Legal Tech ва Law Tech: бугун ва келажак
Жасур САЛОМОВ, Адлия вазирлиги масъул ходимиСир эмаски, бугунги кунда инсоният рақамли ва саноат инқилобининг мисли кўрилмаган даврини гувоҳи бўлмоқда. Ҳаёт тарзининг жадаллашуви, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг янги ва мураккаб турлари вужудга келгани сари, уларни тартибга соладиган тез мослашувчан ва инновацион ечимларга эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда.
Ўз навбатида, рақамлаштиришга асосланган глобал жараёнлар юриспруденцияни ҳам четлаб ўтмаяпти. Масалан, мутахассислар томонидан юридик хизмат кўрсатилишида ва инсонларнинг давлат хизматларидан фойдаланишида жараёнларни тезлаштирадиган ва ҳужжатлар айланмасини мақбуллаштирадиган сунъий интеллект маҳсулотлари дунё бозорини эгалламоқда. Агарда, соҳа олимларининг фикрига эътибор берадиган бўлсак, бу каби рақамли функционал платформалар қамрови эндигина кўпайишни бошлади ва яқин келажакда биргина юридик компаниялар 2024 йилга келиб 50 фоиздан ортиқ хизматларини айнан автоматлашган сервислар орқали қўрсатишади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу борадаги истиқболларни белгилаш ҳар қандай мамлакат учун ўта долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган масала бўлиб қолмоқда.
Ушбу соҳа ҳуқуқшунослар томонидан “Legal Tech” ва “Law Tech” концептуал ғоялари остида ривожланмоқда ва айни кунларда бу йўналишдаги илмий изланишлар давлат томонидан ўз функцияларини бажаришида ўзини ижобий натижасини кўрсатаётгани билан бирга, тўлақонли тизимлашган ва тижоратлашган соҳага айланмоқда. Ҳуқуқ соҳасининг мазкур йўналиши кўплаб назарий ва амалий таҳлиларни ўз ичига олган мунозараларга сабаб бўлмоқда, йирик тадбирларнинг кун тартибида турадиган мавзулар қаторидан жой олиб дунё тан олган номдор олимлар ва давлат арбобларини жамламоқда.
Жорий йилнинг 22-23 апрель кунлари ўтказилиши анъанага айланиб бораётган “Tashkent Law Spring” II халқаро юридик Форуми бошқа масалалар қатори, “Legal Tech” ва “Law Tech” ғоясининг ривожланиш тенденцияси ва истиқболларига бағишланган махсус сессиясини ўз ичига олди. Унда, Россия Федерацияси, Сингапур, Малайзия, Хитой, Жанубий Корея давлатлари вакиллари тақдимотлар билан чиқиш қилиб ўзларининг тажрибалари ва қарашлари билан бўлишишди.
Деярли барча мутахассислар инсоният бошидан кечираётган оғир пандемик ҳолат ҳуқуқ соҳаси эндиликда сунъий интеллектга бевосита боғлиқ бўлиб қолишини, юристларнинг ишлаш усуллари тубдан ўзгаришини эътироф этишди. Шу билан бирга, бу ҳолат инсонларнинг ҳуқуқий маданиятига сезиларли ижобий таъсирини ҳам кўрсатишини таъкидлаб янги авлод вакиллари “янги даврга кириб бораётганликларини” билдиришди.
Бундан кўриниб турибдики, юридик хизмат кўрсатиш ва фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш соҳасидаги анъанавий усуллар йўқ бўлиб кетмоқда ва биз янгича ёндашувлар ва амалиётлар жорий этилишига тайёр туришимиз лозимлигини англатади.
Форум қаташчиларидан бири, россиялик олим, “Dentons” юридик компаниясининг ходими Михаил Наумовнинг фикрича, ўтган асрнинг 70-80 йиллардаги юриспруденциянинг рақамлаштирилишига оид назарий қарашлар ўзгариб боряпти, яъни аввалари бу жараён фақатгина юристларнинг фаолиятини тизимлаштирадиган платформалар яратилиши ғояси остида ривожланиши тушунилган бўлса, бугунги кунда сунъий интеллектнинг рақамли иқтисодиёт, “ақлли шаҳарлар”, бизнес турларининг диверсификациясига олиб келаётганини ва бу жараёнларда нафақат давлатнинг ўзи, балки жисмоний шахсларнинг якка тартибда таъсир ўтказиш имконияти вужудга келаётганини таъкидлади. Унинг ишонишича, яқин келажакда ҳуқуқшунослар учун мазкур турдаги ноодатий ижтимоий муносабатларни Жиноий, Фуқаролик ва бошқа турдаги стандартлашган кодекслар қатори кодификациялаш масаласи долзарб бўлиб қолади. Бошқача айтганда, рақамли қонунчиликни тизимлаштириш, ихтисослаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш босқичини ўташ даври келади.
Ушбу ғояни “Ai Mo Innovation Consultants” компанияси бош ижрочи директори, Тошкент давлат юридик университетининг таклиф этилган профессори Амар Юнас ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг фикрига кўра, сунъий интеллектнинг шахсий маълумотлар билан ишлаш кўлами ошиши сари, киберхавфсизлик масаласи бирламчи бўлиб боради. Ечим сифатида у алоҳида Киберхавфсизлик кодексини (Cyber Security Code) ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни таклиф этмоқда.
Эксперт Марказий Осиё ҳақида фикр билдирар экан, минтақада электрон ҳукумат ва электрон тижорат ривожланаётгани, бугунги кунда аксарият давлатлар ахборот технологияларни ишлаб чиқаришга эмас, балки уларни сотиб олишга ҳаракат қилишаётганини, бу эса ўз навбатида киберхавфсизлик хавф-хатарларини туғдиришини қайд этмоқда.
Шу билан бирга, қуйидаги яна бир қатор муммоларга тўхталиб ўтди:
– ҳозирча рақамли технологияларни ривожлантириш учун интеллектуал инфратузилма ҳамда соҳага ихтисослашган ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимлар қатлами шаклланмаган;
– минтақада муҳокама қилинаётган рақамли технологияларга оид ғоялар маҳаллий шароитларга мослаштирилмасдан асосан хориждан “импорт” қилинишда давом этмоқда.
Шуларни эътиборга олган ҳолда А.Юнас Марказий Осиё республикалари Ахборот технологиялари соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқишни кечиктирмасликларини тавсия қилмоқда.
Малайзиялик ҳуқуқшунос-олима Гаитри Раман ҳам “рақамлаштириш – асосий омил” (“Digitalization is Key”) тезисини илгари сурмоқда.
Г.Раман Малайзия тажрибаси билан бўлишаркан, салкам юз йил давомида босма шаклда қўлланилган ҳуқуқий технологиялар самарасини мамлакат рақамлаштириш эвазига охирги 20 йилда такрорлади ва эндиликда янги босқичга ўтилганглигини, яъни амалиётда сунъий интеллект кенг қўлланилаётганлигини айтиб ўтди. Бунга қандай эришилди? Аввало, сунъий интеллектга асосланган “LexisNexis” портали яратилди ва ҳозирда ушбу портал ҳуқуқий технологияларни қўллашда ва уларни сотишда йирик платформага айланган – 81 миллион ҳужжатни жамлаган ва ҳажми
3 петабайтдан кўпроқ (3 млн гигабайт) бўлган онлайн-база шакллантирилган, ташкилот дунёнинг 130 мамлакатига ўз маҳсулотларини сотади ва улар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Г.Раман Ўзбекистон ҳуқуқ соҳасида имкон қадар тезроқ инновацион технологияларни жорий этиши лозимлигини ва бу учун барча салоҳият борлигини қайд этди ва ўз навбатида Малайзия тажрибасини мисол қилиб олишни тавсия қилди.
Сингапур юридик жамияти президенти Грегори Виджайендаран “Legal Tech” ҳақида фикр юритаркан, унинг истиқболларини қуйидагича белгилади:
– “Legal Tech” экотизими тараққий этиб бориши билан ушбу технологияларни тан олиш ва уни ҳар томонлама жорий қилишни қўллаб-қувватлаш тенденциялари кучаяди;
– сунъий интеллект, буюмлар интернети ва булутли ҳисоблаш технологияларининг ривожланиши юридик фирмалар ўртасидаги рақобат усулларини ўзгартиради;
– яқин келажакда маълумотлар базалари ва киберхавфсизлик юридик фирмалар олдидаги энг муҳим муаммога айланади, зеро уларнинг фаолиятида асосий омиллардан бири конфиденциалликни сақлаб қолишдир;
– истиқболда юристлар эгаллаши лозим бўладиган кўникмалар кўлами ортиб боради, шу жумладан техник билимларни эгаллаш зарурати пайдо бўлади;
– ҳуқуқшунослик касбида мухандислар, маълумотларга ишлов берувчи мутахассисларнинг ўрни ортади;
– янги кириб келадиган касблар сирасига “Ҳуқуқий масалалар бўйича техник” мутахассислигини кўрсатиш лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб Г.Виджайендран “Legal Tech”ни жорий этмоқчи бўлган ривожланаётган давлатларга ҳозирданоқ киберхавфсизлик соҳасидаги қонунчиликни ривожлантиришни, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашда дастурлаш, катта ҳажмли маълумотлр базалари билан ишлаш кўникмаларини шакллантиришга урғу бериш лозимлигини тавсия қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ҳукумат даражасидаги қўллаб-қувватлов остида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар эвазига Ўзбекистонда “Legal Tech” ва “Law Tech” ғояларини, улардан яратиладиган маҳсулотларни юридик соҳага жорий этиш жараёнлари жадаллашиб бормоқда. Хорижий тажриба ва миллий манфаатлар уйғунлигида бу ишлар изчил давом этади ва яқин келажакда ушбу соҳада “ўзбек тажрибаси” шаклланади деган умиддамиз.
Жасур САЛОМОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими