ЛАПАРОСКОПИЯ

ЛАПАРОСКОПИЯ

@ginekologim

  Замонавий жарроҳлик амалиёти бўлиб терини кесмадан, фақат кичик (0,5-1,5 см) тешик очиб, шу тешиклар орқали лапароскоп - оптик асбоб ёрдамида жарроҳ ички аъзолар устида амалиёт олиб боради. Лапороскопия маъно жиҳатдан ҳам қорин бўшлиғи тос соҳаси аъзоларни кўрикдан ўтказиш деган маънони англатади. Амалиётда лапароскопия кўпроқ гинкеологияда қўллланилади. Лапароскопия ёрдамида ёриш орқали қилинадиган жуда кўп жарроҳлик амалиётларини қилиш мумкин. Кисталарни олиб ташлаш, бачадон ичидаги чандиқларни йўқотиш, бачадон найлари ўтказувчанлигини тиклаш, бачадонни сақлаган ҳолда миома тугунларини олиб ташлаш ва ҳ.к.

Жарроҳлик амалиётини бажариш учун қорин соҳасида 3 та 5 ва 10 мм диаметрлик тешик очилади. Бу туйнукларни очиш мушакларга жароҳат етказмайди. Шунинг учун бемор унча қаттиқ оғриқ сезмайди ва бир ҳафтадан кейин нормал ҳаёт тарзига қайтиши мумкин. Тешик троакар деб номланувчи махсус найча ёрдамида очилади. Каттароқ бўшлиқ ҳосил қилиш учун (асбоб билан ишлашга) шу найча орқали бир миқдор газ киритилади. Тешик орқали видеокамерали ва ёритгичли найча, яъни лапароскоп асбоби киритилади. Камера ташқарида жойлашган кузатув мониторига уланган. Қолган икки тешикдан киргизилган троакар орқали жарроҳ амалиёт учун зарур махсус бошқариладиган ускуналарни киритади. Жарроҳлик амалиёти умумий оғриқсизлантириш остида бажарилади.


Гинекологияда лапароскопиянинг афзалликлари сифатида жароҳатланишнинг камлиги, беморнинг стационарда (касалхонада) камроқ муддат қолиши, нормал ҳаёт тарзига тезроқ тикланиши, баданда ёриб қилинадиган амалиётдаги каби чандиқларнинг бўлмаслигини айтиш мумкин. Шу билан бирга видеокамера орқали мониторда зарарланган жойни катталаштириб (40 мартагача) ва турли бурчак остида батафсил кўриш имкони борлиги янада аниқ ва ортиқча жароҳатсиз амалиёт бажарилишини таъминлайди. Яралар тикланишида оғриқлар ҳис қилинмайди.

Қачон лапароскопия ўтказиш мумкин эмас?

Қорин бўшлиғидаги перитонит ва ичак ўтказувчанлигининг бузилиши сабаби билан ўтказилган жарроҳлик амалиёти натижасида юзага келган катта ҳажмдаги чандиқлар, юрак етишмовчилиги каби ҳолатларда тавсия этилмайди.

Асоратлари камдан-кам кузатилади. Қорин бўшлиғи деворларининг жароҳатланиши, аъзоларда шилиниш ва инфекция кириши каби асоратлар бўлиши мумкин.   

Лапароскопия ҳайз кунларида ва ҳайз кунидан 1-3 кун олдин бажарилмайди. Шу билан бирга ўткир яллиғланиш касалликлари мавжуд бўлган пайтда ҳам қилинмайди. Энг маъқул вақт, бепшутлик ҳолатларида овуляция кунидан кейинги кунлар ҳисобланади (яъни ҳайз циклининг 15-25 кунлари), айрим ҳолатларда ҳайз кунидан кейинги кунлар.

Лапароскопияга тайёргарлик кўришни жарроҳ тушунтиради ва тегишли таҳлиллар топширилади. Амалиёт ўтказиладиган кун овқат ва суюқлик истеъмол қилинмайди.

 


Лапароскопия қуйидаги касалликларни даволашда қўлланилади:

- келиб чиқиши номаълум бепуштлик;

- бачадон найлари ёпилиб қолиши;

- бачадондан ташқари ҳомиладорлик;

- аппендецит;

- тухумдон кисталари;

- бачадон миомаси;

- эндометриоз;

- дисменорея;

- кичик ўлчамдаги чандиқлар.


Лапароскопиянинг камчиликларидан бири жарроҳ тўғридан-тўғри қўли билан эмас, махсус манипуляцион ускуна орқали амалиётни бажаргани ва бу ҳолат ундан шу ускуна ҳаракатларига мослашув малакаси ва катта маҳорат талаб қилишидир.  


Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади


Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page