МАҚОМ МУОҚАБА

МАҚОМ МУОҚАБА

Fitrat.uz



(НАФСНИ КАМЧИЛИГИ УЧУН ЖАЗОЛАШ)


Инсон нафсини қанчалик тергамасин, барибир баъзи маъсиятлардан ва камчиликлардан четланиб қола олмайди. 

Шунга қарамай, у нафсни ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги лозим. Акс ҳолда, нафси ўрганиб қолади ва кўз юммай гуноҳ қилишга одатланади. Кейин унинг оқибати ҳалокатга олиб келиши мумкин. 

Шунинг учун банда нафсни камчилиги учун жазолаб туриш керак. Агар шубҳали бир луқмани иштаҳа билан еб қўйса, қорнини очлик билан жазоласин. Агар номаҳрамга назар солиб қўйса, назарини қарашдан ман қилиш ила жазоласин. Шу тарзда ўзининг ҳар бир аъзосини унинг шаҳватига қарши жазолайди.

Ҳар бир киши ўз фарзандлари, аҳли аёли, ишчилари ёки қарамоғидагиларни йўл қўйган хатолари, камчилик ва нуқсонлари учун жазолашни дарҳол йўлга қўяди. 

Агар вақтида жазоламаса, ўзбошимча бўлиб гапига кирмай қўйишидан қўрқади.

Бас, шундай экан, нима учун дунё ва охират бахтсизлигига олиб бориши мумкин бўлган нафсимизни жазоламаслигимиз керак? 


БЕШИНЧИ МАҚОМ

МУЖОҲАДА


Бу мақомда ўз нафсини тергаган одам унинг маъсият қилганини кўрса, юқорида айтиб ўтилган азоблар билан жазолайди. 

Агар дангасалик туфайли баъзи фазилатли ишларни ёки вирдларни озроқ қилган бўлса, нафсига баъзи вирдларни кўпайтириш ёки турли оғир вазифаларни юклаш билан одоб беради. Аллоҳнинг розлигини кўзлаган обидлар шундай қилар эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир марта аср намозини жамоат билан ўқий олмай қолганда нархи икки юз минг дирҳам бўлган ерини садақа қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу қай бир намозни жамоат билан ўқий олмай қолса, ўша кечаси ухламай намоз ўқиб чиқар эди. Бир куни шом намозини кечикиб, иккита юлдуз чиққанида ўқиди ва шу камчилик учун иккита қулни озод қилди.

Нафси доимий равишда вазифаларни бажаришга чидамайдиган одамлар бу нуқсонни йўқотиш учун катта мужтаҳидларнинг ҳикояларини ўргансин, улардан ўрнак олсин. Яна солиҳ кишидан муносибини топиб, шогирд тушсин ва ўша кишидан маслаҳат ҳамда ўрнак олсин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Агар уч нарса бўлмаганда бир кун ҳам яшашни истамасдим: кундузи Алллоҳ учун чанқаш, кечаси Аллоҳга сажда қилиш ва худди хурмонинг яхшиси танлаб олинганидек, сўзнинг яхшисини танлаб гапирадиган қавмларнинг суҳбати».

Робийъ ибн Хайсамнинг қизи: «Отажон! Нима учун одамларнинг ухлаганини кўраману, сизнинг ухлаганингизни кўрмайман», деганида, у: «Қизгинам! Отанг тунгги ҳужумдан қўрқади», деб жавоб берган экан. 

Обидлардан бири қуйидагиларни айтади: «Иброҳим ибн Адҳамнинг ҳузурига борсам, энди хуфтонни ўқиб бўлган экан. Мен уни кузатиб турдим. У ўзини бир ридога ўради. Кейин ёнбошлаб кечаси билан тонг отгунча бирор марта қимирлаб ҳам қўймади. Муаззин озон айтди. У таҳорат қилмади. Бу менда шубҳа туғдирди ва унга: «Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Кечаси билан ёнбошлаб ухлаб чиқдинг. Аммо таҳоратингни янгиламадинг», дедим.

«Кечаси билан аҳёнда жаннат боғларини кезиб, аҳёнда дўзах водийларда юриб чиқдим. Бундай ҳолатда уйқу бўладими?» деди у.


ОЛТИНЧИ МАҚОМ

МУОТАБА


Нафсни қўрқитиб туриш

Нафс ёмонликка чорлаб, гуноҳга интилиб туриши бор ҳақиқат. Шунинг учун уни доимий равишда бундан ишлардан қўрқитиб туриш керак бўлади. Гуноҳларнинг оқибати бу дунё ва охиратда жуда оғир оқибатларга олиб келиши ҳақиқат эканини нафига эслатиб, уни қўрқитиб турган банда муробатани ўрнига қўйган бўлади.


НАФС ПОКЛИГИ МОҲИЯТИ



Нафсни поклаш уни ширкдан ва ундан ажраб чиқадиган ифлосликлардан поклаш демакдир. Бу ишни ҳақиқатга чиқариш эса тавҳид ва унинг шўъбалари ила бўлади. 

Нафснинг ахлоқланиши Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва У зотга нисбатан комил бандалик ила бўлади. Энг асосий омиллардан бири ишларнинг барчасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишдир.

Бу масалани тўлиқроқ англаш учун қуйидаги ояти каримага тааммул ва тадаббур ила назари ташлайлик.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир», деган (21 - оят).

Бу ояти карима Оиша онамизга қарши уюштирилган «ифк» ҳодисасидан кейин ва мўминлар ичида фаҳш ишларни тарқатишдан, шайтоннинг изидан эргашишдан ман қилувчи оятлардан кейин ва: «Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?!» оятидан олдин нозил бўлган. 

Ушбу омиллар мажмуасидан қуйидагиларни мулоҳаза қилишимиз мумкин:

1. Нафсни поклаш йўлида Аллоҳ таолонинг фазли бўлмаса, енгиб бўлмайдиган тўсиқлар бор. Шунинг учун, аввало, қаттиқ ҳаракат қилиш ва энг муҳими, бу оғир ишда фақат Аллоҳ таолога суяниб, У зотдан ёрдам сўраб туриш лозим. 

Имом Муслим ва Насаийлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:


«Эй Аллоҳим! Нафсимга тақвосини бергин ва уни поклагин! Сени уни энг яхши покловчисан! Сен унинг валийси ва хожасисан!» деганлар.

2. Нафсни поклашда авф қилиш ва ёмонлик қилганларга кечиримли бўлиш ҳам муҳим ўрин тутади. 

1.  Шайтоннинг изидан эргашмаслик ҳам нафсни поклашдандир. Чунки у доимо фаҳш ва мункар ишларга чақиради. 

Демак, қалбни поклаш фаҳш ва мункар ишлардан четта бўлиш ва шайтонга эргашмаслик билан ҳам ҳосил бўлади. Шайтонга эргашишниннг биринчи қадамлари ҳасад ва кибрдан иборат. 

Шайтон Одамга берилган мартабага ҳасад қилиб, унга сажда қилишдан кибрга кетиб, ўз осийлигини бошлаган. 

4. Мўминлар ичида бузуқликлар тарқатишни хуш кўрмаслик ва қилмаслик ҳам қалбни поклаш йўлида хизмат қилади.

5. Тилни бировларнинг обрўсини тўкишдан тийиш. Одамларга озор берадиган ҳар қандай гап-сўзларда иштирок этмаслик.


Report Page