«-ЛАР» ҚЎШИМЧАСИ ҲАҚИДА

«-ЛАР» ҚЎШИМЧАСИ ҲАҚИДА


«-лар» қўшимчаси тўғриси­даги фикрни қувватлаганлардан миннатдорман. Шу муносабат билан қуйидагиларни қайд этиш мақсадга мувофиқ. «-лар» икки функция бажаради. 

Биринчи функция – кўпликни ифодалаш. Албатта, «вилоятлардан хуш­ха­бар­лар», “одамларнинг нақшидир“ (Навоий), «китобларни тахлаб қўй» деймиз. Агар саналувчи олдида -та, нафар ва бошқа моҳиятан кўпликни билдирувчи восита келса, «-лар» қўшилмайди, чунки «серёғ думба» каби ортиқчалик юзага келади. Мисол учун, «юз киши» дейиш тўғри, аммо «юз кишилар» дейиш нотўғри. Қиёсланг: «икки киши» – «икки кишилар» ёки «бир жуфт кишилар». «Бешта китоблар» дейиш шева эмас (шева қадимий бўлади), яқинда рус ва инг­лиз тилларидан кўчирма қилиш натижасида пайдо бўлган, холос: 5 мен, 2 боокс, 10 книг, 20 штук яиц. Бу анъана давом этгудай бўлса, «мен шимлар кийдим», «кўзойнак­ларимни тақдим» дейиш бошланиб қолиши ҳеч гап эмас. 

Иккинчи функция: ҳурматни ифодалаш. Мисол учун, «Отам уйдалар, чой ичяптилар» – бу жоиз, аммо «Отамлар уйдалар» – шак­лан ҳам, маънан ҳам хато, «чойлар ичяптилар» дейиш эса кулгили. Ҳурмат маъносида «-лар» гапнинг эгаси ҳурматга лойиқ шахс (яъни инсон) бўлганда гапнинг кесимигагина қўйилса жоиз: «Устоз китобидаги мақолани ўқишни тавсия қилдилар». Худди шу фикрни «устоз китобларидаги мақолаларни ўқишни тавсия қилдилар» дейиш нотўғри, чунки тингловчи бир неча китобнинг ҳар биридан бир нечтадан мақолани тавсия қилган экан, деб тушунади. Айни пайтда «-лар»ни қўшса ҳурмат бўлади, акс ҳолда ҳурматсизлик бўлади, дейиш ҳам мутлақо нотўғри. Айниқса расмий нутқда (жумладан, «ойнайи жаҳон»да гапирганда) «-лар» қўшимчасини қўллайвериш дуруст эмас, уни суиистеъмол қилиш эса ҳурмат эмас, аксинча, тилёғламаликни билдиради. 

Шевада «-лар» ҳурматни эмас, аксинча, ҳурматсизликни билдириши мумкинлигини ҳам унутмаслик ке­рак: «Ёзларинг!» – шевага хос, кенг тар­қал­ган, кўпчиликни менсимаслик ифодаси. Ҳали-ҳозир ўзбек адабий тили грамматикасига киритилмади. «Киритмоқ­чимисанлар? Ўл(ма)ла­ринг!». Тўғри шакл: «Ёзинг!» «Ё­зинг­лар!» деса адабий тилга мувофиқ бўлади. Ўсмир ўзининг ўртоқларига танаффусда «Ёзмайсанларми?» де­йиши жоиз, аммо синфда бундай дейиши одобсизлик. Ўқитувчи томонидан айтилса хато, чунки ўқитувчи зиёли, ўқувчи­­ларига намуна бўлиши ке­рак. (Валлоҳу аълам бис-савоб.)


 Абдулла АЪЗАМ

«Жадид» газетаси 2024 йил 10 май 20-сон

Report Page