Кўҳна Арк қўрғонида “Археологик парк” яратилди
Buxoro.uzҚадимдан савдо, санъат ва илм-фан бешикларидан бири бўлган кўҳна кент — Бухоронинг эски шаҳар кўчалари бўйлаб юраркансиз, ўрта асрларнинг сирли руҳини ҳис қилиш мумкин. Унинг савдо гумбазлари, Лаби-Ҳовуз ва Пойи Калон каби улуғвор меъморий ансамбллари, қадим Арк қалъаси каби муаззам маданий мерос иншоотлари, шунингдек, маҳаллий халқнинг миллий ўзлиги, тарихи, ранг-баранг маданияти, гастрономик салоҳияти, анъаналари сайёҳларни мафтун этиб келмоқда.
Қадим ва боқий Бухорои Шариф обидаларини унинг бош меъморий дурдонаси – Арк қўрғонисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бухоро ҳисори, яъни шаҳарнинг қадимги қисми дея ном олган “Арк” қўрғонининг қурилиш даври милоддан аввалги IV асрга бориб тақалади. Туркий халқлар давлатчилиги асосчиси Алп Эр Тўнга ёки Афросиёб номи билан боғланган, унинг куёви Сиёвуш томонидан барпо этилгани айтилган Арк қўрғони Бухоронинг уч минг йилдан зиёд тарихини ўз бағрида яширган десак муболаға эмас.
Афсуски, шаҳар ичидаги шаҳарча мақомини олган бу қасрнинг жозибаси узоқ йиллар давомида тўлиқ намоён бўлмади. Сабаби 1920 Бухорони ишғол этиш пайтида қадимий қўрғоннинг учдан икки қисми буткул вайрон қилинган, шу боисдан мазкур ҳудуд сайёҳлар назаридан “иҳоталанган” эди. Давлатимиз раҳбарининг миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш ва уларни туризмни жадал ривожлантириш йўлида қайта тиклашга қаратилган ислоҳотлари натижасида Бухоро Аркида ҳам кенг кўламли реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди. Жумладан, айни кунда қарийб 4 гектар майдонни эгаллаган Арк қўрғонининг вайронага айланган қисмида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун янги туристик маскан – “Археологик парк” ташкил этилгани қўрғоннинг бор “бўйи-басти” дан баҳраманд бўлиш ва унинг туризм сайлгоҳи сифатида қайта тиклаш имконини беради. Аниқроғи, мазкур “Археологик парк” да шаҳар меҳмонлари қалъанинг бизгача сақланиб қолган асосини кўриб, қазишма ишлари билан танишиб, кўҳна Бухоро манзараларини кузатишлари мумкин. Истакларига кўра, сайёҳлар археологик қазишма ишларида ҳам бевосита иштирок этадилар.
Бугун, 22 сентябрь куни воҳамизда ички ва ташқи сайёҳлик тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган “Археологик парк” нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда хориждан ташриф буюрган сайёҳлар, жамоатчилик ва маҳаллий аҳоли вакиллари, туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаси мутахассислари, археолог олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шахриёров кириш сўзи билан очди. Таъкидланганидек, ушбу тарихий макон қайта тикланган сайёҳлик майдони сифатида хорижий туристлар ва маҳаллий аҳоли учун янги эксклюзив туристик объект бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, қадим шаҳар меҳмонлари, сайёҳлар учун берк бўлган мазкур гўша нақ 103 йилдан сўнг ниҳоят, барчага ўз бағрини очадиган бўлди. Аҳамиятли жиҳати, ЮНEСКО томонидан қўллаб-қувватланиб, Франциядаги машҳур Лувр музейи олимлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида қадимий ғишт бўлаклари ва тошлардан йўлаклар, айвонли шийпон барпо этилиб, сайёҳлар учун бир қатор қўшимча қулайликлар яратилмоқда. Реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари жараёнида Арк қўрғони орқа томонининг чамаси 120 метрли девор қисми пишган ғишт билан қоплангани ҳам унинг тарихий аҳамиятини йўқотмаган.
Тантанада бевосита лойиҳа иштирокчиси, республикада таниқли архитекторлардан бири саналган Елизавета Некрасова, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов, мазкур университет профессори, тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраев, маданий мерос соҳаси мутахассиси – ИКОМОС аъзоси Туйғун Бобоевлар сўзга чиқиб, “Археологик парк” нинг очилиши билан барчани қутлаб, уни ташкил этилишининг муҳим аҳамияти ва бу ишларда ҳамкорлик кўрсатаётган илмий ходимлар, тарихчилар, масъул мутасаддилар ва мутахассислар ҳамда ишчи жамоага миннатдорлик билдирдилар.
Шундан сўнг маданият ва санъат вакиллари, вилоят мусиқали драма театри актёрлари жамоаси томонидан тайёрланган Арк қалъасида тарихий воқеликка оид театрлашган саҳна кўринишлари, Ўзбекистон давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлимлари санъаткорларининг чиқишлари тадбирда йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Алвон лента қирқилгач, тантанада ҳозир бўлганлар “Археологик парк” ҳудудида сайр қилишди. Ҳудудда қисман сақланиб қолинган Абдулғозий мақбараси, Хонақоҳ ва ҳаммом, ҳудуддан топилган осори атиқалар музейи ва бошқа иншоотлар бу қадимий паркка келадиганларда катта таассурот қолдириши тайин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
Тоҳиржон Истатов (фото)