Люксембург ва Брюссель шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳамда “Euroclear”, “Clearstream” ташкилотлари ва Люксембург фонд биржаси ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди

Люксембург ва Брюссель шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳамда “Euroclear”, “Clearstream” ташкилотлари ва Люксембург фонд биржаси ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди

MoliyaPress

Жорий йилнинг 30-31 май кунлари Люксембург ва Брюссель шаҳарларида “Euroclear” ва “Clearstream” халқаро депозитарийларини Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорига жалб қилиш бўйича музокаралар ўтказилди.

Музокараларда Ўзбекистондаги жорий макроиқтисодий ҳолат (жумладан, жорий геосиёсий ҳолат таъсири), ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, молиявий бозорлар салоҳияти ва имкониятлари батафсил тушунтирилди.

Жумладан, молия, пул ва капитал бозорига оид амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахслар айрим турдаги даромад солиқларидан озод қилиниши, давлат қимматли қоғозлари билан савдоларни амалга оширишда инвесторларга яратилган қулайликлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Музокаралар давомида “Clearstream” ташкилоти томонидан Ўзбекистон давлат қимматли қоғозлар бозори билан интеграция учун қизиқиш билдирди.

“Clearstream” ташкилоти 2016-2021 йилларда Грузия, Арманистон, Қозоғистон, Украина, Саудия Арабистони ва Сербия мамлакатларининг молия бозорлари билан тегишли интеграцияни амалга оширган. Мазкур жараён ушбу мамлакатларда 1-5 йил муддат талаб қилган.

Интеграция натижасида ушбу мамлакатлар давлат қимматли қоғозлари бозорига хорижий инвесторлар жалб қилинган ва улар ёрдамида қимматли қоғозлар чиқариш ҳажми ва муддатларини оширишга муваффақ бўлинган.

Учрашув давомида “Clearstream” ташкилоти ўз тизимига янги бозорларни интеграция қилиш учун зарур бўлган ҳуқуқий ва операцион талабларни билдирди. 

Жумладан, интеграция жараёнининг биринчи босқичида қимматли қоғозлар билан ҳисоб-китобларни амалга оширувчи икки тарафлама корреспондентлик ҳисоб-варақ (Omnibus account) очган ҳолда давлат қимматли қоғозлар билан савдолардан бошлаш лозимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, “Clearstream” томонидан Ўзбекистонда облигациялардан тушган фоиз даромадлари ҳамда қимматли қоғозлар савдоларидан олинган даромадларнинг солиққа тортилмаслиги интеграция жараёнидаги ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишдаги аҳамияти юқори баҳоланди.

Шунингдек, “Clearstream” томонидан Ўзбекистон Республикасида фаолият юритмоқчи бўлган халқаро банк-кастодиан кўмагида интеграция ишларини бошлаш мазкур жараённи тезлатиши мумкинлиги билдирилди.

“Euroclear” ташкилоти билан жаҳон молия бозорига интеграциялашув жараёнларида ҳисоб-клиринг тизимидан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жумладан, “Euroclear” томонига мамлакатимиз иқтисодиёти, ижтимоий соҳа ривожи ва халқаро молия бозорига интеграциялашув жараёнлари батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, “Euroclear” ташкилоти томонидан икки томонлама фойдали ҳамкорлик масалалари долзарблиги ва молиявий интеграциялашув жараёни қатор халқаро талабларга мувофиқликни талаб қилиши ва моҳиятан халқаро стандартлар даражасига етиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Томонлар доимий алоқани сақлаб қолган ҳолда муҳокама қилинган масалалар ечимини таъминлаш мақсадида лойиҳа юритувчи масъулларни белгилаб, музокараларни давом эттиришга келишиб олишди.

“Роудшоу” учрашувлари доирасида Ўзбекистон делегацияси Люксембург фонд биржаси фаолияти билан яқиндан таништирилди. Хусусан, Люксембург фонд биржасининг яшил облигациялар бўйича халқаро миқёсидаги пешқадамлиги таҳлил қилиниб, янги молиявий инструментларни жорий қилиш технологиялари ҳақида маълумот берилди.

 

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати

Report Page