Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби белгиланди

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби белгиланди

https://t.me/aoka_uz

АОКАда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Атамуратов иштирокида ўтказилган брифингда кадастр хизматларини кўрсатишдаги янгиликлар ҳақида маълумот берилди:

1.              Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йил 22 августда қабул қилинган 409-сон қарор билан Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур қарор билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби белгиланди.

Унда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

малака ошириш ҳар 3 йилда камида 1 марта амалга оширилади;

малака ошириш курслари кўпи билан 72 соатни ташкил этади;

малака ошириш курслари якуни бўйича тест синови ўтказилади;

тест синовидан ўтган (56 фоиздан ортиқ балл олган)ларга сертификат берилади;

ҳар 3 йилда бир марта аттестациядан ўтказилади;

аттестация суҳбат шаклида ўтказилади;

аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома берилади;

аттестациядан ўтмаганлар 6 ойдан кечикмай такрорий аттестациядан ўтказилади;

мутахассислиги бўйича 2 йилдан кам ишлаганлар аттестациядан ўтказилмайди.

2.              Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 августдаги 411-сон қарори билан Кадастр муҳандиси институтини республика миқёсида босқичма-босқич жорий этиш тартиби белгиланмоқда

Унга кўра:

кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти уй-жой фондига оид кўчмас мулк объектларига нисбатан 2023 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида, 2024 йил 1 июлдан республика миқёсида жорий этиш;

кадастр муҳандиси фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлган мутахассислик йўналишларини кенгайтириш;

кадастр муҳандислари томонидан шаҳодатнома олиш учун ариза топширишдан малака имтиҳонигача бўлган вақтни қисқартириш;

малака имтиҳони топшириш вақтини узайтириш.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 августдаги 424-сон қарори билан Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибга солинмоқда.

Унга кўра:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ва ягона ҳужжатга бирлаштириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлиги фактини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомили;

кўчмас мулкни бўлиш, бирлаштириш ва уларнинг янги чегараларини белгилаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомили ҳамда ушбу хизматларни кўрсатганлик учун ундириладиган тўловлар миқдори;

давлат рўйхатидан ўтказилиб, бу ҳақда гувоҳнома берилган кўчмас мулкларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва ундан кўчирма бериш, шу жумладан, мазкур хизматларни бепул амалга ошириш бегиланди.

Шунингдек, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлигини муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори ўз актуаллигини йўқотган деб ҳамда юқорида келтириб ўтилган маъмурий регламентлар ишлаб чиқилганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сон қарорининг 2, 3, 4 ва 5а-иловалари ўз кучини йўқотган деб эътироф этилмоқда.

4.                   Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 августдаги 426-сон қарори билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби белгиланди.

Унга кўра:

а) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги низолар юзасидан аризалар ва шикоятлар билан мурожаат қилишади;

б) мурожаатлар Комиссия ва Апелляция комиссияси томонидан ўн иш кунида кўриб чиқилади;

в) Комиссия ва Апелляция комиссиясининг мажлисларида комиссия ва Апелляция комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади;

г) Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилувчи шахс ёхуд давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган шахс Комиссия ва Апелляция комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас;

д) мурожаатлар, шунингдек, Комиссия ва Апелляция комиссияларининг баённомалари электрон реестрда юритилади;

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда низоларни судгача ҳал қилиш реестри ташкил этилади.

е) Судларда кўриб чиқилган ёки кўриб чиқилаётган низолар Комиссия томонидан такроран кўриб чиқилмайди.

 

Report Page