МАҚСАДИМИЗ ҲАМ, ЙЎЛИМИЗ ҲАМ АНИҚ МАСЪУЛИЯТ ВА ДАХЛДОРЛИК ТУЙҒУСИ КЎЗЛАГАН МАРРАМИЗГА ЕТКАЗАДИ (Иккинчи мақола)
Шукритдин ПАХРУТДИНОВ, сиёсий фанлар доктори, профессорКомиллик йўлининг манзили қайда?
Жамиятимиз тараққиётининг бугунги вазифа ва йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, тўлиқ асос билан таъкидлаш лозим: халқимизнинг “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғоясини чуқур ва мустаҳкам қарор топтириш давримизнинг энг долзарб ва юксак юмушига айланди. Миллий ғояни халқимиз онги ва тафаккурига сингдириш биз учун ҳаётмамот масаласидир.
Ҳозирги кўп қутбли дунё қийинчилик билан шаклланаётган бир пайтда ғоялар ролининг ошиб бораётгани гувоҳи бўляпмиз. Сайёрамизда янгича халқаро тартибот шаклланаётган айни паллада жаҳондаги кучлар мувозанати турли марказлар ўртасида зиддиятли ҳал қилинаётир. Шу билан бирга, мафкура омилига талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Ғоявийлашув тенденцияси кучайиб бораётган бугунги мураккаб замонда ҳар бир мустақил мамлакатнинг жаҳон сиёсий ва иқтисодий маконида муносиб ўрнини мустаҳкам эгаллагани ҳолда, ўз келажагига ишонч билан қарай олиши учун жамият аъзоларининг ғоявий эътиқоди масаласини тўғри ҳал қилиш лозим. Инсониятнинг тарихий тажрибасига мурожаат қилсак, масаланинг нечоғлиқ муҳимлигига амин бўламиз. Кўпгина мамлакатларнинг таназзулга юз тутишига жамиятда мавжуд бўлган ғоявий парокандалик сабаб бўлган. Ғоявий парокандалик жамиятни бошбошдоқликка олиб келган. Жамият ўзининг аниқ муддаосини англаб ета олмаган ва натижада ҳалокатли, таҳдидли ҳолатга тушиб қолган. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Мана, бугун маънавий-маърифий соҳада масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди. Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”, деган фикрларидан тегишли хулоса чиқаришимиз керак.
Биринчидан, мамлакатимиздаги барча тизим, ташкилотлар фаолиятини “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғоясини ҳар томонлама чуқур қарор топтириш вазифасига бўйсундириш лозим. Кўп ҳолларда фақат миллий ғоянинг долзарблиги ва зарурлигини асослаш билан овора бўляпмиз. Ваҳоланки, гап уни одамлар онгига чуқур сингдириш ҳақида бормоқда. Яъни жамиятимизда миллий ғояни шакллантиришнинг энг самарали чора-тадбирларини, услуб ва воситаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ барча масалани кечиктирмай ҳал қилиш даркор. Назаримизда, ушбу вазифага ягона тизим сифатида ёндашмоқ зарур. Мазкур тизимга таълим-тарбия муассасалари билан бир қаторда, бошқа муассасалар, илм-фан, нодавлат ва жамоат ташкилотлари, ҳокимлик ва вазирликлар ҳам бевосита масъул бўлиши керак. Иккинчидан, бу вазифани бажаришда, фикримизча, услубий ёндашув муаммосини тўғри ҳал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бошқача қилиб айтсак, мафкуравий тарғибот воситаларини қўллашдан олдин ёшлар жамоаси бўладими, меҳнат жамоаси бўладими ёки туман, вилоят аҳолисими — уларнинг ўзига хос интеллектуал, ижтимоий жиҳатларини, онглилик даражасини, албатта, ўрганиб чиқиш ва ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ўринда гап миллий ғояни тарғиб қилиш жараёнида танланма ёндашув зарурлиги ҳақида бормоқда. Гап шундаки, инсон, гуруҳ ва умуман, жамият тафаккурида мустақиллигимизнинг меваси ҳамда буюк келажагимизни таъминловчи, мамлакатимизни турли ғанимлар таҳдидидан кучли ҳимоя қилувчи миллий ғоямизни қарор топтириш, уни мустаҳкам ишонч даражасига кўтаришга бир хил қолипдаги услублар билангина ёндашиш ва улардан самарали натижалар кутиш жуда катта хато бўлар эди. Шунинг учун ҳам мафкуравий тарбия ишлари самарадорлигини таъминловчи услуб ва воситалар устида тинмай бош қотириш, изланишлар олиб бориш ҳамда уларни амалиётга кечиктирмасдан, тўғри татбиқ қилиш устувор вазифага айланмоғи керак. Бу ўринда миллий ғояни шакллантириш жараёнида бирваракайига икки муҳим масалани ҳал қилишга алоҳида эътибор бериш зарур: биринчиси, мустақил Ватанимизнинг порлоқ келажаги, кучли ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятини, янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадга қаратилган кучли ишончни қарор топтириш, иккинчиси, мафкуравий тарбия воситасида ёшларда экстремизм, ақидапарастлик, умуман, ёт ғояларга қарши кучли мафкуравий иммунитетни шакллантиришдан иборат. Бу ҳолат мафкуравий ишларимизга услубий жиҳатдан кенг қамровли ёндашиш, услубий йўналишлар хилма-хиллигини тақозо этади. Мафкуравий хавф-хатарлар фаоллашиб, бевосита таҳдид даражасига кўтарилиши эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам кучайган бугунги шароитда ёшлар тафаккурида мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш миллий ғояни шакллантириш вазифасининг энг муҳим ўзагидир. Ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатларимиз натижаси муайян даражада мафкуравий ишларимиз самарадорлигини белгиловчи муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, миллий ғояни шакллантириш бевосита мустақиллик берган демократик ҳуқуқлар, конституциявий ҳуқуқ нормаларининг ёшлар томонидан юқори даражада англаниши жараёни билан чамбарчас боғлиқ кўрилиши керак. Чунки миллий ғоянинг ҳаётимизда ғоят муҳимлигини билдирувчи асослар ана шу конституциявий ҳуқуқда мужассам. Зеро, миллий ғояни инсон онги ҳамда тафаккурига сингдириш ва ривожлантириш учун кенг имконият яратган, фуқароларимизга мустақиллик ҳуқуқини берган омил Конституциямиздир. Миллий ғоя, миллий мафкурани ишлаб чиқиш ва уни шакллантиришдек шарафли вазифани адо этишда ҳар қайси миллатнинг энг илғор вакиллари, керак бўлса, мутафаккирлари, халқ ва Ватан равнақи йўлида ҳаётини бағишлайдиган фидойи зиёлилари меҳнат қилиши лозим. Ғоявий тарбиянинг мукаммал механизмини барпо қилишда такомиллашган услублардан фойдаланиш ҳақида гап борар экан, масаланинг яна бир ўта муҳим жиҳатига эътибор қаратмоқчимиз. Бу ғоявий тарғибот ишларининг асосий тамойиллари билан боғлиқ бўлган масаладир. Миллий ғояни тарғиб ва ҳаётга жорий қилишда халқчиллик етакчи тамойил бўлиши лозим. Бу ўринда буйруқбозлик, маъмурий яккаҳокимлик, бюрократизмга йўл қўйиш нохуш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак. Айниқса, ҳокимлик тизими вакиллари ниҳоятда эҳтиёт бўлиши мақсадга мувофиқ. Чунки маънавиятга дахлдор ишларни жон куйдириб қилиш ўрнига, иккинчи даражали масала сифатида қараётган раҳбарлар кам эмас. Мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишларига бутунлай янгича шижоат билан киришиш зарур экан, аввало, бунинг учун соғлом мулоқот маданиятини тарбиялашнинг услуб ва воситаларини ҳал қилиб олишимиз зарур. Унда одамларнинг ёши, ижтимоий ҳолати, фикр-хаёли, орзу-интилишлари чуқур қамраб олинган бўлиши керак. Ана шунда жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, ёшлар қалбига йўл топа оламиз. Ёшларимизга кўпинча панд-насиҳат қилиш билан овора бўлиб қоляпмиз. Сийқаси чиққан панд-насиҳат ҳаддан ошиб кетгани боис, ёшлар уни кўпинча дашном сифатида қабул қилаётир. Ёшлар тафаккурини миллий ғоя билан қуроллантирмоқчи эканмиз, бунинг учун, биринчи навбатда, уларда эркин шахс маънавиятини юксалтириш зарурлигига алоҳида эътибор бериш лозим. Чунки ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган, мустақил фикрли йигит-қизгина мустаҳкам эътиқодга эга бўлади. Ушбу ғоя мамлакатимизда ёшлар сиёсатининг асосига айлантирилди. Яъни миллатимиз, давлатимиз ва жамиятимиз тақдири, буюк келажаги бевосита ёшлар камолоти, баркамол бўлиши билан узвий боғлиқликда қурилмоқда. Шундай экан, мамлакатимизнинг бебаҳо салоҳияти, бугуни ва келажагининг асоси бўлган ёшлар ҳамда уларнинг фикр-хаёли, дунёқараши тўғри шаклланиши, орзу-интилишлари қарор топиши тўғрисида қайғуриш, бунда катта масъулият ҳиссини сезиш жамиятимиз олдида турган муҳим вазифадир. Ёшлар равнақи туфайлигина жамиятимиз кучига куч, қувватига қувват, бойлигига бойлик қўшилишини шунчаки англаш эмас, балки ҳаётий фаолиятимизнинг асосий тамойилига айлантириш вақти аллақачон келган. Жаҳон тажрибасига мурожаат қилсак, ривожланган мамлакатларнинг барчаси мана шу йўлдан борган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугун ёшларимиз тафаккурида она юртимиз кўзлаётган эзгу мақсадлар билан ҳамоҳанг дунёқарашни шакллантириш бош стратегик вазифа бўлиб турибди. Мафкуравий иммунитет ривожланаётган ҳар қандай жамият учун сув ва ҳаводек зарур сиёсий-ижтимоий омилдир. Мамлакат миқёсида бундай иммунитетнинг қай даражада мустаҳкам шаклланганига қараб, жамият нечоғлиқ кучли ёки кучсизлигини муайян даражада белгилаш мумкин. Жаҳон тажрибасига кўра, жамиятда мафкуравий иммунитетнинг қарор топиш жараёни аслида жамият ҳаётининг барча бўғинини қамраб олган ҳолдагина амалга ошади. Чунки унинг ўзига хос мураккабликлари мавжуд. Шунинг учун ҳам олимларимиз, мутахассисларимиз ушбу вазифани амалга оширишнинг илмий-назарий жиҳатлари хусусида бугун ҳар қачонгидан кўпроқ бош қотирса, амалий таклифлар берса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Энди миллий ғоямиз, мафкурамиз ҳақида фақат умумий фикрлар билдириш билан мақсадга эришолмаслигимиз барчага, айниқса, ёшларимизга аниқ бўлиб қолди. Бу ўринда ёшлар онгида миллий ғоя ва мафкурани қарор топтириш жараёни бир-бири билан узвий боғлиқ вазифалар тизимидан иборат эканига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Мазкур тизим, аввало, жамият аъзоларининг мавжуд сиёсий ва ҳуқуқий маданияти даражаси, ижтимоий-иқтисодий ҳолати, оммавий ахборот воситалари фаолияти, таълим-тарбия соҳасини қамраб олади. Бу борада, албатта, пухта ўйланмаган режаларни шошма-шошарлик билан амалга оширишга ҳаракат қилиш, гуруҳбозликка йўл қўйиш умумий ишимизга қанчалик катта зарар келтиришини доим ёдда тутиш даркор. Ҳар томонлама чуқур ўйланмасдан қўйилган биргина қадам ниҳоятда хунук оқибатларга олиб келиши мумкинлиги айни ҳақиқат Президентимиз йиғилишларнинг бирида “Бугун қанча ёшлар сохта алдовларга учиб, ўз умрини хазон қилаётганини ўйлаб, тўғриси, тунлари ухламасдан чиқаман. Ўзингиз айтинг, азиз биродарлар, бу аччиқ ҳақиқат юрагимизга ханжар бўлиб санчилиши керак эмасми? Ахир, кечагина шу ёшлар, ўзимизнинг қоракўзлар, биримизнинг маҳалладошимиз, биримизнинг ўғлимиз, биримизнинг қизимиз ёки жиянимиз эди-ку! Улар қачон адашди, қачон нотўғри йўлга кириб кетди? Биз нега ғафлатда қолдик? Қачон, қаерда хатога йўл қўйдик? Фарзандларимиз қачон бегоналарнинг қўлига ўтиб кетди? Нима жин урдию улар ўз ота-онаси, ўз юртининг душманига айланиб қолди? Бугун бу мудҳиш бало-қазонинг олдини олмасак, бор кучимизни шунга сафарбар этмасак, эртага кеч бўлади”, деб куйинчаклик билан гапирган эди. Ҳа, қанчалик аччиқ бўлмасин, бу сўзлар ҳақиқат. Замонавий шароит яратиб, катта маблағ сарфлаб 11-17 йил таълим-тарбия беряпмиз, лекин айрим ёшлар радикализм домига дучор бўлмоқда. Савол туғилади: таълим-тарбияда қандай хатога йўл қўйдик? Менимча, жавоби аниқ: таълим-тарбия самараси ёшларнинг ғоя, мафкура нималигини билиши ва ёдлаши билан бирга, унга ишончи билан белгиланиши керак. Ана шунда кўзланган натижага эришамиз. Миллий ғояни шакллантириш жараёнида ёшларга хос ўта қизиқувчанлик, ўзини намоён қилишга мойиллик, баъзан эса табиий равишда бўладиган максимализм кўринишларига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Миллий ғояни фарзандларимиз онгига сингдиришда мамлакатимиз олдига қўйилган буюк мақсад ва вазифалар ҳамда уларнинг моҳияти чуқур очиб берилиши билан бир қаторда, жараёнда ёшларнинг ҳам ўзига хос ўрни ва роли борлигига асосий эътибор қаратилмоғи зарур. Токи ёшлар ўзларини мамлакатимизда рўй бераётган улкан ўзгаришларнинг ажралмас бўлаги сифатида хис қилсин. Уларда жамият ҳаётидан бегоналашиш кайфиятининг вужудга келишига йўл қўймаслигимиз даркор. Олди олинмаган бундай ҳолат ривожланиб, аввалига экстремистик кайфиятга, аста-секинлик билан мафкурага айланиши ҳеч гап эмас. Бу мафкурани тўғри деб қабул қилган шахснинг дунёқарашини ўзгартиришга оила ва маҳалланинг кучи етмайди. Ха, ёшлар муаммоси билан шуғулланишга ҳаммамиз бирдек масъулмиз. Аммо бу ўринда бир жиҳатни эътироф этиш зарур: миллий ғоя ва миллий мафкурани ёшларга тарғиб ва ташвиқ қилишда қатнашувчи устозлар, мутахассисларнинг маънавий ҳолати ва даражасига ҳам катта эътибор қаратиш лозим. Жамиятимиз туб асосларига дахлдор, миллатимиз учун муҳим ҳисобланган миллий ғоя ва мафкура масаласига беэътибор қараб ёки уни дуч келган одамга ишониб бўлмайди. Билиб-билмасдан, баъзан эса нодонлик ва тажрибасизлик ёки билимсизлик оқибатида мафкуравий тарбия ишларида кичиккина хатоликка йўл қўйиш даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу билан жамиятимизда рўй бераётган ҳар бир воқеа-ҳодисани синчковлик билан кузатиб турган ғоявий душманларимиз тегирмонига сув қуйган бўламиз. Энди мафкурани ёшлар тафаккурига сингдириш масаласига лоқайд ёндашишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Аксинча, шу пайтгача йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, тарихий тажрибаларга суянишимиз керак. Ана шунда мафкуравий тарбия соҳасидаги барча ишларимиз самарали кечади. Жамиятимизда юксак маънавият ва маърифатни қарор топтириш механизмини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда кўзда тутилган асосий мақсадлар аниқ ва мутлақо тушунарли тарзда таърифланган бўлмоғи лозим. Маънавият ва маърифат масалалари ҳамда улардан кўзланган мақсадлардан келиб чиқсак, жамиятимиз олдида турган ниҳоятда улкан вазифалар кўз олдимизда намоён бўлади. Шунинг учун ҳам маънавият ва маърифат ишларини илмий-услубий жиҳатдан тўғри йўлга қўйиш устида тинмай бош қотириш бугун барчамизнинг олдимизда турган ўта масъулиятли вазифа эканини чуқур англаб етишимиз керак. Соҳадаги ҳар бир чора-тадбир ва бошқа ташкилий-тарғибот ишлари аниқ мақсадга йўналтирилиб, уларга сарфланадиган вақт ҳамда самараси олдиндан режалаштирилмоғи лозим. Катта харажат эвазига қандай натижа чиқиши олдиндан маълум бўлмаган, баъзан эса фақат кампаниябозлик нуқтаи назаридан ўтказиладиган маросим ва тадбирлардан бутунлай воз кечиш керак. Ёшларни ўзлигимиз ва қадриятларимизга ёт, зарарли ғоялардан, онгни эгаллашга қаратилган ғаразли интилишлардан асраш ҳар биримиздан масъулият, ҳушёрлик талаб қилади. Шиддат билан кечаётган глобаллашув жараёни “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган ғоянинг марказий майдонга чиқишига сабаб бўлмоқда. Масъулиятли раҳбар — барқарор тараққиёт гарови Мамлакатимизда кадрлар бошқарувидаги изчил ислоҳотлар раҳбарлар фаолиятини халқчил мезонлар асосида ташкил этишни тақозо этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир раҳбарга улкан масъулият юкламоқда. Ушбу жараён замонавий бошқарувга оид билим ва кўникмаларга эга бўлиш талабини қўйиш билан бирга, касбий компетенциянинг шаклланганганлик даражасини очиқламоқда. Айниқса, бу ўз хизмат вазифасига ҳалол, виждонан ёндашган ҳолда, масъулият билан ишга киришиш, қўл остидаги ходимларга шахсий намуна кўрсатишга боғлиқ. Бошқарувда соғлом ва ижодий фикрлаш, жамоада ижобий муҳит яратиш, фаолиятнинг ислоҳотларга мослигини таъминлаш раҳбарларни ҳар қандай шароитда ўзига хос замонавий ёндашувларни белгилашга ундайди. Зеро, ислоҳотлар жадаллашуви ҳар қандай раҳбардан ўз касбига масъулият билан қараш, юзага келган муаммолар сабабини ўрганиш, уни ўз вақтида бартараф қилиш, қўл остидаги ходимларга муносиб меҳнат шароити яратишни талаб этади. Бугунги замонавий раҳбар зиммасидаги вазифаларга юксак масъулият билан ёндашиш, ўзига талабчанлик орқали натижага эришади. Аввало, раҳбар масъулияти — бошқарув маданиятининг асосий белгиларидан бири бўлиб, муайян соҳага жавобгарлигини ифода этади. У алоҳида етакчи шахс сифатида, оддий ходимдан фарқли равишда кўлами, кенглиги муайян мақсадга қаратилгани билан ажралиб туради. Шу боис, ҳар бир даврда раҳбар масъулияти ҳамиша муҳим саналган. Масъулият, аввало, ҳар бир кишининг виждони, иймони билан бирга, жамоа, жамият, Ватан ва миллат олдидаги бурчини теран англашдир. Қолаверса, зиммасига юклатилган вазифага нисбатан жавобгарлик туйғуси ҳам. Сиёсий масъулиятсизлик эса сиёсий калтабинлик, сафсатабозлик, найрангбозлик, қаллоблик каби иллатларнинг ниш отишига сабаб бўлади. Бинобарин, раҳбарлик лавозимидаги кишидан юксак онг ва тафаккур, ҳушёр идрок талаб этилади. Тарихий тафаккур ва сиёсий онгнинг қай даражада шаклланиши, аввало, жамият тараққиёти, ички ва ташқи шарт-шароитларга боғлиқ ҳолда кечади. Ҳар бир раҳбар масъулиятни ҳис эта олсагина, ортидан жамоани эргаштира олади. Фаолият самарадорлиги ҳам раҳбарнинг салоҳияти ва бошқарувчанлигига боғлиқ. Француз ёзувчиси Ромен Роллан таъкидлаганидек, “Ҳар бир жасоратли, ҳар бир адолатли шахс Ватанга шон-шараф олиб келади”. Аксинча, бугунги замонавий ислоҳотлар шароитида айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, нокомпетентлиги, фаолиятида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда илмий-амалий ёндашувлар мавжуд эмаслиги, фаолияти самарадорлигининг пастлиги давр талаби ва мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига жавоб бермаслигини намоён қилиб қўймоқда. Шу боис, миллий кадрларни танлаш, тайёрлаш ва тайинлашда меритократияга асосланган, субъектив факторлар таъсиридан холи механизмни қўллаш асосида узлуксиз ва узвий тизимни шакллантириш мақсадга мувофиқ. Салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатларга тўхталсак. Биринчидан, раҳбарлар ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган маблағни аниқ, манзилли ва мақсадли йўналтиришни назоратга олиш орқали нотенг тақсимлаш, баъзи ҳолатларда ўзлаштириш, давлат ва жамиятга келтириладиган моддий-маънавий зарарнинг олдини олиши керак. Шунингдек, ўзи раҳбарлик қилаётган туман, шаҳар ёки вилоятни комплекс ривожлантириш бўйича ҳудуддаги ички имкониятлар ва ресурсларни топиб, улардан мамлакатдаги ислоҳотлар самарасини янада бойитиш ва изчил амалга ошириш йўлида мақсадли фойдаланмоғи лозим. Иккинчидан, муайян ҳудуднинг объектив ҳолатидан келиб чиқиб, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш барча бўғиндаги раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши зарур. Бунинг учун ҳар бир раҳбар фаолиятини виждонан бажариши, ўз устида тинимсиз ишлаши, Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак, ўзини қийнаши керак. Яъни халқ тинч бўлиши учун раҳбар “нотинч” бўлиши керак. Ислоҳотларга жавобан шижоатини кўрсатиши керак. Шундагина давлат ва жамият барқарор тараққиётини таъминлашга ҳисса қўшган бўлади. Учинчидан, халқнинг тинчлиги, бугуни ва эртасига ишончи ҳамда ҳаётидан рози бўлиши, аввало, ҳар бир бўғиндаги раҳбарларнинг муайян ҳудудлардаги ишлари натижадорлигига боғлиқ. Улар фаолиятининг самарадорлиги ҳар бир бўғин раҳбарининг доимий изланиши, муаммолар ечимини топиши ва оқибатларини кўра билишида намоён бўлиши керак. Ана шундагина раҳбар фаолиятида масъулият шаклланади. Чунки у мартабага лавозими, хоҳиш-истаги, субъектив мақсади, мансаби ёки ваколати билан эмас, балки одамийлиги, инсонларга меҳри, ғамхўрлиги, халқпарвар ва ватанпарварлиги, фуқароларнинг оғирини енгил қилиш билан эришади.