночорлигимдан, қўлимдан ҳеч иш келмаслигидан уззукун ўтириб йиғлайман. Ота-онам бутунлай карахт бўлиб қолган, нима деярини, нима қиларини билмайдилар, “Оллоҳ шифо берсин” деб уҳ тортиб қўядилар, холос.
Шу кунларда Замирадан яна бир SMS келди. Жўрабек акамнинг аҳволи анча оғирлашибди, бир ҳафтанинг ичида зудлик билан бояги операция ўтказилмаса, кейин кеч бўлиши мумкин экан. Пул топилибди, лекин донор топилмабди, шунинг учун энди Замиранинг ўзи донор бўлар экан...
Бу гапни эшитдиму бир дақиқа ҳам тоқатим қолмади, опажон. Шу заҳоти билет олиб, тонг саҳарда Истанбулга учиб кетдим.
Биз Жўрабек акам билан тўйдан кейин “асал ойи”ни бир умрлик орзуим бўлган шу шаҳарда бирга ўтказишни режа қилган эдик, начора, Худонинг хоҳиши бундоқ бўлди.
Аэропортда самолётдан тушиб, тўғри Қизилкўйдаги клиникани топиб бордим. Палатага кириб қарасам – мен суйган, мени суйган Жўрабек акамнинг фақат киртайган иккита кўзи қолибди, холос. Кўриб, ҳеч чидаёлмадим, опажон, олдимда бўлғуси қайнотам – агар шундай деб бўлса – Комилбек амаки билан бўлғуси қайнисинглим – Замира борлигини ҳам, уят-андишани ҳам унутиб, қайлиғимнинг қордай оппоқ, муздек юзига юзларимни босиб, қонсиз лабларидан ўпиб, ҳўнг-ҳўнг йиғладим. Комилбек амаки кўз ёшини кўрсатмаслик учун хонадан чиқиб кетди. Бояқиш Замира елкаларимни силаб-сийпаб, тасалли берган бўлди.
Жўрабек акам бўлса, янада катта, янада чиройли бўлиб кетган қоп-қора кўзлари чақнаб, “Охрана” келди, “охрана”, деб шивирлади.
Оҳ, опажон, қанийди мен ҳақиқатан ҳам “охрана” бўлсам-у, севгимни, севгилимни ҳимоя қилолсам!
Шу орада палатага узун сочларини резина боғич билан турмаклаб олган, кўккўз, малласоч дўхтир кириб келди. Оти Фуадбей экан. Беморга муолажа зарурлигини айтиб, биздан бир дақиқа ташқарига чиқиб туришимизни сўради.
Йўлакда унсиз йиғлаб турар эканмиз, Замира қўлларимдан маҳкам ушлаб, “Маҳбуба, ҳеч кутмаган эдик, келганинг қандай яхши бўлди. Акам сени жуда кўп сўрардилар, соғинардилар. Сездингми, сени кўриб қандоқ хурсанд бўлиб кетдилар. Худо хоҳласа, энди тузалиб кетадилар, индинга операция”, деди.
Клиниканинг ёнида беморларнинг қариндошлари турадиган кичкина бир меҳмонхона бор экан. Замира донор бўлгани учун касалхонадан кетолмасди, мен бориб унинг хонасига жойлашдим.
Икки кундан кейин операция бўлди. Ўзиям нақ олти соат давом этди, опажон. Жўрабек акам билан Замирани беш кун кўрмадик – улар реанимация бўлимида, сунъий уйқу ҳолатида ётишди.
Меҳмонхонанинг каталакдек номерида эртаю кеч телефонга тикилиб ўтираман. Ҳар замон Тошкентдан аям қўнғироқ қилиб уришадилар: “Ўртада на никоҳ, на ЗАГС бор, сўрамай-нетмай қилган ишингни қара, болам. Бу ёқда даданг ҳам сиқилиб кетдилар...”
Гўё мен сиқилмасдан Тақсим майдонида ёки Лаълали бозорида ялло қилиб юргандек. Бу ерда ҳам қўлимдан келадиган иш – ҳар куни икки марта Аё Сўфиё жомеъсига бориб намоз ўқийман, қаллиғимнинг дардига шифо тилайман.
Олтинчи куни беморларимизни, ниҳоят, палатага олишди.
Жўрабек акам тўрдаги икки юз ўн еттинчи палатада, Замира эса ён томондаги кичкина хонада эди.
Дастлаб Жўрабек акамнинг олдиларига кирдим. Кенг-мўл, баланд кроватда, кўзлари юмуқ, худди ухлагандек бўлиб ётибдилар. Қоп-қора, узун сочлари бутун ёстиқни қоплаган, баданларининг ҳамма жойига пластик найчалар улаб ташланган.
Эшик ёнида қимир этмай туриб қолдим. Бир маҳал шарпамни сезиб, кўзларини аранг очдилар. Бошда танимадилар шекилли, менга ҳайрон бўлиб қарадилар, кейин зўрға: “Маҳбубам...” деб шивирладилар.
Опажон, исмимни шунчалик дард, шунчалик меҳр-соғинч, миннатдорлик билан айтдиларки, бўғин-бўғинларим бўшашиб кетди.
Бошқа гапиролмадилар – умуман ҳоллари йўқ эди. Бошқа гапиргани мен ҳам қўймас эдим. Секин бориб ёнларига ўтирдим, чойшаб остидаги қоқсуяк бўлиб қолган қўлларини кафтимга олиб, силай бошладим. Бирпасдан кейин хотиржам ухлаб қолдилар.
Замиранинг палатасига кирдим. Операциядан кейин дугонам ҳам бутунлай бемажол, ранглари бўздек оқариб кетган эди. Мени кўрган заҳоти: “Акам қалайлар?” деб сўради. Жавобимни эшитиб, “Худоё, ўзингга шукур!” деб енгил нафас олди.
Комилбек амаки таниш-билишлари орқали Истанбулда ишлаб юрган Холниса опа деган андижонлик бир ҳамшира аёлни Замирага қараш учун ёллади.
Мен эса эртаю кеч Жўрабек акамни худди ёш боладек парвариш қилардим. Иштаҳалари йўқолиб кетган, баъзан алдаб-сулдаб бир қошиқ овқат едира олсам, ўзимда йўқ суюнардим. Хона салқин бўлишига қарамасдан, жиққа сув бўлиб терлаб кетардилар. Кунига тўрт-беш марта кийимларини алмаштиришга тўғри келарди. Бундай пайтда олдиларига яқинлашсам, жаҳллари чиқар, бор, хонадан чиқиб кет, санитарни чақир, деб ялинар эдилар.
Эй, опажон, касал – касал эмас, касал боққан – касал экан.
Жўрабек акам секин-аста бери қарай бошладилар.
Мен институтда иккинчи тил сифатида япончани ўрганардим. Бўш вақтларимда бекор ўтирмаслик учун дарсимни такрорлайман. Бир куни сезмабман – Жўрабек акам уйқудан уйғониб, менинг лабимни буриб, японча сўзларни талаффуз қилишимни кузатиб ётган эканлар. Кулимсираб, “Менга ҳам ўргатмайсанми?” дедилар. Суюниб кетдим. Демак, бир нарсага қизиқиш пайдо бўптими – тушкунлик кайфиятидан чиқяптилар, деб ўйладим. Лекин у киши ҳали жуда заиф эдилар, толиқтириб қўйишдан қўрқардим. Фуадбейдан сўрасам, кунига ўн беш-йигирма минут, шунда ҳам “Яваш-яваш” шуғулланса бўлади, деди.
Шундай қилиб, опажон, мусофир бир юртда, ажал чангалида жон талашиб ётган қаллиғим билан япон тилини ўргана бошладик. Лекин Жўрабек акам тез чарчаб қолардилар. Шунга қарамасдан, ҳар куни уйқудан кўз очганларида мен у кишига “Коничива!” деб японча салом берардим.
Бир куни жуда хомуш бўлиб турдилар, ҳеч очилмайдилар, сабабини сўрасам, “Уч кун қолди”, дедилар. Қўрқиб кетдим, зўрға: “Нимага уч кун қолди?” деб сўрадим. “Саккизинчи августга”, дедилару кўзлари жиққа ёшга тўлди. Маҳкам қучоқлаб бағримга босдим, кўзларидан, сочларидан ўпдим. “Жўрабек ака, ҳеч-ҳеч хафа бўлманг. Худонинг саккизи кўп, август бўлмаса, сентябрь бўлар, октябрь, декабрь, январь бўлар. Сиз фақат тузалиб кетишни ўйланг, мен, керак бўлса, саккиз ой эмас, саккиз йил кутишга ҳам тайёрман”, дедим. У киши титроқ қўллари билан кўзларимни силаб, “Маҳбубам... борингга шукур” дедилар.
Операциядан ўн кунлар ўтгач, Комилбек амаки мени Замиранинг хонасига чақирдилар. Холниса опа чой дамлаб, бордоқларни олдимизга қўйди-да, палатадан чиқиб кетди.
“Қизим, бизга кўп хизмат қилдингиз, – дедилар Комилбек амаки, – ҳеч унутмаймиз бу яхшилигингизни. Оллоҳ сиздан рози бўлсин. Мана, Худога шукур, Жўрабек ҳам анча тузук бўлиб қолди. Дугонангиз ҳам ўрнидан туриб юрибди. Энди буёғига ўзимиз амаллармиз, мана, Холниса бор. Сиз уйингизга қайтсангиз бўларди, қизим. Ҳадемай ўқишингиз ҳам бошланса керак. Қудаларим ҳам хавотир олиб ўтиришгандир”.
Биринчи марта “қудаларим” деб айтдилар.
Замира ҳам дадасининг фикрини маъқуллади. Ўйланиб қолдим. Ҳақиқатан ҳам, бу ерга келганимга уч ҳафтадан ошиб кетди. Лекин Тошкентга қайтишимдан нима маъно бор? Ҳаётимнинг маъноси мана шу ерда, Қизилкўйдаги мана шу касалхонада эмасми? Аммо уларнинг раъйига қарамасам ҳам бўлмасди.
Энг оғири, Жўрабек акам билан хайрлашув бўлди. “Яхши боргин”, дедилар-у, лекин ортимдан ёш боладек мўлтираб қараб қолдилар. Самолёт Тошкент аэропортига қўнаётганида юрагим устма-уст санчди. Хато қилганимни тушундим.
Эртасига Замира йиғлаб қўнғироқ қилди: мен кетганимдан кейин Жўрабек акамнинг қон босими кескин тушиб кетибди. Реанимация бўлимида – комада ётган эмишлар. Фуадбей менинг қайтиб келишимни сўраётган эмиш...
– Алё, Моҳидил опа, эшитяпсизми? Телефонимнинг қуввати ту[1]гаяпти. Хуллас, ота-онамнинг доду фарёдига қарамасдан, Истанбулга, қаллиғимнинг олдига қайтиб кетдим.
Тўғри Фуадбейнинг олдига кирдим. Беморнинг аҳволи нега оғирлашганини тиббий сўзлар билан узоқ тушунтирди. “Умид борми?” дедим юрагим зирқираб. “Умид – фақат Оллоҳдан”, деди дўхтир.
Бир ой яна Жўрабек акамга қарадим. Икки ойдан кейин Тошкентда тўйимиз бўлди.
– Вой, қандоқ яхши! Жўрабек тузалиб кетибдилар-да?
– Оҳ, қанийди тузалиб кетган бўлсалар! Мен ўйлаб-ўйлаб, охири, ҳаётимдаги энг оғир, лекин энг муҳим қарорни қабул қилдим. Бир куни иккимиз ёлғиз ўтирганимизда тўйимиз бўлишини хоҳлайман, деб айтдим. У киши ялт этиб менга қарадилар, кўзларида бир лаҳза нур чақнагандек бўлди. Сўнг хомуш бош чайқаб, “Ўйлаб гапиряпсанми? Бўлмағур гапни қўй”, дедилар. Аммо мен сўзимда туриб олдим. Комилбек амаки билан Замирани палатага чақириб келдим, Жўрабек акамнинг қўлларидан маҳкам ушлаб, бояги гапимни такрорладим. Улар ҳайрон бўлиб гоҳ менга, гоҳ қаллиғимга қарашди. Жўрабек акам бўлса, кулимсираб ерга қарадилар.
Кечқурун палатада тағин ёлғиз қолганимизда, у киши “Маҳбуба, яхшилаб ўйлаб кўр, менинг қанча умрим қолди – билмайман. Мени деб ўзингни жувонмарг қилма. Тушун, унақа фидойилар фақат китобларда бўлади”, дедилар.
“Йўқ, – дедим ёлғондан ер тепиниб, – тўйимиз бўлади дедимми – бўлади! Ҳали кўрасиз, сиз дунёдаги энг чиройли куёв, мен дунёдаги энг гўзал келин бўламан”.
Эртасига Фуадбейнинг кабинетига кириб, фикримни айтдим.
“Қарорингиз хайрли бўлсин, Маҳбуба хоним. Сиз ёнида бўлсангиз, Жўрабей афанди, табиийки, позитив энергия олади. Аммо мен дўхтир сифатида сизни огоҳлантириб қўйишим керак: бу никоҳдан, афсуски, зурриёд дунёга келмайди”.
Эй бечора, содда дўхтир! Мени ҳозир наҳотки чумолию тошбақа ҳам қодир бўлган насл қолдириш қайғуси ташвишга солаётган бўлса?! Севгилим ақалли бир кун, ақалли бир соат бахтли бўлса – бас, шунинг ўзи мен учун тахти Сулаймон билан баробар.
“Фуадбей, – дедим, – очиғини айтинг: қанча вақтимиз бор?”
“Бир ой”, – деди дўхтир киприк қоқмасдан. Оёқ-қўлим музлаб, ичимда бир нарса чирт этиб узилиб кетгандек бўлди.
“Демак, шошилишимиз керак, – дедим. – Фақат... сиздан илтимос: шу бир ой давомида Жўрабек акамга қараб туриш учун Тошкентда биз билан бирга бўла оласизми? Хизмат ҳақингизни икки ҳисса қилиб тўлаймиз”.
Фуадбей ўйланиб: “Маъмуриятдан изн олишим керак”, деди.
“Бўлмаса, тезлаштиринг. Биз эртага Тошкентга учамиз”.
Дўхтир бош ирғаб, розилик билдирди.
Тўй хабарини эшитиб, Жўрабек акамнинг онаси Собира хола ҳам, аям билан дадам ҳам шокка тушиб қолишди. Лекин уларнинг қўлидан нимаям келарди? Ахир, мен бегонага эмас, унашиб қўйилган қаллиғимга турмушга чиқяпман. Ер юзида мени аҳдимдан қайтара оладиган бирон куч йўқ эди ҳозир.
Никоҳимизни Кўкчадаги машҳур Абулқосим қори ўқидилар. Жўрабек акам шу домланинг “YouTube”даги мавъизаларини яхши кўриб эшитардилар.
Тўйимиз “Саёҳат” ресторанида бўлди. Фуадбей, кичкина чамадончаси қўлида, шундоқ ёнимиздаги биринчи столда, биздан кўзини узмай ўтирарди. Лекин, Худога шукурки, хизмати керак бўлмади – қилган уколининг таъсири тўрт-беш соатга етди.
Тўй ниҳоятда чиройли ўтди. Ҳамма зўр артистлар – Юлдуздан тортиб Мунисагача бирин-кетин келиб хизмат қилди.
Базмдан кейин Жўрабек акам билан тўғри у кишининг Лабзакдаги уч хонали квартирасига бордик. Олимпиада чемпиони бўлганларида берилган бу уйни ҳали соғлом пайтларида яхши ният билан чиройли ремонт қилдириб қўйган эдилар. Фуадбей янгаларга ўхшаб бизни кузатиб келди. Дарвоқе, янгалар тўғрисида... тўй ҳаракати бошланган кунлардаёқ, мен бетимни сидириб, аямга: “Ҳеч қандай янга-панганинг кераги йўқ, ўртамизда ҳамма иш бўлиб ўтган, биз бир-биримизга ишонамиз”, деб шарт қўйган эдим. Шўрлик аям йиғлаб-сиқтаб, гапимга базўр кўнган эди.
Ўз уйимиз – ўлан тўшагимизга етиб келдик. Аям, қайнонам, Замира – ҳаммалари маъюсгина хайрлашиб кетишди. Фуадбей Жўрабек акамни кўздан кечириб, дори-дармонини берди, кейин “ийи гежелер” тилаб, у ҳам бизни тарк этди.
Ниҳоят, севгилим билан ёлғиз қолдик.
Жўрабек акам қаттиқ чарчаган, лекин хурсанд эди.
Ётоқхонамизнинг полидан шифтигача қаллиғим менга биринчи бор совға қилган орхидея гуллари билан безатилган эди.
Қўш тўшакли хобгоҳимизда, бир ёстиққа бош қўйиб, узоқ суҳбатлашиб ётдик. Орамизда ҳеч нарса бўлмади. Бирон нарса бўлишининг кераги ҳам йўқ эди. Ёнимда севган ёримнинг нафасини, юрагим устида кафтининг ҳароратини сезиб ётсам, шунинг ўзи кифоя эди...
Опажон, суйган одамингнинг жуфти ҳалоли бўлиш, у ёқтирган таомни эрталаб пишириб, олдига қўйиш, кўйлакларини ювиб-дазмоллаб, эгнига кийдириш, миннатдор нигоҳини ҳар лаҳзада ҳис қилиб яшаш – чинакам бахт экан. Тақдир менга мана шундай саодатли етти кеча, етти кундузни инъом этгани учун ҳар кун, ҳар соат Яратганга шукрона айтардим.
Бешинчи кун оқшомга бориб, Жўрабек акамнинг мазаси қочди. Фуадбейнинг илму амали ҳам энди кор қилмай қўйди.
Чой дамлаб олдиларига кирган эдим, “Маҳбуба, – дедилар, – илтимос, нотариусни чақиргин. Мен мана шу уйни сенинг номингга ўтказиб бермоқчиман”.
“Нимага?”
“Шундоқ қилиш керак”.
Титраб кетдим.
“Жўрабек ака, – дедим, – наҳотки, мени шу уй учун эрга теккан, деб ўйласангиз?”
“Ундай деб ўйламайман, лекин...”
“Сиз ўйламасангиз, бошқалар шундай деб гап чиқармайдими? Бу томонини ўйламадингизми?” дедим. Уввос солиб йиғлагим келар, аммо кўзимда бир томчи ёш қолмаган эди.
“Лекин мендан кейин қаерда яшайсан? Қандай яшайсан? Ахир, кўра-била туриб, ҳаётингга зомин бўлдим, Маҳбуба. Агар... агар йўлингда яхши бир одам учраб, бахтингни топсанг, мен у ёқда... тинч бўламан...”.
“Илтимос, жим бўлинг! Илтимос, мени қийнаманг, – дедим ёлвориб. – Худо хоҳласа, ҳали кўрмагандек бўлиб кетасиз. Тузаласиз. Тузалмаганингизга қўймайман”.
“Майли, – дедилар у киши хўрсиниб. – Майли, илоё, айтганинг келсин...”
Ярим соат ўтиб, қайнонам билан Замира етиб келишди. Уларнинг изидан қайнотам Абулқосим қорини бошлаб келдилар. Мен, домла “Ёсин” ўқиб ўтирса керак, деб ўйлаган эдим, аммо бир оздан кейин у киши каловланиб ичкаридан чиқди, йўлакда гангиб турган қайнотамга қараб, “Худо шифо берсин” дедию шоша-пиша ташқарига отланди. Кейин Замирадан эшитсам, Жўрабек акам, қори домладан: “Одам у дунёда жуфти ҳалоли билан бирга бўлиши мумкинми?” деб сўраган эканлар...
Домла нима деб жавоб қилган – мен буни билмайман.
Кейин ҳаммамиз Жўрабек акамнинг олдиларига кирдик. Умр шаъмлари сўниб борар, роса беҳол, мажолсиз эдилар, лекин кўзларида ўт ёнар эди. Қийналиб-қийналиб, “Ҳамманглардан розиман, сизлар ҳам рози бўлинглар”, дедилар. Қий-чув, йиғи-сиғи кўтарилди, қайнонам ҳушларидан кетиб қолдилар, Фуадбей дори берди.
Ниҳоят, Жўрабек акам: “Илтимос, Маҳбуба қолсин”, деб шивирладилар.
Ҳамма чиқиб кетгач, ўринларидан қўзғалмоқчи бўлдилар – кучлари етмади. Дарҳол бағримга олдим, юз-кўзларини, сочларини ўпиб-силадим. Охирги бор жилмайиб, “Маҳбубам...”, дедилару бир силкиниб, тиззамда жон бердилар...
Мана, кеча уларнинг “уч”лари ўтди...
– Оҳ, Худойим-эй! Сингилжоним, қойилман сизга. Бунақа муҳаббат, бунақа фидойилик... фақат китобда бўлади, деб ўйлардим... Лекин нега ярим тунда мозорда юрибсиз?
– Ўзим ҳам билмайман, опа.
– Илтимос, уйингизга қайтинг. Шошманг, мен ҳозир такси олиб ёнингизга етиб бораман. Фақат ҳеч қаёққа кетиб қолманг, хўпми?
– Раҳмат, минг раҳмат сизга, дардимни...
– Алё! Алё, Маҳбуба! Вой, телефони ўчиб қолди-ку?.. Алё! Бу “Yandex–такси”ми? Зудлик билан Марказдаги “Ишонч телефони” офисига машина юборинг. Ҳа, “Call-центр”га фақат зудлик билан...
Хайриддин СУЛТОН