Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Республикасининг 635 млн. АҚШ доллари ва 2,5 трлн. сўм миқдоридаги халқаро облигациялари жойлаштирилди

Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Республикасининг 635 млн. АҚШ доллари ва 2,5 трлн. сўм миқдоридаги халқаро облигациялари жойлаштирилди

MoliyaPress

Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги халқаро облигациялари икки траншда – 635 млн. АҚШ доллари миқдорида 3,9% купон билан 10 йил муддатга ва 2,5 трлн. сўм миқдорида 14% купон билан 3 йил муддатга чиқарилди ҳамда Молия вазирлиги томонидан Лондон фонд биржасида жойлаштирилди.

Мазкур халқаро облигацияларидан тушган маблағлар Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) молиялаштириш ва Давлат бюджети дефицитини қоплаш учун йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида жорий йилда Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун 2,2 млрд. доллар миқдорида давлат қарзи жалб қилиниши кўзда тутилган.

Мазкур суверен халқаро облигацияларини чиқариш мақсадида жорий йилнинг 8-9 июль кунлари ташкил этилган “роуд-шоу” тадбирлари доирасида:

·       АҚШ, Буюк Британия, Германия, Люксембург, Швейцария, Дания, Сингапур ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларнинг 50 га яқин халқаро инвесторлари иштирокида аудиоконференция (Global Investor Call) бўлиб ўтди;

·       27 та йирик халқаро инвесторлар, шу жумладан, “Franklin Templeton”, “Payden and Rygel”, “Lazard”, “Wellington”, “Meag”, “BlackRock”, “Marathon”, “Fidelity” ва “Bluebay” вакиллари билан яккама-якка форматида учрашувлар ўтказилди.

Халқаро инвесторларнинг макроиқтисодий вазият, солиқ- бюджет сиёсати ва давлат қарзи динамикаси, пул-кредит сиёсати ва инфляцион таргетлаш режими, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва яшил иқтисодиёт бўйича режалар, институционал ислоҳотлар билан боғлиқ бир қатор саволларига жавоб берилди.

Жорий йилнинг 12 июль куни банк-андеррайтерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси халқаро облигацияларининг дастлабки фоиз ставкалари АҚШ долларида 10 йиллик муддат учун 4,25%-4,375% ва ўзбек сўмида 3 йиллик муддат учун 14,5% атрофида белгиланди ва Лондон вақти билан соат 08:30да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди.

Буюртмалар ҳажми 3 соат ичида доллар ва сўмдаги облигациялар учун, мос равишда, қарийб 1,0 млрд. доллар ва 2,0 трлн. сўмни ташкил этди.

Шаклланган буюртмалар ҳажми ва молиявий консультант-андеррайтерларнинг таҳлилларидан келиб чиқиб, Лондон вақти билан соат 13:00да доллар ва сўмдаги облигациялар учун фоиз ставкалари, мос равишда, 4,125% ва 14,25–14,5%га туширилди.

Савдо якунлари бўйича халқаро облигацияларнинг ҳажми ва фоиз ставкалари (купон) қуйидагича белгиланди:

3 йиллик ўзбек сўми транши: 2,5 трлн. сўм 14% купон билан (2020 йил ноябрда 3 йиллик сўмдаги облигациялар 14,5% ставка билан жойлаштирилган);

10 йиллик АҚШ доллари транши: 635 млн. доллар 3,9% ставкада (бенчмаркка нисбатан спред – 2,55%).

10 йиллик АҚШ Ғазначилик облигацияларининг фоиз ставкалари 2020 йил ноябрь ойидан ҳозирги кунга қадар 0,85%дан 1,35%гача кўтарилган. Мазкур давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг 10 йиллик халқаро облигацияларининг АҚШ Ғазначилик облигацияларига нисбатан спреди 2,85%дан 2,55%га тушган.

Халқаро облигациялар мамлакатлар ва ҳудудлар кесимида

Халқаро облигациялар инвесторлар кесимида

Қайд этиш лозимки, миллий валютадаги халқаро облигациялар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш  учун ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси БРМ облигациялари дастури доирасида чиқарилди.

БРМ облигациялари дастурини ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад жорий ва келгуси йилларда БРМ облигацияларини чиқариш учун замин яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар “Барқарор ривожланиш мақсадларига” эришишини таъминлаш билан биргаликда қарз маблағлардан фойдаланишда шаффофлик, ҳисобдорликни ошириш ҳамда тараққиётга таъсирини баҳолашдан иборатдир.

Мазкур дастур “Маблағларни тақсимлаш” ва “Лойиҳаларнинг Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига таъсири” бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва эълон қилишни ҳам кўзда тутади.

Жорий йилнинг 24 март санасида Молия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасида 2020 йил ноябрь ойида жойлаштирилган миллий валютадаги суверен халқаро облигациялари транзакциясидан тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни мониторинг қилиш, тараққиётга таъсирини баҳолаш ва БРМ облигациялари дастурини ишлаб чиқиш бўйича англашув меморандуми имзоланган. Мазкур англашув меморандуми доирасида БРМ облигациялари дастури ишлаб чиқилди. Ўзбекистоннинг БРМ облигациялар дастурига “Sustainalytics UK Limited” ташкилотининг мустақил хулосаси олинди.

Таъкидлаш жоизки, янги чиқарилган халқаро облигацияларнинг иккиламчи бозордаги савдоси бугун Лондон вақти билан 08:00 дан барқарор котировкалар билан бошланди.

Молия вазирлиги халқаро облигацияларнинг иккиламчи бозордаги савдоси котировкалари бўйича мунтазам ахборот беришни давом эттиради.


Молия вазирлиги

Ахборот хизмати


Report Page