Куз-қиш мавсумини талафотларсиз ўтказиш: фуқаролар ва масъулларнинг мажбуриятлари нималардан иборат?

Куз-қиш мавсумини талафотларсиз ўтказиш: фуқаролар ва масъулларнинг мажбуриятлари нималардан иборат?

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда ФВВ давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Ўлмас Музаффаров ушбу саволга жавоб берди:

Ҳаммамизга маълум, қиш фасли иситиш муаммоси билан боғлиқ фожиаларнинг

тез-тез бўлиб туриши сабабли йилнинг энг ташвишли мавсуми ҳисобланади. Шу даврда табиий газ ёки муқобил ёқилғи маҳсулотлардан фойдаланиш ҳажмининг кескин ошганлиги сабабли уй-жой фондида, тунда инсонлар қоладиган жойларда эҳтиёт чораларига амал қилмаслик ҳолатлари кўп учрайди. Оқибатда, инсонларнинг ис газидан заҳарланиши, кишиларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига таҳдид солувчи ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ёки ёнғин билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бериши кўпаяди.

Ўтган йиллардаги олдини олиш тадбирларига қарамасдан, кўпчилик ҳамюртларимизда хавфсизлик маданиятининг шаклланмаганлиги, оддий хавфсизлик чораларига оид билимларга эга эмасликлари боис, ёнғинларнинг содир бўлиши, ис газидан заҳарланиш ва ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши каби фожиали ҳодисалар рўй бергани ҳеч кимга сир эмас.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти фуқаролар томонидан табиий газ ёки кўмирдан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ёки мувофиқлик сертификати бўлмаган иситиш мосламаларидан фойдаланиш, печларни уйнинг ётоқ хоналарига олиб кириш, дудбуронларини нотўғри ўрнатиш, хонадаги ҳавони алмаштирмаслик каби сабабларга кўра юзага келмоқда.

Шу боис, олдимизда турган қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида бугунги кунда жойларда дахлдор вазирлик ва идораларнинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилган.

Улар томонидан республикадаги кўп квартирали уйлардан 71 фоизи комплекс ўрганиб чиқилиб, улардаги 25 минг 242 та чордоқ ва 22 минг 69 та ертўлалар кўздан кечирилган ва талаб даражасига келтирилган.

Якка тартибдаги уй-жойларнинг 41 фоизи, дала ҳовлиларнинг 33 фоизи текширувдан ўтказилган.

Иссиқлик таъминоти корхоналарининг 93 фоизида профилактик ўрганишлар ўтказилиб, улардаги 150 дан зиёд гидрантларни талаб даражасига келтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Мактабгача таълим вазирлигига қарашли муассасаларнинг 84 фоизи, Халқ таълими вазирлигига қарашли объектлардан 74 фоизи, олий таълим муассасаларининг 10 фоизи ва даволаш муассасаларидан 86 фоизи текширувдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Азиз ҳамюртлар ва юртимиз меҳмонлари,

қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида Сизлардан қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратишингизни сўраб қоламиз:

1. Қўлбола ёки мувофиқлик сертификати бўлмаган газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик ёки мувофиқларини назоратсиз қолдирмаслик.

2. Хонадонларни иситиш учун, кийим қуритиш учун ошхонадаги таом тайёрлашга мўлжалланган газ плиталардан фойдаланмаслик.

3. Хонадонлардаги газ жиҳозлари, айниқса, иситиш печлари ва уларнинг дудбуронлари ҳамда шамоллатиш каналлари мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилганидан ва сифатли техник хизматлар кўрсатилганидан сўнггина улардан фойдаланиш.

 4. Катта қувватга эга бир-нечта электр жиҳозларини битта электр тармоғига уламаслик.

5. Хонадонларда кондиционерлар ишлаб чиқарувчининг техник шартлари асосида ўз мутахассислари томонидан ўрнатилиши.

6. Кондиционернинг қувватини ҳисобга олган ҳолда электр симлар ва умумий электр қутисидаги ҳимоя автоматларини ҳисоб-китоблар орқали тўғри танланиши.

7. Ортиқча юкланиш ва электр симларининг қизиб ёнишининг олдини олиш мақсадида, кондиционер электр узайтиргич ("удлинитель") орқали уланмасдан, алоҳида кабель орқали умумий электр қутисидан тўғридан-тўғри уланиши.

8. Кондиционер электр симлари ташқи ҳимоя қобиқларининг бутлиги, бир бирига пайвандлаш, оппрессовка ёки махсус зажимлар орқали уланиши ва ҳимоя автоматларига мустаҳкам маҳкамланиши.

9. Кондиционер махсус ишланган, ерлантирилган ва соз ҳолдаги электр розеткадан қувватланиши. 

10. Вақти-вақти билан деразаларни очиб, хонадаги ҳавони алмаштириб туриш.

11. Вақти-вақти билан, айниқса тонгга яқин иситиш тизимининг табиий газдаги қозонлари ўтхонасида аланганинг ўчиб қолмаганлигининг текшириб турилиши.

12. Хонада табиий газ хиди сезилганда, электр ёритиш чироқларини ёқмасдан, хонани дарҳол шамоллатиш чораларини кўриш ва зудлик билан "104" телефон рақамига қўнғироқ қилиб, газ идорасининг авария хизматига хабар бериш.

Юқорида қайд этилган талаблар билан бирга ҳар бир маиший техниканинг созлиги, унинг хизмат кўрсатиш муддати ва узоқ вақт давомида назоратсиз қолдирилмаслиги муҳим аҳамиятга эга.

Ёдда тутинг, иситиш мосламаларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш орқали, Сиз ўзингизни, яқинларингизни ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулкингизни фожиадан асраб қолган бўласиз.

Report Page