#Лойиҳа_менганимаберди?
Yuksalish
Коронавирус пандемияси аҳолининг заиф қатламларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Жорий қилинган карантин чоралари, айниқса, даромади паст, боқувчисини йўқотган оилалар, қаровчисисиз ёлғиз қариялар, беморлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини янада заифлаштирди. Ана шундай муҳтож қатламларни моддий қўллаб-қувватлаш, пандемия оқибатларини юмшатиш мақсадида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати "Тараққиёт" маркази билан ҳамкорликда Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида шу кунгача 12 та чекка қишлоқлардаги 350 та эҳтиёжманд оилага Европа Иттифоқи томонидан ажратилган пул маблағлари тарқатилди.
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги “Торжилға” МФЙда яшовчи Нигора Маҳмонова ҳамда Гулбаҳор Хўжамиёрова ўтган йилнинг октябрь ойида ушбу моддий кўмакни олган эди. Улар маблағларни нимага сарфлади?
Икки нафар вояга етмаган фарзанди билан ёлғиз яшайдиган Нигора Маҳмонова икки бош қўй олиб, унинг фойдасидан уйини таъмирлашни режа қилган:

— Бизга берилган 3 млн 600 минг сўмдан сал кўпроқ пулни мақсадли сарфлаш учун бозордан икки бош қўй олиб қўйдик. Ортган қисмини қизимнинг дори-дармонига ишлатдик. Қўйлар эрта-индин кўпайса, қўшимча маблағ бўлади. Ҳозир яшаш жойимизда сув, ем-ҳашак етишмовчилиги муаммоси бор. Шундан чорваларни боқишда қийинчиликлар йўқ эмас. Кунлар исиса, бу қийинчиликлар енгиллашади, деб умид қиламан. Ўтган йили уйимизга сув тошиб, зиён етганди. Пандемия бўлиб, ортиқча даромад топиш, пул тўплашга имкон бўлмади. Энди шу қўйларни боқиб, кўпайтириб сотсак, эвазига уйни таъмирлаб олардик. Шундай шароитда бизга кўрсатилган бундай кўмакдан миннатдормиз.
“Торжилға”лик Гулбаҳор Хўжамиёрова эса берилган маблағга соғин сигир олди. Энди оилада сут-қатиқ доим бор:

— Озроқ йиғиб қўйган пулимиз бор эди, унга қўшиб, жами 5 млнга соғиладиган сигир олдик. Қорнида боласи бор эди, январда бузоқча туғилди. Уч нафар фарзандим бор, улар ҳали ёш. Уларга ҳар куни сут ичираман, сут оши пишириб бераман. Ортаганидан қатиқ, сузма тайёрлаяпман. Олдин сут-қатиқни маҳалладан излаб юрардик, бирда бор бўларди, бирда топилмасди. Энди қўни-қўшнилар мендан сўраб чиқишяпти. Сут ортиб қолганда сотяпман. Уйимизда шу пайтгача битта товуғимиз ҳам бўлмаган. Сигирни олишга-ку пулимиз етмасди, айниқса, пандемия пайтида қийинчиликлар бўлди. Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам мавсумий ишларда ишлаймиз. Бунақа ишларда, биласиз, доимий даромад бўлмайди. Энди аста-секин рўзғоримизни бут қилишга ҳаракат қиляпмиз.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини ошириш” лойиҳаси учун Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидан “Қоратепа” ва “Сарой” МФЙлари, Чироқчи туманидан “Тор жилға” ва “Эски Анҳор” МФЙлари танлаб олинган. Ушбу МФЙларда яшовчи боқувчисини йўқотган кўп болали аёллар, 1-гуруҳ ногиронлари, 65 ёшдан ошган ёлғиз кексалар, эҳтиёжанд оилалар рўйхати фуқароларнинг ўзлари иштирокида шакллантирилган. Сўнг эҳтиёжманд деб топилган 118 нафар фуқарога пул маблағлари (пластик картада 3 687 900 сўмдан) ажратилди. Шу тариқа Қарши туманидан 60 киши, Чироқчи туманидан 58 киши моддий ёрдам олди.
Қайд этиш керак, Европа Иттифоқи коронавирус пандемияси таъсирини юмшатишга қаратилган жаҳон, мамлакатлар ва ҳудудий миқёслардаги дастурларни ишга туширган. Хусусан, Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясининг Ўзбекистон фуқаролик жамиятига таъсирини камайтиришга оид дастур учун қарийб 37 млн евро ажратган. Дастур доирасидаги маҳаллий лойиҳаларда нафақат фуқаролик жамияти институтлари, балки аҳолининг заиф қатлами ҳам иштирок этиб, қарорлар қабул қилмоқда.
