МАҲАЛЛАСИНИНГ СЕВИМЛИ ШИФОКОРИ
Меҳнат фаолиятини 1979 йилда Янгийўл тумани туғуруқхонасида бошларкан, бу давр унинг касбий маҳорати шаклланишида муҳим босқич бўлди. Орадан уч йил ўтгач, туманимизга ишга ўтди ва 2011 йилгача болалар шифокори сифатида самарали фаолият юритди. Ушбу йиллар давомида у минглаб болаларнинг соғлом улғайишига ўз ҳиссасини қўшди, ота-оналар ишончини қозонди ва жамоада ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.
2011 йилдан буён эса туманимиздаги 17-сонли оилавий поликлиникада умумий амалиёт шифокори сифатида фаолият юритиб келмоқда. Кўп йиллик тажрибаси, касбига садоқати ва инсонпарварлиги туфайли у беморлар қалбидан алоҳида ўрин эгаллаган.
Буойим Жўраева ўзининг ҳалоллиги, фидойилиги ва масъулияти билан нафақат ҳамкасбларига, балки ёш шифокорларга ҳам ўрнак бўлиб келмоқда. Унинг бутун ҳаёти ва меҳнат йўли Ватанга хизмат қилиш, инсон саломатлигини асраш ва эзгулик улашишга бағишланган. У ўзининг кўп йиллик тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда оналарга ҳамиша фойдали маслаҳатлар бериб келади. Келинг, биз ҳам унинг суҳбатидан баҳраманд бўлайлик.
– Оналар фарзандларининг тез-тез касал бўлишидан шикоят қилишади. Бунинг асосий сабаби боланинг иммун тизимининг заифлигидир, -дейди Буойим опа. – Маълумки, иммун тизими организмни турли микроблардан ҳимоя қилади. Бу тизим заифлашса, бола тез-тез касал бўлади, касаллик тезда ўтиб кетмайди, тузалгач ҳам яна қайталанади. Бунга витамин танқислиги, ёмон уйқу, нотўғри овқатланиш ва айни пайтда доимий психологик стресс сабаб бўлади. Кўп оилаларда болалар ярим тунгача ҳам ухлашмайди. Бу– нотўғри. Бола кечки 21-00 да ухласа, соғлиғига фойда. Яна ачинарли томони шундаки, болалар ухлашдан олдин компьютер, телефон, планшетлар билан машғул бўлишади. Бу ҳам уйқуга салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда боланинг касалликка мойиллиги ошади. Болаларга газланган ичимликлар, гени ўзгартирилган маҳсулотлар, турли ширинликларни ҳадеб беравариш ҳам зарарли. Йодланган ош тузи, сархил мева-сабзавотлар, сув болалар саломатлиги учун муҳим.
Буойим опанинг бу каби фойдали маслаҳатлари жуда кўп. Унга риоя қилган оналарнинг болалари эса камдан-кам касал бўлишади. Касалликни даволагандан кўра олдини олган яхши, деганлари шу бўлса керак.
Буойим опа маҳалласининг севимли шифокори бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай. Уйига куну тун қай кимдир ёрдам сўраб келса, бажонидил қўлидан келган ёрдамини кўрсатади.
Буойим опанинг оиласи ҳақида ҳам илиқ сўзларни айтиш керак. Жонкуяр шифокор тўрт нафар фарзанднинг меҳрибон онаси ва олти нафар неваранинг суюкли бувиси ҳамдир. У фарзандлари каби невараларининг ҳам соғлом бўлиб вояга етишлари йўлида чинакамига жон куйдирадиган саломатлик посбонидир. Орамизда у каби фидойи шифокорлар кўпаяверсин.
Нигора ТЎЛАГАНОВА.