"Лайлатул қадр минг ойдан яхшироқдир"

"Лайлатул қадр минг ойдан яхшироқдир"

@burhaan_uz / @at_taqva

• Қадр кечаси қачон?

• Қадр кечасининг аломатлари.

• Қадр кечасининг фазилати.

• Қадр кечаси деб номланиш сабаби.

• Қадр кечасидаги мустаҳаб амаллар.


• Қадр кечаси қачон?

Қадр кечасининг вақти.

Уламолар қадр кечасининг вақтини белгилаш хусусида қирқдан ошиқ фикрлар билдиришган. Мазкур фикрлар ичидаги энг тўғри ва асосли фикрга кўра, қадр кечаси рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларида яширинган бўлиб, ҳар йили ўзгариб туриши мумкин. Қадр кечаси охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида эканига Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: "Қадр кечасини рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излангиз" (Бухорий (2017), Муслим (1167) ривояти).

Энди қадр кечасининг кўчиб юриши масаласига келсак, дарҳақиқат, бу кеча рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларига тўғри келиши тўғрисида ҳадислар келган. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумладан шундай дейдилар: "Менга бу кеча (яъни қадр кечаси)нинг вақти тушимда кўрсатилди, сўнг унуттирилдим. Шундай экан, уни охирги ўн кунликдан — ҳар бир тоқ кечалардан изланглар. Дарҳақиқат, тушимда (бу кечанинг тонгида) сув ва лойда сажда қилаётганимни кўрдим". Абу Саид Худрий айтади: "Ўша кечаси шаррос ёмғир ёғди. Йигирма биринчи кечада масжид томидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозгоҳига чакка ўтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз кўзларим билан кўрдим, бомдодни ўқиб қайтар эканлар, у зотга қарадим, юзлари лой ва сувга беланган эди" (Бухорий (2018, 2027), Муслим (1167), Абу Довуд (1382), Насоий (3/79) ривояти).

Ушбу ҳадисда қадр кечаси йигирма биринчи кечага тўғри келгани айтилмоқда. Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда келишича, "бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан "Ё Расулуллоҳ, бу муборак кечани қачон топсак бўлади?", деб сўрайди.Шунда у зот: "Шу кеча — йигирма учинчи кечада топасизлар", деб жавоб берадилар" (Саҳиҳ ҳадис: Ибн Хузайма (2185), Муслим (1165) ривояти. Муслим ривояти юқорида Абу Саид розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга ўхшаб кетади, фақат унда "йигирма биринчи кеча" ўрнига "йигирма учинчи кеча" дейилган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қадр кечасининг йигирма еттинчи кеча экани хусусида собит ривоят қилинган. Шунингдек, бу Убай ибн Каъбдан марфуъ — Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилган ҳолда ҳам ривоят қилинган (Ҳасан ҳадис: Ибн Хузайма (2187), Аҳмад (10/286, "Ал-фатҳ ар-раббоний") ривояти).

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Қадр кечасини охирги кечада топасизлар" (Саҳиҳ ҳадис: Ибн Хузайма (2189) ривояти).

 

• Қадр кечасининг аломатлари.

Қадр кечасининг аломатларини баён қилган талай ҳадислар келган. Биз қуйида улардан саҳиҳ бўлганларинигина келтириб ўтамиз:

1. Қадр кечаси иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган мўътадил ва порлоқ кечадир. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Менга тушимда қадр кечаси қайси кеча экани айтилган эди, сўнг унуттирилдим. Қадр кечаси охирги ўн кечаларда яширинган. У иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган порлоқ ва ёқимли кечадир" (Саҳиҳ ҳадис: Ибн Хузайма (2190, 2192, 2193), Ибн Ҳиббон (3688) ва Аҳмад (5/324) ривояти).

2. Қадр кечаси тонгида қуёш шуъласиз, қизариб чиқади. Зир ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади: "Биз айтдик: "Эй Абул Мунзир (яъни Убай ибн Каъб), қадр кечаси нимаси билан ажралиб туради?" У деди: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган белги ёки аломат билан ажралиб туради: ўша куни қуёш чиқаётган пайтда (кўзни қамаштирадиган) шуъласи бўлмайди" (Муслим (762), Абу Довуд (1378), Термизий (793) ривояти).


• Қадр кечасининг фазилати.

Қадр кечасининг талай фазилатлари бор. Жумладан:

1. Қуръони карим қадр кечасида нозил бўлди. Аллоҳ таоло айтади: "Албатта, Биз Қуръонни қадр кечасида нозил қилдик" [Қадр: 1].

2. У минг ойдан яхшироқдир. Аллоҳ таоло айтади: "Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир" [Қадр: 3]. Уламолар бу кечанинг минг ойдан яхшироқлигидан нима назарда тутилганлиги хусусида ихтилоф қилишган. Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ айтади:"Бу борадаги Қуръоннинг зоҳирига муносиб бўлган энг тўғри фикр "Қадр кечасида қилинган амал бу кечадан бошқа пайтда қилинган минг ойлик амалдан яхшироқдир" деган кишининг фикридир" ("Тафсири Табарий" (30/167)). Мазкур фикрни Ибн Касир ўзининг "Тафсир" китобида тўғри деб ҳисоблайди.

3. Бу кечада малоикалар ва Жаброил алайҳиссалом ерга тушишади. Аллоҳ таоло айтади: "У кечада фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳиссалом) Раббиларининг изни ила (йил давомида қилинадиган) барча ишларни (осмондан заминга) олиб тушадилар" [Қадр: 4].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Қадр кечаси йигирма еттинчи ёки йигирма тўққизинчи кечадир. Бу кечада (осмондан) ерга тушган фаришталар сони тошларнинг сонидан ҳам кўпроқдир" (санади ҳасан. Ибн Хузайма (2194), Таёлисий (2545) ривояти).

4. Бу кеча тинчлик ва омонлик кечасидир. Аллоҳ таоло айтади: "У кеча то тонг отгунича тинчлик ва омонликдир" [Қадр: 5]. Уламолар ушбу оят тафсири хусусида ихтилоф қилганлар. Баъзи фикрларда айтилишича, бу кеча ҳар қандай ёмонликлардан холи бўлиб, унда фақат тинчлик ва омонлик бўлади. Бошқа бир фикрда айтилишича, бу кечада фаришталар мўминларга салом айтади, омонлик тилайди. Учинчи бир фикрга кўра, бу кечада шайтон ёмонлик қилишга қодир бўлмайди. Оят тафсирида бундан бошқа яна талай фикрлар ҳам айтилган.

5. Қадр кечаси муборак кечадир. Аллоҳ таоло айтади: "Албатта, Биз Қуръонни муборак кечада нозил қилдик" [Духон: 3]. Ибн Аббос ушбу оят тафсирида айтади: "Яъни қадр кечасида нозил қилдик".

6. Бу кечада бир йиллик ишлар белгиланади. Аллоҳ таоло айтади: "У кечада (то кейинги йил шу пайтгача юз берадиган) барча ҳикматли, пухта ва мустаҳкам ишлар (фаришталарга) батафсил баён қилинади" [Духон: 4].

7. Бу кечада иймон ва ихлос билан тоат-ибодат қилганнинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: "Кимда ким қадр кечасини (унинг ҳақ эканига) иймон билан ва холис Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда тоат-ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади" (Бухорий (2014), Муслим (760), Абу Довуд (1372), Термизий (683), Насоий (4/156, 8/117) ривоят қилишган).


• Қадр кечаси деб номланиш сабаби.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: "Бу кечага ном қилиб берилган қадр сўзидан нима мақсад қилингани хусусида уламолар ихтилоф қилишган.

Баъзиларнинг айтишича, бу сўздан худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидагидек, "таъзим — улуғлаш" маъноси назарда тутилган. Аллоҳ таоло айтади: "Улар Аллоҳни ҳақиқий қадрига етмадилар (яъни У зотни Ўзига муносиб тарзда улуғламадилар" [Зумар: 67]. Бинобарин, бу кечада Қуръон нозил бўлгани, фаришталар ер юзига тушгани, барака, раҳмат ва мағфират ёғилгани ёки бу кечани тоат-ибодат билан ўтказган киши улуғ кишига айлангани учун бу кеча қадр кечаси, яъни улуғ кеча бўлди.

Бошқа бир фикрга кўра, қадр сўзидан "торайиш" маъноси кўзда тутилган. Зеро, "қадр" сўзи қуйидаги оятда ана шу маънода қўлланилган: "Кимнинг ризқи торайтирилган (яъни камбағал) бўлса…" [Талоқ: 7]. Қадр кечасининг "торайиш кечаси" деб номланишига сабаб унинг қатъий равишда қайси кеча экани махфий тутилгани ёки бу кечада осмондан тушган фаришталарга замин торлик қилганидир.

Учинчи бир фикрга кўра, бу ўринда қадр сўзидан "белгилаш, ўлчаш" маънолари назарда тутилган. Зеро, бу кечада бир йиллик ишлар белгиланади. Аллоҳ таоло айтади: "У кечада (то кейинги йил шу пайтгача юз берадиган) барча ҳикматли, пухта ва мустаҳкам ишлар (фаришталарга) батафсил баён қилинади" [Духон: 4]" ("Фатҳул Борий" (4/355)).


• Қадр кечасидаги мустаҳаб амаллар.

Қадр кечасида тоат-ибодатга қаттиқ киришиш мустаҳабдир (мустаҳаб - савоби ҳосил бўладиган маъқул амал).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан охирги ўн кунликда тоат-ибодатга қаттиқ тиришганлари тўғрисида ҳадислар ривоят қилинган. Бу кечада жумладан қуйидаги амалларни қилиш мустаҳаб саналади:

1. Эътикофда ўтириш.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам то вафот этгунларига қадар рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар" (Бухорий (2025), Муслим (1172), Абу Довуд (2462), Термизий (79) ривояти).

2. Қадр кечасида иймон ва ихлос билан ибодат қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: "Кимда ким қадр кечасини (унинг ҳақ эканига) иймон билан ва холис Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда тоат-ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади" (Бухорий (2014), Муслим (760), Абу Довуд (1372), Термизий (683), Насоий (4/156, 8/117) ривоят қилишган).

3. Дуо қилиш.

Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: "Айтингчи, қадр кечасига тўғри келиб қолсам, нима деб дуо қилай?" Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ё Аллоҳ, албатта Сен афв қилишни яхши кўрадиган афв қилувчи зотсан. Шундай экан, мени афв қил", дегин" (Саҳиҳ: Термизий (3513), Ибн Можа (3850), Аҳмад (6/171), Ҳоким (1/712) ривояти.Ҳадисни саҳиҳ деганлар: Термизий («Сунани»да), Ҳоким (Бухорий ва Муслим шартига мос) ва Албоний («Саҳиҳул жо-меъ», 4423)), дедилар".

4. Оиласини намозга уйғотиш.

Бу ҳақдаги ҳадисни юқорида ҳам келтирган эдик.Ҳадисда айтилишича, "Охирги ўн кунлик кирса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодатга қаттиқ тиришар ва аёлларига яқинлик қилишдан четланар, тунни ибодат билан ўтказиб, аёлларини (ҳам ибодат қилишлари учун) уйғотар эдилар» (Бухорий (2025), Муслим (1174) ривояти). Тунни ибодат билан ўтказиш деганда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикр айтиш ва ундан бошқа турли-туман ибодатлар назарда тутилади.


• Қадр кечасини излаш ва охирги ўн кунликда тоат-ибодатга қаттиқроқ киришиш мустаҳаблиги.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Қадр кечасини рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излангиз" (Бухорий (2017), Муслим (1167) ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазоннинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодатга янада қаттиқроқ киришар эдилар. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: "Охирги ўн кунлик кирса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодатга қаттиқ тиришар ва аёлларига яқинлик қилишдан четланар, тунни ибодат билан ўтказиб, аёлларини (ҳам ибодат қилишлари учун) уйғотар эдилар" (Бухорий (2025), Муслим (1174) ривояти).

Шуни билиш лозимки, қадр кечасини ўтказиб юборган киши кўп яхшиликдан бебаҳра қолади. Анас розияллоҳу анҳу айтади: "Рамазон ойи кирди.Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Сизларга мана бу ой келди. Унда минг ойдан яхшироқ бир кеча бор. Кимда ким бу кечадан маҳрум бўлса, аниқ барча яхшиликдан маҳрум бўлибди. Унинг яхшиликларидан фақат маҳрум кишигина бебаҳра қолади" (Ҳасан ҳадис: Ибн Можа (1644) ривояти. Ушбу ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи Насоий «Кубро»да (2416) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бор. Ҳадисни Албоний «Тарғиб ва тарҳиб»да (1/818) ҳасан деган).


Манбалар асосида тайёрланди.

Report Page