Кўришамизми, “шохлашамиз”ми?

Кўришамизми, “шохлашамиз”ми?

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Бугун миллий урф-одатларни келажак авлодга юксак даражада етказиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу интилишларнинг барчаси халқимиз тинчлиги, миллий хавфсизликнинг таъминланиши, фаровон ва бахтли турмуш кечириши учун хизмат қилади, албатта.

Шундай экан, миллий қадриятларимиздан бири бўлган саломлашиш масаласи бугунги кун тартибига тўғри қўйилиши ва жамиятга тўғри татбиқ этилишига қаратилган. Гўёки, арзимагандек туюлса-да, лекин ҳамма ишларимиз, айнан, саломлашишдан бошланишини унутмаслигимиз керак. Ана шу оддийгина салом-алик ҳам айни кунда миллий қадриятларимиз, менталитетимиз доирасидан анчайин четга чиқиб кетаётганини тан олиш лозим.

Илк кўз-кўзга тушганда, инсонлар бир-бирининг кайфиятига ё ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши бор гап. Бирор узрли сабабсиз бошқа инсоннинг кайфиятини бузиш – ҳам унинг демократик ҳуқуқини бузиш, ҳам гуноҳга элтувчи ҳолат эмасми!? Ўйлаб кўринг-а, агар инсонлар бир-бирига дуч келганида табассум улашса, очиқ чеҳра билан мурожаат қилса, рисоладагидек саломлашса бу каби дилни хира қиладиган ҳолатлар юзага келмайди. Бир кўришда оддий ҳаракат туюлса-да, лекин бунга табассум қўшилса, инсон кайфиятига қанчалар ижобий таъсир кўрсатади.

Халқимиз орасида чиройли саломлашиш кўникмасини қайтадан юксак маданият даражасига кўтариш, бир-бирига табассум ила муносабатда бўлишдек юксак фазилатни ёшлар онгига сингдириш кенг қамровли тарғибот ишларини талаб қилади. Биз чиройли саломлашиш, хушмуомала бўлиш маданиятини тарғиб қилишни олий таълим муассасалари ёки корхона ташкилотлардан эмас, балки оиладан, мактабгача таълим муассасаларидан бошлаймиз. Лекин ёшларимиз улғайгани сайин янгича саломлашиш услублари кўпайиб бормоқда. Нафақат ёшлар, балки катталар ҳам эринчоқликданми ёки қизиқишдан, бир-бири билан бош уриштириб кўришмоқда. Айрим ривож¬ланган давлатларда мактабгача таълим муассасаларига болалар келганида илк машғулот табассум қилишни ўргатишдан бошланар экан.

Урф-одат, қадриятлар миллатнинг, халқнинг кўзгуси ҳисобланади. Қайси мамлакатга борманг, аввало, у ердаги халқларнинг урф-одатига қизиқиш билдиришингиз табиий. Сабаби, ўша халқларнинг ғурури, ифтихори ҳисоб¬ланган анъана ва одоб-ахлоқи уларни халқ сифатида шакллантирган қадриятларидан иборат. Ҳар қандай давлат бирор қонун қабул қилмасин ёки қайсидир халқаро ҳужжатларга қўшилмасин, авваламбор, миллий қадриятлари, урф-одатларига қай даражада мос келишини инобатга олади. Тўғри келмаса, бундай қонун ва ҳужжатларни рад этади.

Ҳозирги пайтда ёшларимиз орасида саломлашиш масаласида қандай одатлар шаклланмоқда ва оммалашиб кетмоқда, миллий қадриятларимиздаги саломлашиш этикети қай даражада, деган савол устига савол туғилади. Айниқса, бугунги кунда урф бўлаётган бош уриштириб саломлашиш ёки елкаларни бир-бирига текказиб қўйиш каби одатлар бизга хосми? Бу каби одатлар қаердан кириб келмоқда? Кимлардан ўрнак оляпмиз? Бунинг замирида нималар ётибди? Гўёки, кейинги пайтда ўз одоб-ахлоқидан, қадриятларидан “уялаётган” кишиларга ўхшаб қолаётгандекмиз, назаримда. Ахир, ота-боболаримиздан асрлар мобайнида шакл¬ланиб келган ва қадрият даражасига айланган қўлимизни кўксимизга қў¬йиб саломлашиш одоби нега бугун турли хил кўринишдаги саломлашишларга ўрнини бўшатиб бермоқда?

Балки қўлини кўксига қўйиб саломлашишдек чиройли одатимизни халқимиз орасида тезда оммалаштириб бўлмас, лекин бу масала бўйича бош қотириш вақти келмадими? Бизга қўл бериб кўришиш нима беради-ю, қўлни кўксига қўйиб кўришиш нима беради? Она тилимизга мурожаат қилсак, “қўл бериб кўришиш” ҳолатларини ифодаловчи жумлаларга кўп дуч келамиз: “қўлини силкиб кўришди”, “қўл ташлашди”, “қўлини узатгиси келмади”, “қўл учида кўришди”, “қўлини чўзгиси ҳам келмади”, “қўлини чўзди-ю, лекин кўзи бошқа жойга қаради” ва ҳоказо. Қўл бериб саломлашиш ҳақида гап кетганда, гигиена масаласини ҳам инобатга олиш лозим. Қўл бериб сўрашаётган кишилардан бири нозик дидли, ўз гигиенаси ҳақида қайғурувчи инсон бўлиши, иккинчиси эса бунинг акси бўлиши мумкин. Бу жиҳатдан олиб қараганда, бизнинг қадриятларимиз хорижий меҳмонлар, сайёҳларга ҳам ёқиши табиий. Негаки, жуда кўп давлатларда қўл бериб кўришишни хуш кўришмайди.

Бошини бир-бирига уриштириб кўришиш эса бизнинг на миллатимизга, на маданиятимизга хос. Бундай кўришиш дўстликнинг ҳам, ҳамдардликнинг ҳам белгиси эмас. Охирги ўн-ўн беш йилда жуда урфга айланган “омма¬вий маданият”нинг бир кўриниши, холос. Аслида, унинг нималигини билмай туриб, одатга айлантириб олдик. Хўш, энди болаларимизни бу йўлдан қандай қайтарамиз. Миллатимизни қандай сақлаб қоламиз? Бундай саволлар жуда кўп, бироқ ечими биргина одамга эмас барчамизга боғлиқ. Бу борада Юртбошимиз томонидан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, мактаб ва лицейларда “Тарбия” фанининг ўқитилиши назарда тутилгани ҳам бежиз эмас.

Халқимизнинг қўлини кўксига қўйиб саломлашишдаги табассумли юз ифодаси юқори даражадаги одоб-ахлоқни ифодалаш билан бирга, суҳбатдош билан суҳбатга киришиш аввалида унда илк ижобий таассуротни уйғотиши, суҳбатнинг самимий ва кўтаринки руҳда бошланишига хизмат қилади.

Аччиқ бўлса-да, бугуннинг ҳақиқати шуни кўрсатмоқдаки, айрим ёшларнинг қадриятларимиз, миллий ахлоқ меъёрларимиздан узоқлашиши натижасида турли нопок йўлларга кириб кетиши кузатилмоқда. Анъаналаримизни оммалаштириш, бир жиҳатдан, уларнинг олдини олишга хизмат қилса, иккинчи томондан, илму маърифатли, маданияти юксак халқ сифатида дунёга танилишимизга хизмат қилади.

Яқинда, миллий спортимиз курашнинг дунёда донғи кетишига ҳисса қўшган, замонавий кураш асосчиси Комил Юсупов ва бир гуруҳ спорт мутахассислари билан шу масалада суҳбатлашиб қолдик. Чиндан, миллий спортимиз курашнинг бошқаларидан ажралиб туришининг асосий сабабларидан бири курашимиз қоидаларига спортчилар ўзбекона қадриятимизга хос тарзда қўлларини кўксига қўйиб саломлашиш киритилган. Япон, Корейс, Хитой ва бошқа халқларнинг спорт турларида ҳам ўз қадриятлари, саломлашиш одоби акс этганини инобатга олсак, кураш қадриятларимизнинг катта тарғиботчиси экани ойдинлашади. Бу дегани, миллий қадриятларимизнинг бир қисми бўлган кураш дўстлик ғояларига йўғрилгани ғолиб¬ликка фақат ҳалол йул билан эришилиши, миллий қадриятлар орқали миллатимизнинг бағрикенглик ва мардонаворлигини кўрсатади.

Улуғ мақсадлар кичик қадамлардан бош¬ланади. Шу маънода, саломлашиш одоби, қадриятларимизнинг кенг тарғиботи, дунёга ўз сўзимиз ва юзимиз бўлган анъаналаримиз билан пешвоз чиқиш сўзсиз ирмоқларнинг тошқин дарёларга айланганидек акс-садо беради. Ёшларга қўлларини кўксига қўйиб “Ассалому алайкум!” жумласини чиройли айтишни ва унга тўлиқ алик олишни ўргатишимиз лозим.

Камол УСМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти кафедраси бошлиғи,

фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори,доцент

Манба: "Жамият" газетаси

Ҳуқуқ олами каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g




Report Page